Мамлакатимиздаги энг йирик саноат марказларидан бири «Оҳангарон яшил шаҳар» лойиҳасини рўёбга чиқаришга тайёргарлик кўрмоқда. Гап уй-жой секторида янги юқори самарадор экологик тоза технологияларни жорий этиш ҳақида бормоқда.
Оҳангаронда аҳоли турмушини, хусусан, уй-жой коммунал хизмат кўрсатишни яхшилаш бўйича лойиҳаларни рўёбга чиқариш бошланди. Талай лойиҳалар билан Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва Энергия тежаш миллий компанияси шуғулланмоқда. Коммунал хизматлар сифатини яхшилаш, ресурс тежовчи экологик тоза технологияларни жорий этиш энг муҳим йўналишлардан бири бўлди.
«Оҳангарон яшил шаҳар» лойиҳаси Хитойнинг «JONTIAGroup» компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилаётир.
Шаҳар ҳокимлиги лойиҳа ташаббускори бўлди. Унинг олдида иситиш тизимини тезкор тарзда модернизация қилиш масаласи турибди. Бугунги кунда мавжуд тизим эскирганлиги боис аҳоли газдан фойдаланиб, хонадонлари ва уйларини газ плиталари ва бошқа иситиш асбоблари ёрдамида иситмоқда. Бунда ярим асрдан зиёд вақт олдин қурилган мавжуд марказлаштирилган иситиш қозонларини модернизация қилиш самарасиз деб топилди.
«JONTIAGroup» экспертлари мавжуд муаммоларни шаҳарда иссиқлик ва электр энергияси ишлаб чиқарадиган бешта юқори самарадор станциялар қуриш йўли билан самарали ҳал этишни таклиф қилишди. Уларни ишга тушириш газ истеъмолини 3-4 баравар қисқартириш имконини беради. Бунинг устига, аҳоли пункти томонидан ишлатиладиган электр энергиясининг 80%и унинг атрофида ишлаб чиқарилади, бу эса ташқи манбаларга боғлиқликни жиддий камайтиради. Шуниси муҳимки, масаланинг ечими атмосферага углекислотали газ чиқарилишини бир неча баравар қисқартиради ва шу тариқа шаҳарда экологик ҳолатни яхшилайди. Атроф муҳитнинг сақланишига кўмак берадиган бу технологиялар «яшил» технологиялар сирасига киради.
Ҳозирги кунда хитойлик мутахассислар лойиҳанинг техник асосини тайёрлашмоқда.
Лойиҳани икки босқичда рўёбга чиқариш режалаштирилмоқда. Дастлабки иккита қурилмани 2018 йилда, яна учтасини 2019 йилда қуриш белгиланмоқда. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра лойиҳа 87,45 млн доллар миқдорида баҳоланмоқда.
Лойиҳа муваффақиятли рўёбга чиқарилган тақдирда Оҳангарон бошқа шаҳарларда ҳам замонавий технологияларни жорий қилишда намуна бўлиши бўлиши мумкин.
Анвар Юлдашев.