Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

Онлайн-НКМ қачон иш бошлайди?

20.06.2018

Читать на русском языке

Ўзбекистонда фискал хотирали онлайн-назорат-касса машиналарини жорий қилишга тайёргарлик кўрилмоқда. Янги тизим қачон иш бошлайди? Қандай НКМлар қўлланилади? Мухбиримиз тадбиркорлар ва истеъмолчиларни қизиқтираётган саволларга жавоб топишга уриниб кўрди.



Ишлар қандай кетяпти…



Айни пайтда бу саволларга аниқ жавоб йўқ. Назорат-касса машиналарини жорий қилиш ишлари Президентнинг қуйидаги иккита қарори доирасида олиб борилмоқда:

 

ПҚ-3300-сон қарорга мувофиқ 2018 йилнинг 1 июлидан Тошкент, Нукус шаҳарларида ва вилоятлар марказларида мажбурий тарзда онлайн-НКМларга ўтилади. 2018 йилнинг 1 декабридан бошлаб барча юридик ва жисмоний шахслар аҳоли билан нақд пулдаги ҳисоб-китобларни мажбурий тарзда фақат онлайн-НКМни қўллаган ҳолда амалга оширади.

 

ПҚ-3673-сон қарорига мувофиқ 2018 йилнинг 1 июлига қадар лойиҳани молиялаштириш бўйича таклифлар киритилиши лозим. 2018 йилнинг 1 августига қадар лойиҳанинг техник топшириқлари ва техник-иқтисодий асосларини тайёрлаш ва экспертизадан ўтказиш таъминланади. 2018 йил 1 ноябрга қадар Тошкент шаҳрида бюджет маблағлари ҳисобидан онлайн-НКМни жорий қилиш ва биринчи марта ишга тушириш таъминланади.

 

Иккинчи вариант ҳақиқатга яқинроқ бўлса керак, негаки онлайн-НКМларни жорий қилиш инфратузилмаси ҳали ишлаб чиқилмаган. Бунинг устига ПҚ-3300-сон қарор тўлиқ ёки қисман бекор қилинмаган ҳамда ҳужжатга ҳеч қандай ўзгартиришлар киритилмаган.

 

Вазият шундайки, деярли икки ҳафтадан кейин солиқчилар тадбиркорларга онлайн эмас, офлайн-НКМни қўллаш далили бўйича даъво киритишга ҳақлидирлар. Уларни 2018 йилнинг январидаёқ онлайн-НКМларни зудлик билан харид қилиш зарурлиги ҳақида тилхат олиб, хабардор қилишган эди. Лекин солиқчилар аппаратлар қандай бўлиши ҳақида кўрсатма беришмаган. Бунинг сабаби уларнинг ўзлари ҳам ҳозиргача қандай онлайн-машиналар қўлланилишидан бехабар.


Бу вазиятдан фойдаланиб, айримлар реестрда бўлмаган назорат-касса машиналарини сотишяпти. Яъни, мамлакатда қўлланилиши ғайриқонуний ҳисобланган машиналар сотилмоқда. Бу машиналарни сотиб олаётганларни айбдор деб бўлмайди, чунки улар ҳуқуқий ва техник жиҳатларнинг ҳаммасидан хабардор эмаслар.

 

Ғайриқонуний сотувлар ҳақида хабарлар тарқалди. Кўпчилик тадбиркорлар ҳаммаси аниқ бўлмагунча онлайн-машиналарни сотиб олишни тўхтатишди.

 

Ноаниқлик НКМнинг барча турлари бўйича дефицитни юзага келтирди. Офлайн-аппаратлар ҳақидаги эслатмалар давлат стандартларидан олиб ташланди, онлайн машиналар реестри ҳали тузилмаган.

 

Назорат-касса машиналарини маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчиларнинг аҳволи унчалик яхши эмас. Қандай аппаратлар кераклиги аниқ бўлмаганлиги туфайли бизнес тўхтаб қолмоқда.

 

Қандай йўл тутиш керак

 

Юзага келган вазиятни қандай ҳал этиш керак? Қандай назорат-касса машиналари қўлланилиши ҳақидаги саволларга ким ва қачон жавоб беради. Соғлом фикрдан келиб чиқиладиган бўлса, бу саволларга жавоб топиш учун давлат қуйидагиларни амалга ошириши лозим:

  • НКМ ва фискал маълумотлар оператори ўртасида маълумотларни узатиш тизимини белгилаш (бунинг бир нечта варианти мавжуд);
  • катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлаш ва уларни сақлашни таъминлай оладиган юқори қувватли серверга эга бўлган фискал маълумотлар операторини танлаш;
  • Ягона техник талаблар ва стандартни тасдиқлаш;
  • онлайн-НКМ давлат реестрини шакллантириш.

 

Бу йўл орқали қўлланиладиган назорат-касса машиналарининг техник параметрлари ва вазифалари ҳақида аниқ тасаввур ҳосил қилиш мумкин бўлади.

 

Амалиётда нималарга эришилди? ПҚ-3300-сон қарорда белгиланган муддатларга кўра, биринчи навбатда, стандартни ишлаб чиқиш ишлари бошлаб юборилди. Бошланғич маълумотларга эга бўлмай, ҳужжатда қандай нормативлар қайд этилиши ҳақида тасаввурга эга бўлмай туриб, ҳужжатни ишлаб чиқишга киришилди. Буни ҳам майли дейлик. Қарорга мувофиқ онлайн-назорат-касса машиналари стандарти ишлаб чиқилиши керак эди. Бунинг ўрнига офлайн-НКМларнинг амалдаги 1903:2010 стандартига ўзгартиришлар киритилди.

 

Охир-оқибатда офлайн-НКМларга стандарт мавжуд эмас. Бунинг салбий томони шундаки, яқин йилларда олис ва бориш қийин бўлган аҳоли пунктларида онлайн-техника муваффақиятли жорий этилган тақдирда ҳам, офлайн машиналарга тенг кела олмайди. Бунда амалда онлайн-тизимларни жорий қилиш учун тасдиқланган стандартга сертификатланадиган онлайн-НКМларнинг техник тавсифлари ва функционали бўйича муҳим тузатишлар киритиш талаб этилади.

 

Онлайн-машиналарни жорий қилишда босиб ўтилган босқичдаги муҳим далиллардан яна бирини айтиб ўтамиз. 2018 йил апрелда Солиқ қўмитаси томонидан конференция ўтказилди, унда иштирокчиларга онлайн-НКМларни жорий қилиш тажрибаси ҳақида сўзлаб берилди. Тадбир матбуотда кенг ёритилди, бу ҳақда эълон Давлат солиқ қўмитаси сайтида жойлаштирилди. Мазкур тажрибада барча фискал маълумотлар «FISKAL MA'LUMOTLAR OPERATORI» МЧЖ серверига келиши керак…

 

Шундай савол туғилади: конференцияда айтиб ўтилган тажрибани ПҚ-3300-сон қарор талабларига мувофиқ келади деб эътироф этса бўладими? Қарорга мувофиқ тажрибада Давлат солиқ қўмитаси ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан тайинланган фискал маълумотлар оператори иштирок этиши керак эди. Бу нормани амалга ошириш учун Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида фискал маълумотлар оператори фаолиятини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди, унга мувофиқ «Ўзбектелеком» АК ва «Online Technologies Systems» ХК МЧЖ томонидан қўшма корхона таъсис этилиши керак эди. Бу корхона зиммасига давлат томонидан белгиланган фискал маълумотлар оператори ролини бажариш юкланган эди. Бироқ Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинмади.

 

Онлайн-касса машиналари бозорида ўз ўрнига эга бўлиш учун фаол ҳаракат қилаётган бошқа корхоналар ҳам бор. Хусусан, Sputnik Ўзбекистон сайтидаги «Ўзбекистонда нақдлаштиришга қарши курашиш мақсадида касса машиналари ишлаб чиқарила бошланди» деган мақолада My Air Group IT Service фаолияти тўғрисида сўз боради. Уларнинг аппаратлари Тошкент ва Нукус тадбиркорларига сотилган эди, кейин негадир савдо тўхтаб қолди.  Моҳиятан, бу иш нотўғри эканлигини тушуниб етишган бўлса керак. Шу пайтгача маълумотларни шифрлаш ва уларни фискал маълумотлар операторига узатиш учун фойдаланиладиган баённомалар чоп этилмаган. Бу маълумотларсиз на ишлаб чиқаришни бошлаб бўлади, на онлайн-тизимда талабгир бўлган аппаратларни олиб кириб бўлади.  

 

2-уриниш



Аслини олганда, ПҚ-3673-сон қарор чиқиши билан назорат-касса машиналарини жорий қилишнинг барча босқичларидан ўтиш тақозо этилади. Лойиҳаларни молиялаштириш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқилмоқда, техник топшириқлар ва техник-иқтисодий асосларни тайёрлаш ҳамда экспертизадан ўтказиш ишлари олиб борилмоқда. ПҚ-3673-сон қарордаги муҳим янгиликлардан яна бири назорат-касса машиналарини жорий қилишнинг бутун жараёни учун Президент ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги жавобгар бўлади.  

 

ПҚ-3673-сон қарорнинг ижроси ПҚ-3300-сон қарор ижроси давомида тўпланган тажрибани ҳисобга олган ҳолда амалга оширилишини ҳамда онлайн-назорат-касса машиналарини жорий қилиш жараёни оптимал тарзда ўтишини ҳамда мамлакатда тадбиркорлик ва ижтимоий соҳанинг ривожига тўсиқ бўлмаслигини истардик.  

 

Онлайн-НКМларни жорий қилиш давридан ўтган бошқа мамлакатларнинг тажрибаларини ҳам ҳисобга олиш мақсадга мувофиқ бўлади. У қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • ўтиш жараёни босқичма-босқич, янада кўпроқ тадбиркорлик субъектларини қамраб олиш орқали амалга оширилган;
  • тадбиркорлар турли ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчиларнинг аппаратларини сотиб олиш имкониятига эга бўладилар;
  • офлайн-НКМларни онлайн-НКМларга қайтадан ўзгартириш имконияти мавжуд;
  • таъмирлаш мумкин бўлган техникадан фойдаланилади;
  • НКМларни таъмирлаш марказлари ташкил этилган;
  • зарур инфратузилма мавжуд бўлган, хусусан, керакли тезликда Интернетга улана оладиган жойларда онлайн-НКМлар қўлланилади, булар мавжуд бўлмаган аҳоли пунктларида офлайн-аппаратлар ёки бошқа технологиялардан фойдаланиш имконияти сақланиб қолади;
  • онлайн-НКМ билан ишлайдиган ходимлар, шунингдек машиналарни ўрнатиш ва уларга хизмат кўрсатиш учун мутахассисларни тайёрлаш ва малакасини ошириш тизими йўлга қўйилган.

 

Олег Гаевой.

 

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_

Курс валют

2018-07-17
  • USD:7787.81 (--25.61) сум
  • EUR:9100.06 (--76.80) сум
  • RUB:124.54 (+0.35) сум