Тошкент шаҳар ҳокимлигида ўтказилган матбуот анжуманида ҳокимнинг биринчи ўринбосари Нозим Ҳусанов шаҳарда пенсионерларга 100 фоиз, талабаларга 50 фоиз миқдорида нақд пул тўлаш ўз вақтида, яъни ҳар ойнинг 27 санасидан кечиктирилмай амалга оширилаётгани ва бу масаланинг шаҳардаги бошқа ташкилотлар ходимларига нақд пул тариқасида ойлик маош тўлашга ҳеч қандай таъсир этмаслигини билдирди.
- www.norma.uz
- Бизнинг шарҳлар
- Пенсионерларга нақд пул тўлаш бошқа ташкилотларга бериладиган нақд пулга таъсир этмайди
Пенсионерларга нақд пул тўлаш бошқа ташкилотларга бериладиган нақд пулга таъсир этмайди
22.02.2017
Тадбиркорлар истеъмолчилар ҳуқуқини поймол қилмасин
Сўнгги 3-4 ой ичида тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти учун енгиллик яратиш, ўтказиладиган текширувлар сонини камайтиришга қаратилган қарор ва фармонлар эълон қилинди. Аммо улар ўз вазифаларини қанчалик тўғри бажаришаяпти? Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Музаффар Пардаевнинг сўзларига кўра, айрим хўжалик юритувчи субъектлар томонидан нақд пул тушумларини банк кассаларига топширмаслик, тўлов терминалларидан фойдаланмаслик бўйича кўплаб ҳолатлар аниқланмоқда.
Виртуал қабулхонага тадбиркорлик субъектлари томонидан пластик карта орқали тўловни қабул қилмаслик ёки терминал ва нақд пул тўловлари ўртасидаги тафовутларнинг мавжудлиги бўйича келиб тушган кўплаб шикоятлар 2017 йил 15 февралда ПҚ-2777-сон “Пул муомаласини янада такомиллаштириш ва банк пластик карталаридан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китобларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорнинг қабул қилинишига туртки берди (Ҳужжат шархи билан бу ерда танишишингиз мумкин). Ушбу қарорнинг қабул қилиниши билан тадбиркорларга истеъмолчилар ҳуқуқларини поймол қилмаслик бўйича масъулият юкланди.
Энди 2017 йилнинг 1 мартидан бошлаб чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида терминал ўрнатилмаган савдо ва хизмат шохобчаларига ЭКИҲнинг 30 баробарида жарима солиниши кўзда тутилди.
4 кунда 1700 та терминал етишмовчилиги
Ҳозирда солиқ, банк ходимлари терминал билан таъминланганлик даражасини ўрганиш учун бозорлар, маҳаллалардаги дўконларни инвентаризациядан ўтказмоқда. Инвентаризация ўтказилган 4 кун мобайнида Тошкент шаҳри бўйича 1700 та терминал етишмовчилиги аниқланган. Йил якунига қадар бу кўрсаткич камида 5-6 мингга етиши мумкинлиги таъкидланди.
Муқаддам ҳам савдо шохобчаларида терминал ўрнатилиши мажбурий этиб белгиланган бўлса-да, сабаблар объектив бўлса, қатьий чоралар қўлланилмас эди. Энди эса ҳам ЯТТ, ҳам юридик шахсларга терминалга эга бўлиш мажбурий этиб белгиланган. Янги қабул қилинган қарорга кўра, хоҳ сартарош бўлсин, хоҳ новвой — қаерда пул муомаласи мавжуд бўлса, терминал ўрнатилиши шарт.
Тадбирда ташкилотчилар қарорни қабул қилишдан кўзланган мақсад тадбиркор фаолиятини чеклаш эмас, балки тадбиркорлик субъектларининг истеъмолчилар ҳуқуқларини поймол этишлари олдини олиш экани алоҳида таъкидланди. Қонун доирасида фаолият юритаётган тадбиркор фаолиятига ҳеч ким аралашмайди. Бундан ташқари, бошқа қонун ҳужжатларида тадбиркорлар учун белгиланган имтиёзларнинг барчаси сақлаб қолинади. Масалан, агар тадбиркор биринчи маротаба ҳуқуқбузарлик содир этаётган бўлса, ва, 30 кун ичида етказилган зарарни қопласа, жавобгарликка тортилмайди.
Марказий банк Тошкент шаҳар бош бошқармаси бошлиғи Мажид Тоҳиров ҳозирги кунда Тошкент шаҳри бўйлаб 23 500 тага яқин тадбиркорлик субъектлари қарийб 38 минг терминал билан жиҳозлангани, 2016 йилнинг ўзида 5 мингга яқин тўлов терминаллари ўрнатилганини таъкидлади.
Банклар тўлов терминаллари ишлаб чиқарувчи хорижлик ҳамкорлар билан тўғридан-тўғри шартнома тузиб, уларни олиб келиш имкониятидан фойдала бошлашгани айтиб ўтилди. Унгача ҳар бир банк омборида мавжуд бўлган терминаллардан фойдаланилмоқда.
Нақд пул муаммоси йўқ!
Маълумки, Президентнинг 2017 йил 2 февралдаги “Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларни тўлаш механизмини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-2753-сон қарорида (экспертимиз шарҳи билан бу ерда танишишингиз мумкин) 2017 йил февраль ойидан бошлаб:
- барча турдаги пенсияларни тўлаш ҳеч қандай чекловларсиз тўлиқ ҳажмда нақд шаклда амалга оширилиши;
- олий ўқув юртлари талабаларига стипендия тўлаш 50 фоиздан кам бўлмаган миқдорда нақд шаклда амалга оширилиши;
- пенсионерларнинг пенсияларини узлуксиз, тегишли ойнинг 27 санасидан кечиктирмай тўланишини таъминлаш бўйича қатъий топшириқлар берилди.
Бугунги кунда Тошкент шаҳри бўйича 274,8 мингдан зиёд пенсионерга пенсия ва нафақа тўлаш учун талаб қилинадиган маблағ 167,7 млрд сўмни ташкил этади.
Журналистларнинг пенсия, нафақа ва стипендияларни нақд пулда тўлаш талаби нақд пул етишмовчилигини келтириб чиқармайдими, шаҳардаги бошқа ташкилотлар ходимлари бундан азият чекмайдими, деган саволига мутасаддилар шундай жавоб қайтаришди: “Бу масала бошқа ташкилотларга нақд пул бериш тизимига умуман таъсир этмайди. Шундай ҳолат келиб чиққан тақдирда ишонч телефонларига мурожаат этиш мумкин. Нақд пул захираси етарли”.
Пластик картанинг нимаси яхши?
-Ҳозирги пайтда пластик карталар орқали ҳисоб-китоб қилишнинг афзалликларини кўпчилик англаб етмоқда, — деди Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Музаффар Пардаев. — Қарор чиққанидан кейин пенсиянинг тўлиқ қисми ёки маълум бир қисмини картага ўтказиб бериш илтимоси билан мурожаат этганлар ҳам бўлди. Бунинг боиси, масалан, коммунал хизматларга ва бошқа маҳсулот ва хизмат турларига тўловни уйдан чиқмасдан амалга ошириш, айниқса, пенсионерларга жуда қўл келади. Бундан ташқари, банклар томонидан йиллик 9% тўланиши ҳам пластик карта воситасидаги тўлов тизимининг афзал жиҳатларидан бири.
-Шунингдек нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимини янада ривожлантириш мақсадида халқаро амалиётда фойдаланилаётган пластик картадан “О” балансда фойдаланиш механизмини (overdraft) жорий этиш ишлари кўриб чиқилмоқда, — деди Марказий банк Тошкент шаҳар бош бошқармаси бошлиғи Мажид Тоҳиров. — Бу усулдан фойдаланишнинг кенг йўлга қўйилиши пластик карта фойдаланувчилари учун қўшимча имтиёзга айланади.
1000 та банкомат
Марказий банк мутасаддилари ўтказилган текширув ишлари натижасида шаҳримиз бўйлаб 1000 та банкомат етишмовчилиги мавжудлиги аниқланганини билдиришди. Йил охирига қадар уларнинг барчаси ўрнатилиши кўзда тутилган. Ҳозирда уларни сотиб олиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.
Чек талаб қилинг!
Банкларда нақд пул тушуми етарли бўлиши учун тадбиркорлик субъектлари ҳалол фаолият юритиши, хусусан, инкассация қилишда ҳуқуқбузарликларга йўл қўймасликлари муҳим. Нақд пул тушумини инкассация қилмаслик, уни яшириш дегани. Агар ҳар бир харидор харид учун, албатта, чек беришларини талаб қилса, нақд пул тушумини таъминлаган, тадбиркорлик субъектининг ноқонуний фаолият юритишининг олдини олган бўлади.
Фозила АШУРОВА, мухбиримиз.
Публикации по теме:
- Талабни ҳисобга олиш нормаларини қайта кўриб чиқиш вақти келди
- Терминал бўйича нарх оширилганда – суд орқали молиявий санкция
- Ўзбекистонда VISA Classic карталарига энг яхши шартларда хизмат кўрсатган 20 та банк
- Меҳнат мигрантлари касб-ҳунарга ўқитилади ва молиявий ёрдам кўрсатилади
- Бизнес ва фуқароларга давлат томонидан қўшимча қўллаб-қувватлаш чоралари
- Карантин даврида пенсиялар қандай етказилади