Мамлакатимизда иқтисодиётни ривожлантиришнинг инновацион моделига босқичма-босқич ўтилмоқда. Ишга инновацион ёндашиш ва янги маҳсулот турларини ишлаб чиқариш учун шарт-шароитлар яратилмоқда. Новаторлар қандай қўллаб-қувватланади ва уларга қандай имтиёзлар тақдим этилади? Бу ҳақда шарҳимизда батафсил баён қилинган.
Таъкидлаб ўтамиз, инновация деганда илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ва технологик ишларнинг пировард натижаси тушунилади. Бу жараённинг асосий мақсади жамият эҳтиёжларини қондириш ва бошқа самараларга эришиш ҳисобланади.
Нимани татбиқ этамиз?
Мана ўн бир йилдирки, мамлакатимизда Республика инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркаси ўтказиб келинади. Ҳар йили олимларимизнинг қарийб 500 та янги ишланмалари кўргазмага қўйилади. Бироқ, ўнлаб ишланмаларгина амалиётга татбиқ этилган. Инновацион ривожланиш вазирлигининг маълумотларига кўра, кўпгина лойиҳалар ҳанузгача истиқболда жорий қилиниши мумкин бўлган лойиҳалар бўлиб қолмоқда.
Мамлакатимизда илмий фаолият билан шуғулланувчи 400 дан ортиқ ташкилот мавжуд. Президентнинг 12.02.2018 йилдаги «Илмий-тадқиқот муассасаларининг инфратузилмасини янада мустаҳкамлаш ва инновация фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3365-сон қарорига мувофиқ ташкилотларни замонавий илмий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш ва сарфловчи материаллар билан таъминлаш имконини берувчи дастур ишга туширилган. Бу янги рақобатдош ишланмаларни яратишга ёрдам беради.
Инновацияларни жорий қилиш учун дастлабки майдон
Тадбиркорларга инновация ишланмаларини жорий қилишлари учун қулай шароитлар яратиш мақсадида Президентнинг 05.06.2017 йилдаги «Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида инновация технопаркини ташкил қилиш тўғрисида»ги ПФ-5068-сон Фармони қабул қилинди.
Резидентларга инновация ишлаб чиқаришини ва «стартаплар» ташкил қилиш учун технопарк ҳудудидан ер майдонлари доимий фойдаланишга берилади.
Тижорат банкларига «Яшнобод» технопаркида амалга оширилаётган инновация лойиҳаларига 2 йиллик имтиёзли давр билан 7 йил муддатгача, белгиланган қайта молиялаштириш ставкасидан 50 фоиздан ошмайдиган ставка бўйича имтиёзли кредитлар бериш тавсия этилди.
Гаров сифатида харид қилинаётган (ташкил этилаётган) ускуна, шунингдек технопарк маъмурияти кафолати қабул қилинишига рухсат этилади.
«Яшнобод» технопарки маъмурияти ва резидентлари амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида бутун фаолият кўрсатиш даврида қуйидагилардан озод этилади:
- ер солиғи, фойда солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, ягона солиқ тўлови, шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармасига ва Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари умумтаълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини ривожлантириш жамғармасига мажбурий тўловлардан;
- ўрнатилган тартибда тасдиқланадиган рўйхатга мувофиқ, лойиҳани амалга ошириш доирасида ўз эҳтиёжи учун четдан олиб келинадиган, Республикада ишлаб чиқарилмайдиган асбоб-ускуна, хом ашё, материаллар, реактивлар, бутловчи буюмлар ҳамда қурилиш материаллари учун божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари).
Барча масалалар Вазирлик томонидан ҳал этилади
«Яшнобод» технопаркининг ярим йиллик фаолияти давомида 8 та корхона унинг резидентига айланди. Бундан инновация инфратузилмасини янада ривожлантириш зарурати кўриниб турибди. Бу масалаларни ҳал этиш учун Президентнинг 2017 йил 29 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазирлигини ташкил этиш тўғрисида»ги ПФ-5264-сон Фармони қабул қилинди. Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди. Барча илмий ташкилотлар имкониятлари, иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжлари ва турли соҳаларда дунё миқёсида эришилган энг яхши ютуқлар янги тузилмалар эътибор марказида турибди. Ушбу омиллар барча жабҳаларда самарали ишлаши учун шарт-шароитлар яратиш бўйича ишлар олиб бориляпти.
22.01.2018 йилдаги ПФ-5308-сон «2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида»ги Фармон қабул қилинди. Унда инновацияларни жорий қилиш учун янада қулай шарт-шароитларни яратишга йўналтириладиган янги чора-тадбирлар мажмуини амалга ошириш назарда тутилган.
Инновацион фаоллик қонун ҳужжатлари билан қўллаб-қувватланади
Инновацияларни жорий қилиш учун ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш мақсадида «Фан тўғрисида» ва «Инновацион фаолият тўғрисида»ги қонунларни қабул қилиш назарда тутилмоқда
«Инновацион фаолият тўғрисида»ги қонун лойиҳаси умумий муҳокамага қўйилган.
Ҳуқуқий ҳужжат истиқболли илмий ишланмаларни синаш, жорий қилиш, саноатда ўзлаштиришнинг самарали механизмини яратишга қаратилган. Унда инновация лойиҳаларини ишлаб чиқаётган ва аввало юқори технологияли саноат тармоқларига жорий қилаётган корхоналарга қўшимча рағбатлар ва имтиёзлар тақдим этиш назарда тутилмоқда.
Бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан, шу жумладан махсус инновацион ва венчур фондлар орқали молиялаштиришни амалга ошириш назарда тутилмоқда.
Инновацион фаолиятнинг юқори таваккалчилик даражасини, инновация маҳсулотини яратиш, ундан фойдаланиш, тижоратлаштириш ва бозор муҳитида сотишдаги ноаниқликлар ва салбий натижаларга эришиш, молиявий ва бошқа йўқотишлар эҳтимолини ҳисобга олган ҳолда, инновацион фаолият соҳасида суғурта шартномалари асосида суғурталаш имконияти назарда тутилмоқда.
Имтиёзлар ва янги фондлардан самара кутилмоқда
Венчур фондлар қимматли қоғозларга ёки таваккалчилик даражаси юқори ёхуд нисбатан юқори бўлган корхоналарга улуш сифатида катта фойда олиш мақсадида инвестиция киритади. Одатда, лойиҳаларнинг 70–80%и фойда келтирмайди, бироқ уларнинг 20–30%идан келган фойда барча зарарларни қоплай олади. Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда бундай фондларни ташкил қилиш учун ҳуқуқий асослар яратилмоқда.
«Инновацион фаолият тўғрисида»ги қонун лойиҳасида фондларнинг фаолият юритишига доир асосий тамойиллар назарда тутилган. Жисмоний ва юридик шахслар бундай фондларни ташкил қилишлари мумкинлиги қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, венчур фондларга имтиёзлар тақдим этилган. Улар 5 йил муддатга ягона ижтимоий тўловдан ташқари, барча турдаги солиқларни тўлашдан озод қилинади.
Бундан ташқари, венчур фондлардан биргаликда молиялаштириладиган юқори технологияли лойиҳалар-стартаплар, шунингдек илмий-тадқиқот муассасалари, инновацион марказлар, лойиҳа-конструкторлик бюролари ўзларининг янги технологияларини сотишдан олинган даромадлар ва трансфер қилувчи ташкилотлар бу фаолиятдан олган даромадлари бўйича солиқларни тўлашдан озод қилинади.
Корхоналарни инновациялар жорий қилишга тайёрлашмоқда
Вазирлар Маҳкамасининг 12.01.2018 йилдаги «Илмий-инновацион ишланма ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишнинг самарали механизмларини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 24-сон қарорининг қабул қилиниши инновацияларни жорий қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш йўлида яна бир қадам бўлди.
Қарорга мувофиқ хўжалик бошқаруви органлари ва йирик давлат корхоналарида штат жадвалларига илм-фан ва инновациялар бўйича раҳбар ўринбосари лавозими киритилди. Шунингдек инновацияларга буюртмалар портфелини шакллантириш ва яратилган технологияларнинг тажриба-саноат синовини ўтказиш ишларини мувофиқлаштириш, маҳсулотнинг тажриба партияларини ишлаб чиқариш ва сериялаб ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни ташкил қилишга масъул бўлимлар тузилмоқда.
Йирик давлат корхоналарида мос йўналишдаги илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг малакали етук мутахассислари ва илмий ходимларини жалб этган ҳолда янги техника ва технологияларни ишлаб чиқишга ихтисослашган муаммовий тармоқ лабораторияларини ташкил этиш муҳим қадам бўлади.
Хўжалик бошқаруви органлари ва йирик давлат корхоналарига юридик шахс ташкил этмаган ҳолда Инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш жамғармасини ташкил қилиш вазифаси топширилди. Жамғармалар мазкур субъектлар соф фойдасининг 10%и миқдоридаги ажратмалар ҳисобидан шакллантирилади. Жамғарма маблағлари аниқ мақсадларга, шу жумладан мос йўналишдаги илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларини молиявий қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.
Олег Гаевой.