Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

Президент Виртуал қабулхонасининг янги талқини ишга туширилди

05.02.2018

1 февралдан бошлаб Президент Виртуал қабулхонаси дастурий тизимининг янги талқини тест режимида ишга туширилди.

 

Манзил ўша-ўша –  pm.gov.uz. Мурожаатларни йўллаш шакли ҳам ўзгаришсиз қолдирилди: мурожаатларни 0-800-210-00-00 рақамига ёки 10-00 қисқа рақамига қўнғироқ қилиш, pm.gov.uz сайтидаги махсус мурожаат шаклини тўлдириш орқали ёхуд Халқ қабулхоналарига ташриф буюриб юбориш мумкин.

 

Виртуал қабулхонанинг такомиллаштирилган талқинидаги асосий янгиликлар ЎзА шарҳида тақдим этилган. Улар қуйидагилардан иборат:

 

1. Фуқаролар Виртуал қабулхонада шахсий кабинет очишлари мумкин

 

«Фуқароларнинг шахсий кабинети» модулидан кўзланган мақсад – фуқароларга виртуал қабулхона тизимида ишлашда юқорида даражада қулайлик яратиш, муайян шахснинг мурожаати билан боғлиқ барча ёзишмаларни бир жойда сақлашдан иборат.

 

Шу пайтгача мурожаат қилувчилар ҳар бир янги мурожаатни юборишда шахсий маълумотларни такроран киритишлари лозим эди. Энди бунга зарурат йўқ.

 

Шахсий кабинетда мурожаатчининг давлат органлари билан барча ёзишмалари (барча мурожаатлар ва жавоб хатлари) сақланади, бу эса аниқ мурожаатни ва унга жавобни топиш жараёнини осонлаштиради.

 

2. Кўп бериладиган саволларга батафсил жавоблар

 

Виртуал қабулхонада «Кўп бериладиган саволлар» бўлими очилди. Бу ерда энг кўп бериладиган саволлар тўпланади. Маълумотлар базасида уй-жой таъминоти, ижтимоий ҳимоя, тадбиркорлик ва банк фаолияти, ишлаб чиқариш, сертификатлаш ва лицензиялаш, ветеринария хизматлари, солиқлар ва жарималар, ахборот технологиялари ва коммуникациялари, транспортга оид ва ҳуқуқий масалалар, таълим, фан ва маданият, меҳнат ва аҳоли бандлиги, шунингдек, жамият ҳаётининг бошқа масалаларига оид саволларга жавоблар тўпланган. Керакли саволга жавобни калит сўзлар ёрдамида излаб топиш имконияти ҳам яратилган.

 

3. Портал орқали онлайн режимида ҳуқуқий маслаҳат олиш мумкин

 

15 февралдан бошлаб порталда фойдаланувчиларга қулай бўлган шаклда турли муаммо ва масалалар бўйича малакали юридик ёрдам олиш имконини берувчи «Онлайн маслаҳатчи» модули тест режимида ишга туширилади.

 

Саволларга тегишли тармоқлар ва фаолият соҳаларининг малакали мутахассислари реал вақтда жавоб беришади.

 

4. Давлат органлари раҳбарларига Виртуал қабулхона орқали ҳам мурожаат қилиш мумкин

 

«Вазирлик ва идоралар раҳбарларининг фуқароларни қабул қилиш жадваллари ва уларга мурожаат юбориш» модули жорий қилинди. Бу бўлимда барча давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ҳокимликлар раҳбарларининг функциялари ва вазифалари тўғрисидаги ахборотни топиш мумкин. Шунингдек, раҳбарларнинг қабул кунлари, вақти тўғрисидаги ахборот ва боғланиш маълумотлари тақдим этилган. Шу ернинг ўзида шахсий виртуал қабулхонага мурожаат йўллаш мумкин.

 

5. Порталда Халқ қабулхоналари ҳақидаги ахборот билан танишиш мумкин

 

«Халқ қабулхоналари манзиллари» бўлими Президентнинг Халқ қабулхоналари тўғрисидаги ахборотни ўз ичига олади. Барча Халқ қабулхоналарининг манзили, телефон рақамлари, электрон почтаси, геолокация маълумотлари ва уларнинг фаолияти тўғрисидаги бошқа фойдали материаллар қулай шаклда тақдим этилган. Фуқаролар ва тадбиркорлар аниқ Халқ қабулхонаси тўғрисидаги маълумотни Ўзбекистон интерактив харитасидан топишлари мумкин, ўз навбатида улар оддий ёки сунъий йўлдошдан олинган харита кўринишига эга бўлади.

 

6. Маҳаллангизни кўрсатинг ва муаммо ҳал этилишига ёрдам беринг

 

Виртуал қабулхонанинг янги талқинида фуқаролар мурожаат юбориш жараёнида ўзи истиқомат қилаётган маҳаллани ҳам кўрсатиб ўтиши учун мумкин. Бу муаммо ҳал бўлишини жадаллаштиради, мурожаатда кўрсатилган муаммо қайси сектор жавобгарлигига тааллуқли экани аниқлашга ёрдам беради. Шу билан бирга  ҳудудларни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар ҳудудида қандай муаммолар мавжуд эканини онлайн таҳлил қилиш, уларни комплекс ҳал этиш учун яқин ва ўрта истиқболга мўлжалланган аниқ чора-тадбирлар, “йўл харита”лари ишлаб чиқиш имкониятлари кенгаяди.

 

7. Таъқиб ҳақида тезкор хабар бериш мумкин

 

Виртуал қабулхонадаги яна бир янгилик – мурожаатчиларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш мақсадида «Таъқиб ҳақида хабар» модули жорий қилингани бўлди. Агар кимда-ким ариза ёки шикоят билан мурожаат қилгани туфайли таъқибга учрайдиган бўлса, бу ҳақда махсус тугма орқали тезкор хабар бериши мумкин. Бундай хабарлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини жалб этган ҳолда устувор ва тезкор тартибда кўриб чиқилади.

8. Мурожаат ва масъулият

 

Энди порталда фуқаролар ўз мурожаатларини юборишдан аввал мурожаат юбориш қоидалари билан танишгани ва бу борада қонунда белгиланган масъулияти тўғрисида хабардор эканини тасдиқловчи белги қўяди. Бу мурожаатчиларнинг ҳам масъулиятини оширишга, ҳам мурожаат қилиш маданиятини юксалтиришга хизмат қилади.

 

Бунда мурожаатчи махсус шаклга ўз мобиль телефон рақамини киритади. Шундан кейин мурожаатчининг мобиль телефонига бир марталик парол СМС-хабар шаклида юборилади. Натижада ҳам мурожаат аниқлиги ва ишончлилиги ортади, ҳам мобиль телефон рақами тасдиқланади. Мазкур механизм барча давлат органларининг виртуал қабулхоналарига ҳам татбиқ этилади.

 

9. Янгиликлардан хабардор бўлиб боринг

 

Виртуал қабулхонанинг янги талқинида давлат органларининг мурожаатлар билан ишлаш соҳасидаги фаолияти, Виртуал ва Халқ қабулхоналари тўғрисидаги янгиликлар билан янада кенгроқ танишиш имконияти яратилди. Порталга келиб тушган ва кўриб чиқилган мурожаатларнинг умумий сонини, бошқа статистик маълумотларни реал вақт режимида кузатиш имконияти мавжуд.

 

 

Курс валют

2018-11-13
  • USD:8271.27 (+21.30) сум
  • EUR:9374.66 (--17.93) сум
  • RUB:121.79 (--2.88) сум