Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
  • www.norma.uz
  • Бизнинг шарҳлар
  • Пропискасиз ишга жойлашиш тўғрисидаги Қонун тасдиқланди, 1 та қонун лойиҳаси рад этилди, яна 2 таси пухта ишланиши керак

Пропискасиз ишга жойлашиш тўғрисидаги Қонун тасдиқланди, 1 та қонун лойиҳаси рад этилди, яна 2 таси пухта ишланиши керак

25.10.2018

Читать на русском языке

 

24 октябрь куни бўлиб ўтган Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар.

 

Улар жумласида:

 

  • Президентнинг 2018 йил 26 апрелдаги ПҚ-3680-сон қарорининг 20-банди ижроси юзасидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида». Ҳужжат фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг бу соҳадаги ваколатларини кенгайтириш ҳамда фаол иштирокини таъминлаш мақсадини кўзлайди.

 

Аммо қонун лойиҳасида бир қанча баҳсли нормалар акс этгани боис депутатларнинг ҳақли эътирозларини келтириб чиқарди. Шу туфайли мазкур қонун лойиҳасини янада пишиқ-пухта ишлаш мақсадида навбатдаги ялпи мажлис кун тартибига киритиш учун қолдирилди.

 

  • Адлия вазирлиги томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда киритилган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида».

 

Айни пайтда қонун ҳужжатларида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий пропискаси бўлмаган Ўзбекистон фуқароларига нисбатан ушбу ҳудудларда яшаш ҳамда ишга жойлашиш билан боғлиқ қатор чекловлар мавжуд. Юқорида кўрсатилган чекловларга риоя этмаслик фуқаролар ва мансабдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш учун асос ҳисобланади.

 

Қонун лойиҳаси бундай чекловларни бартараф этишга қаратилган бўлиб, фуқароларнинг иш танлаш, республика ҳудудида эркин ҳаракатланиш бўйича конституциявий ҳуқуқлари, паспорт, билим олиш ҳамда ишга жойлашиш билан боғлиқ бошқа ҳуқуқлари амалга оширилишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилди.

 

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан атрофлича муҳокама этилди ва қабул қилинди. Қайд этамизки, бу фақат биринчи босқич. Қонунчилик палатаси томонидан тасдиқланган қонун ҳали Сенат томонидан маъқулланиши, Президент томонидан имзоланиши ва расмий манбада эълон қилиниш керак, шундан кейин кучга киради, таҳр.

 

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида кўрсатиб ўтилган вазифалар ижроси юзасидан парламент қуйи палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан ишлаб чиқилган «Ўзбекистон Экологик ҳаракати учун белгиланган квотанинг бекор қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида».

 

Қонун лойиҳасининг мақсади Ўзбекистон Экологик ҳаракати учун белгиланган квотани бекор қилиш орқали Қонунчилик палатасига депутатлар номзодини илгари сурувчи субъектлар доирасини мақбуллаштириш, сайловга оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ва халқаро андозаларга мослаштиришдан иборат.

 

Депутатлар қайд этганидек, айни кунларда фуқароларнинг сайловга оид ҳуқуқларини амалга ошириш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган Сайлов кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилиб, кенг муҳокама этилмоқда. Сайлов кодекси қабул қилинадиган бўлса, таклиф этилаётган қонун лойиҳаси билан ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш кўзда тутилаётган бир нечта қонун ўз кучини йўқотади. Шу боис депутатлар бу нормаларни Сайлов кодексига киритиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисобладилар.

 

Мазкур қонун лойиҳаси кўрсатилган сабабларга кўра депутатлар томонидан рад этилди.

 

  • Вазирлар Маҳкамаси томонидан Дастурнинг 2-банди (2.04.2018 йилдаги ПФ-5392-сон билан тасдиқланган) ижросини таъминлаш мақсадида киритилган «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида».

 

Бугунги кунда қурилиш-монтаж ишларини бажараётган фуқароларга нисбатан шаҳарсозлик соҳасида йўл қўйган ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик масаласи белгиланмаган. Натижада уларнинг сони кескин ошиб бормоқда. Қонун лойиҳаси фуқаролар ва мансабдор шахсларга нисбатан тегишли жавобгарликни белгилайди, бу орқали қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишда йўл қўйилаётган ҳуқуқбузарликнинг олди олинади. МЖТКнинг 99 ва 160-моддаларига фуқаролар ва мансабдор шахсларга нисбатан жавобгарлик чораларини қўллаш ҳамда кучайтиришни назарда тутувчи нормалар киритиш таклиф этилмоқда.

 

Мазкур қонун лойиҳасини муҳокама қилиш чоғида унда бир қанча баҳсли нормалар мавжудлиги депутатларда кўплаб саволлар туғдирди. Шу муносабат билан лойиҳа ҳар томонлама пухта ишлаш мақсадида мажлис кун тартибидан чиқарилди.

 

Парламент қуйи палатаси депутатлари бошқа масалаларни ҳам муҳокама қилдилар. Масалан, «Меning fikrim» веб-портали орқали келиб тушган «Вақт ўтишини тескари ҳисобловчи светофорларни ўрнатиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида»ги электрон жамоавий мурожаатни таҳлил қилдилар. Унинг натижаси бўйича Вазирлар Маҳкамасига мамлакатимиз туман ва шаҳарлари кўчаларида шундай светофорларни босқичма-босқич ўрнатиш масаласини кўриб чиқиш тавсия этилган қарор қабул қилинди.

 

Шунингдек, мажлисда Соғлиқни сақлаш ва Молия вазирликларига юборилган парламент сўровлари натижалари ҳам кўриб чиқилди.

 

Олий Мажлис  

Қонунчилик палатаси матбуот хизмати материаллари асосида 

 

 

 

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_

Курс валют

2018-12-18
  • USD:8325.59 (+12.95) сум
  • EUR:9413.74 (--42.72) сум
  • RUB:124.70 (--0.52) сум