Коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссияси навбатдаги қарорни қабул қилди.
Санитар-эпидемиологик вазиятга биноан республика қуйидаги тоифадаги ҳудудларга ажратилди:
Қизил тоифадаги ҳудуд
- Қорақалпоғистон;
- Андижон вилояти;
- Наманган вилояти;
- Фарғона вилояти;
- Самарқанд вилояти;
- Тошкент вилояти;
- Бухоро вилояти;
- Сирдарё вилояти.
Ушбу тоифадаги ҳудудда қуйидагиларга рухсат берилди:
- озиқ-овқат савдо дўконлари, ноозиқ-овқат маҳсулотлари улгуржи савдо дўконлари, қурилиш материаллари бозорлари, тикувчилик ва бичувчилик цехлари, банкларнинг шохобчалари (кассалари), кимёвий тозалаш, нотариал идоралар, адвокатура ва суғурта ташкилотлари, пойабзал таъмирлаш устахоналари, чорвачилик, терини қайта ишлаш корхоналари, тезкор овқат тайёрлаш нуқталари (етказиб бериш ва олиб кетиш учун), тиббиёт муассасалари фаолияти;
- қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини йиғиш, жойларга етказиш ва сотиш, уруғ ва кўчат етиштириш ҳамда уларни сотиш, автомобилларга эҳтиёт қисмлар сотиш, ҳунарманд ва усталар, улар томонидан ясалган буюмларни бозор расталаридан ташқари алоҳида жойлашган жойда (дўкон) сотиш;
- объектларда қурилиш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш, якка тартибдаги қурилиш ва таъмирлаш ишлари, етказиб бериш хизмати;
- кўп қаватли уйларнинг бевосита олдида ва ички ҳовли ҳудудларида ижтимоий масофани сақлаган ва ниқоб таққан ҳолда сайр қилиш.
Сариқ тоифадаги ҳудуд
- Сурхондарё вилояти;
- Хоразм вилояти;
- Тошкент шаҳри.
Бу ерда қизил ҳудудда рухсат берилган фаолиятга қўшимча равишда яна қуйидаги фаолият турларига рухсат берилади:
заргарлик ва гул сотиш дўконлари, сартарошхона ва гўзаллик салонлари, меҳмонхоналар (хостеллар ва меҳмон уйлари бундан мустасно), автосервислар (жумладан қишлоқ хўжалиги ва қурилиш техникаларига техник хизмат кўрсатиш), маиший жиҳозлар ва электрон қурилмаларни таъмирлаш устахоналари, йўналишсиз таксида махсус талаблар асосида йўловчи ташиш фаолияти, велосипед ва скутерда ҳаракатланиш.
Яшил тоифадаги ҳудуд
- Навоий вилояти;
- Жиззах вилояти;
- Қашқадарё вилояти.
Уларга қуйидагиларга рухсат берилади:
- парк ва истироҳат боғлари фаолияти (аттракцион ва кўнгилочар объектлар фаолияти бундан мустасно);
- авто ва мототранспортларнинг стикерсиз ҳаракати;
- давлат ташкилотларида фуқаролар қабуллари.
Сариқ ва қизил тоифадаги ҳудудларда 7:00 дан 10:00 гача ҳамда 17:00 дан 20:00 гача автотранспортнинг стикерсиз ҳаракатига рухсат берилди.