Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди, уни суд раиси Козимжон Комилов бошқарди.
Давлат раҳбарининг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу соҳада қабул қилинган муҳим дастурий ҳужжат бўлди.
“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун асосида соҳага оид қонунчилик ҳужжатлари янада такомиллаштирилди. Хусусан, Хўжалик процессуал кодексига киритилган ўзгартиришга кўра, хўжалик судларига даъвони таъминлаш чораси сифатида давлат органининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг низолашилаётган ҳужжати ижросини тўхтатиб туриш ҳуқуқи берилди.
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 330-моддасига киритилган қўшимчаларга кўра, мулкдорлар хусусий мулк ҳуқуқини амалга ошириши билан боғлиқ бўлган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида хўжалик судига шикоят қилганда давлат божи тўлашдан озод қилинди.
Бундан ташқари, бу мажлисда Олий хўжалик суди Пленумининг “Давлат органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган, ташкилотлар ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган ҳужжатларини (бутунлай ёки қисман) ҳақиқий эмас деб топиш, мансабдор шахсларнинг шундай ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги низоларни ҳал этишда қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги қарори лойиҳаси муҳокама этилди.
Судларга юридик шахслар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига ноқонуний аралашган, тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилган ҳар бир ҳолат бўйича давлат органлари мансабдор шахсларининг қонунда белгиланган жавобгарлиги масалаларини ҳал этишлари тушунтирилди. Қонунбузилиши ҳолатларини келтириб чиқарган сабаблар ва шароитларни ўрганиб, хусусий ажримлар чиқариш орқали тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чораларини кўриш лозимлигига эътибор қаратилди.
Судлар мазкур тоифадаги ишларни кўришда низолашилаётган ҳужжат ёки унинг маълум қисми (алоҳида қоидалари)нинг, мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) қонунчилик ҳужжатларига мувофиқлигини текшириши зарур. Шунингдек, ҳужжатни қабул қилган тегишли орган ва мансабдор шахснинг ваколатини, иқтисодиёт соҳасида аризачининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузган ёки бузмаганини аниқлаши лозим.
Мажлисда кўриб чиқилган масала тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ишончли ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди. Қарор хўжалик судлари томонидан ушбу тоифадаги ишларни кўришда қонунчилик ҳужжатлари тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлашга хизмат қилади.
Ушбу йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.
Муҳокама қилинган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Пленум мажлисида парламентнинг қуйи ва юқори палаталари аъзолари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар вакиллари, экспертлар ва юридик соҳасидаги мутахассислар, судьялар ва видеоконференцалоқа тизими орқали жойлардаги хўжалик судлари вакиллари иштирок этди.
Маъруф Усманов
Мавзу бўйича материаллар:
Тадбиркорлар учун давлат хизматлари “бир дарчада” амалга оширилади
Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текшириш қоидалари ўзгарди