Ушбу шарҳда – республика ва халқаро фанлар олимпиядаларини ўтказиш тартиби ҳамда ғолибларга имтиёз ва мукофотларни бериш ҳақида.
Ўқувчиларнинг қобилияти ва ижодий иқтидорини кашф этиш, уларни алоҳида фанлар ва дарсларни чуқурлаштириб ўрганишга қизиқтириш, касбий йўналишини танлашига ҳисса қўшиш мақсадида улар орасида турли фанлар олимпиадалари ўтказилади.
Олий ўқув юртларига кираётган битирувчилар учун олимпиадада иштирок этиш алоҳида аҳамиятга эга, чунки республика ва халқаро олимпиадалар ғолибларига ўқишга киришда имтиёзлар берилади.
Олимпиадаларни ўтказиш тартиби
Республика олимпиадалари ҳар йили академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари, умумтаълим мактабларининг 9-, 10-, 11-синф ўқувчилари (12 йиллик мажбурий таълим тизимига тўлиқ ўтишдан олдин) ва 9-синфлар (12 йиллик мажбурий таълим тизимига тўлиқ ўтгандан кейин) орасида ўтказилади[1].
Олимпиадаларнинг умумтаълим фанлари рўйхати, ўтказилиш тартиби ва муддатлари умумтаълим мактабларининг IХ синф ўқувчилари учун – Халқ таълими вазирлиги томонидан, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари учун – ОЎМТВнинг Ўрта-махсус, касб-ҳунар таълими маркази томонидан белгиланади.
Олимпиадалар тўрт босқичда ўтказилади:
Босқич |
Ўтказиш даражаси |
Қатнашчилар |
1-босқич |
Ўқиш жойи. |
Умумтаълим мактаблари, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларининг барча ўқувчилари. |
2-босқич |
Туманлар ҳамда туманларга бўлинмаган ҳолда шаҳарлар. |
Аввалги босқичларда I, II, III ўринларни олган ғолиблар.
|
3-босқич |
Вилоятлар, жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳри. |
|
4-босқич |
Республика |
Ғолиблар 76 дан 100 баллгача йиққанлар орасидан сараланади. Чуқурлаштирилган фанлар бўйича 1-босқичда 1-ўринни олган академик лицейлар ва умумтаълим мактаблари ўқувчилари туман босқичини четлаб ўтиб (2-босқич), вилоят босқичига йўлланма олади (3-босқич),
Халқаро олимпиадалар
Халқаро олимпиадалар иштирокчиларини аниқлаш саралаш усулида амалга оширилади.
Саралаш босқичи |
Иштирокчилар |
Босқичлардан ўтиш мезонлари |
1-босқич |
- академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларининг 2-, 3-босқичлари ўқувчилари; - ўрта умумтаълим муассасаларининг 10-, 11-синфлари ўқувчилари. |
умумтаълим фанлари бўйича республика фан олимпиадаларининг 3-босқичида I–V-ўринларни олганлар. |
2-босқич |
1-босқич ғолиблари. |
I, II, III-ўринларни эгаллаганлар.
|
Ғолибларни аниқлаш |
Ғолиблар Халқ таълими вазирлиги ва Ўрта-махсус, касб-ҳунар таълими маркази томонидан тавсия этилган экспертлар гуруҳи томонидан текшириладиган ёзма иш асосида аниқланади.
|
Олимпиадалар ғолибларига имтиёзлар
Умумтаълим фанлари бўйича Республика олимпиадаларида 1–3-ўринларни, халқаро олимпиадаларда 1-5-ўринларни олган ўрта махсус ўқув муассасалари битирувчилари ва умумтаълим мактабларининг 11-синф ўқувчилари тестлар ва қўшимча имтиҳонларсиз олий ўқув юртларига қабул қилинади. Бунда олий ўқув юрти мутахассисликлари ва олимпиадалар фанлари ўртасидаги мувофиқлик инобатга олинади [2].
Бу - муҳим! Олийгоҳга имтиёзли кириш ҳуқуқи олимпиада ўтказилган кундан бошлаб 1 йил мобайнида амал қилади.
Ҳар йили республика таълим муассасаларига қабул бўйича давлат комиссияси ҳар бир олимпиада фани бўйича мутахассисликлар рўйхатини тасдиқлайди ва улар бўйича «олимпиадачилар» имтиҳонсиз қабул қилиниши мумкин.
Олий ўқув юртига қабул учун қабул комиссиясига халқаро ва республика олимпиадалари ғолибларининг махсус гувоҳномалари топширилади.
Бундан ташқари, олимпиадалар ғолибларига пуллик рағбатлантиришлар белгиланган:
- халқаро олимпиадалардаги 1-, 2-, 3-, 4-, 5-ўринлар учун – тегишинча талаба стипендиясининг 10, 9, 8, 7, 6 баробари миқдорида;
- республика олимпиадаларидаги 1-, 2-, 3-ўринлар учун – тегишинча талаба стипендиясининг 3, 2, 1 баробари миқдорида.
Республика олимпиадаларида умумтаълим фанлари бўйича 1-5-ўринларни олган умумтаълим мактабларининг 9-синф ўқувчилари республика ташкилий қўмитасининг йўлланмасига биноан ўрта махсус ўқув юртларига ўқишга киради.
Олий ўқув юртига қабул қилинган халқаро ва республика олимпиадалари ғолиблари шакллантирилаётган гуруҳлар ичида хориждаги таълим муассасаларига йўналтириш бўйича имтиёзли ҳуқуққа эга бўлади.
Ленара Хикматова.
[1] Республика олимпиадалари, танловлари ва спорт мусобақаларини ўтказиш тўғрисидаги низом (13.10.2008 йилдаги ВМҚ-226-сон қарорга 4-илова).
[2] Халқаро ва республика олимпиадалари, танловлари, мусобақалари ғолиблари бўлган академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари ўқувчиларини тақдирлаш тартиби тўғрисидаги низом (13.10.2008 йилдаги ВМҚ-226-сон қарорга 5-илова).