Коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг тавсиясига биноан аҳолига пенсия ва иш ҳақи тўловлари банк карталарига амалга оширилади, деб хабар беради ЎзА МБга ҳавола берган ҳолда.
Жорий йилнинг май ойидан бошлаб Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказлари аҳолисининг пенсиялари банк карталарига ўтказилади. Кейинги ойларда бу қолган ҳудудларга татбиқ этилади.
Пенсионерлар банк карталарини очиш учун Халқ банкига шахсан мурожаат қилиши зарур эмас. Фуқаролар тўғрисидаги керакли маълумотларни бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Халқ банки бўлинмаларига электрон шаклда юборади. Пенсия жамғармаси бўлинмалари томонидан шакллантирилган қайдномалар асосида тўловлар фуқароларнинг карталарига ўтказилади.
Пенсионерларга банк карталарини келтириб беришда Халқ банкининг масъул ходимлари уларни расмийлаштириш учун аризаларни ва карта олинганлигини тасдиғи сифатида имзоларни йиғиб олади.
Барча компаниялар ва ташкилотлар, шу жумладан, бюджет ташкилотлари ходимларининг ойлик иш ҳақлари босқичма-босқич картага ўтказилади. Компания эгалари ва раҳбарлари қисқа муддатларда карталари йўқ ходимларга карта очишлари зарур. Карта компанияга хизмат кўрсатиладиган банк ходимлари томонидан компания манзилига етказиб берилади. Ходимлар у ердан олиб кетишлари мумкин бўлади.