Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
К чему приведет новый проект НПА по проверкам? – читать на buxgalter.uzЧто учесть в «бухгалтерской» Учетной политике – читать на buxgalter.uzСтавка соцналога 1% продлена до конца года – читать на buxgalter.uzКакой метод начисления амортизации выгоднее в условиях карантина – читать на buxgalter.uzКак вернуть НДФЛ с доходов от аренды – читать на buxgalter.uz

Пойабзал тўғри келмадими – дўконга қайтарамиз

07.05.2020

Читать на русском языке

Харид қилинган пойабзал ўлчами тўғри келмаган ёки бир ҳафта ўтгач нуқсонлар аниқланган бўлса, нима қилиш керак? Пойабзал савдоси қоидаларининг ўзига хос жиҳатлари ҳақида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг савдо, умумий овқатланиш ва туризм соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи Павел Магай сўзлаб берди.

 

– Пойабзал савдоси Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидаларининг 11-банди билан тартибга солинади. Реализация қилувчилар томонидан савдо қилишдан олдин қуйидагилар амалга оширилади:

  • товарнинг сифати ҳамда товар ва унинг ишлаб чиқарувчиси тўғрисидаги маълумотларнинг мавжудлиги текширилади;
  • савдо залида эркаклар, аёллар ва болалар пойабзаллари алоҳида жойлаштирилади;
  • товарларга номи, артикули, нархи ва ўлчами кўрсатилган ёрлиқлар жойланади;
  • пойабзални кийиб кўриш учун шароитлар яратилади, заллар кўзгулар, банкеткалар ёки скамейкалар ва бошқалар билан жиҳозланади.

 

Пойабзал ўлчами тўғри келмаганда

 

Пойабзалнинг ўлчами, ранги, фасони тўғри келмаган тақдирда, харидор сотиб олинган пойабзални сотувчидан худди шундай товарга алмаштириб олишга ҳақлидир. Харидор харид қилинган кун ҳисобга олинмаган ҳолда 10 кун мобайнида бундай ҳуқуққа эга бўлади. Бироқ шуни унутмаслик лозимки, ушбу қоида фақат пойабзал кийилмаган, унинг товар кўриниши, истеъмол хусусияти, фабрика ёрлиғи, товар ёки касса чеки сақлангандагина амал қилади. Чекнинг йўқлиги истеъмолчини сотувчига мурожаат қилиш имкониятидан маҳрум этмайди, у гувоҳларнинг кўрсатувларига таяниши мумкин.

 

Мурожаат қилинган кунда зарур товар савдода бўлмаса, харидор олди-сотди шартномасини ижро этишни рад этишга ва товар учун тўланган суммани қайтаришни талаб этишга ҳақлидир.

 

Пойабзал яроқсиз бўлиб чиққанда

 

Сотувчи товарда нуқсонлар бўлиши мумкинлигини ҳисобга олган ҳолда кафолатли муддат тўғрисидаги маълумотни тақдим этиши шарт. Бундай муддатлар мавжуд бўлмаса, харидор 6 ой мобайнида талаб билдиришга ҳақли бўлади. Кафолат муддати пойабзал сотилган кундан ёки мавсум бошлангандан (мавсумдан ташқари вақтда харид қилинган тақдирда) эътиборан ҳисобланади.

 

Нуқсонли товарни сотиб олган истеъмолчи, агар шартнома тузишда бошқача келишувлар бўлмаган бўлса, ўз танловига кўра қуйидагиларни талаб этишга ҳақли:

  • нархни тегишли равишда қайта ҳисоб-китоб қилган ҳолда ўхшаш маркадаги товарга алмаштиришни ёки бошқа маркадаги (моделдаги, артикулдаги) ўхшаш товарга алмаштиришни;
  • истеъмолчи ёки учинчи шахслар томонидан камчиликларни бепул бартараф этиш ёки бартараф этиш харажатларини қоплашни;
  • нархни мутаносиб равишда камайтиришни;
  • олди-сотди шартномасини бекор қилишни ва товар учун тўланган суммани қайтаришни. Мазкур ҳолатда сотувчининг талабига биноан харид қилинган товар қайтарилади. Истеъмолчи ҳам товарнинг сифати лозим даражада бўлмаганлиги оқибатида етказилган зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақлидир.

 

Бу «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 13-моддасида белгиланган.

 

Алмаштириш чоғида бошқача нарх бўлганда

 

Товар худди шундай товарга алмаштирилганда – нархи ўзгарган тақдирда қайта ҳисоб-китоб қилинмайди. Истеъмолчига товар ўрнига берилаётгани қимматроқ бўлса, нархдаги фарқ бўйича қўшимча ҳақ тўланади. Акс ҳолларда, нарх арзонроқ бўлганда, қийматдаги фарқ суммаси қайтарилади. Таъкидлаш жоизки, алмаштирилиши лозим бўлган товар нархи ошган тақдирда, талаб билдирилган пайтдаги нархи, нарх пасайтирилганда эса харид пайтидаги нархи қўлланилади.

 

Экспертиза топширамиз

 

Товардаги нуқсонлар борасида низолар юзага келган тақдирда, сотувчи ўз ҳисобидан товарни экспертизадан ўтказиши лозим. Харидор экспертиза ўтказилаётганда иштирок этишга ҳақли. У натижалардан норози бўлган тақдирда, бундай экспертиза натижаларини суд тартибида низолашиши мумкин.

 

Муддатлар ҳақида қисқача

 

Сотувчи эътироз билдирилган кундан бошлаб 7 кун мобайнида товарни алмаштириб бериши шарт.

 

Эътироз билдирилган санадан бошлаб 10 кун мобайнида қуйидагилар тўғрисидаги талаблар қаноатлантирилиши лозим:

  • камчиликларни тўғрилашга оид харажатларни қоплаш;
  • товар учун тўланган суммани қайтариш;
  • харид нархини пасайтириш;
  • товарнинг сифати лозим даражада бўлмаганлиги оқибатида истеъмолчига етказилган зарарни қоплаш.

 

Пойабзалдаги камчиликларни бартараф этиш муддати тарафларнинг розилиги билан ёзма шаклда белгиланади. Келишувга эришилмаган тақдирда, истеъмолчи тегишли талабларни билдирган пайтдан эътиборан сотувчи томонидан 20 кун мобайнида, ишлаб чиқарувчи томонидан эса 10 кун мобайнида камчиликлар бартараф этилади.

 

Лола Абдуазимова.