Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

Қарз учун қамашадими?

04.10.2017


Мазкур материал қарзларни тўлашдан бўйин товлашнинг юридик жиҳатларига бағишланган материаллар туркумининг дастлабкиси. Унда шартнома мажбуриятларини бажармаслик ва фирибгарлик ўртасидаги фарқ ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга уларни фарқлашда ёрдам берувчи аломатлар ёритилган.

 

Бизнесда шартнома мажбуриятларини бузиш – кам учрайдиган ҳодиса эмас.

 

Реал ҳолатлардан бири: Ташкилот металл буюмларни тайёрлаш учун контрагентга 100% олдиндан тўлов суммасини ўтказди (350 млн. сўмдан ортиқ). Белгиланган муддатда маҳсулотни тайёрлаб беришмади, етказиб бериш турли баҳоналар билан пайсалга солинган. Буюртмачи судга мурожаат этганида фирма шунчаки иш фаолиятини тўхтатди.

 

Илгари қарздор корхонанинг муассиси юкнинг божхона расмийлаштируви учун бошқа жисмоний шахсдан 300 млн сўм қарз олган эди. Ушбу ҳолатда ҳам кредитор келишувларни бажармаслик ҳолатига дуч келди.

 

Бундай ҳолат фирибгарликка кириш-кирмаслигига аниқлик киритишга уриниб кўрамиз.

 

Фарқ тарафларнинг ниятида

 

Ўзбекистонда ва Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга (БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 16.12.1966 йилда 2200 А (XXI) резолюция билан қабул қилинган) қўшилган бошқа мамлакатларда қарздорлар турмаси тақиқланган. Ҳужжатнинг 11-моддасида шундай дейилган: «Бирор-бир шартномавий мажбуриятларни бажара олмаганлик асосида ҳеч ким озодликдан маҳрум қилиниши мумкин эмас». Мазкур қоида инсон ҳуқуқларининг ажралмас қисми ҳисобланади. Шу боис ушбу асос билан одамни қамаб бўлмайди.

 

Гарчи  халқаро ҳуқуқ тақиқи остига жиноий жазонинг фақат бир тури – озодликдан маҳрум қилиш тушган бўлсада, бизнинг давлатимизда пулларни (мол-мулкни) олиш пайтигача келишувларни бажаришдан бўйин товлаш ниятида бўлмаган бўлса, ЖКнинг 168-моддасига биноан умуман жиноий жавобгарликка тортилмайди (Олий суд Пленумининг 24.07.2009 йилдаги 8-сон «Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида» қарорининг 8-бандига қаранг). Яъни, ҳалол қарздорлар жиноий таъқибдан, хусусан, жарима ва ахлоқ тузатиш ишларидан хавотирланмасалар ҳам бўлади.

 

Тескари хулоса ҳам келиб чиқади: пулларни (мол-мулкни) ўз мажбуриятларини бажармасликни олдиндан ният қилиб олган шахслар фирибгарлик содир этади ва жиноий жавобгарликка тортилади.

 

Ёмон ният бўлганлигини қандай ҳал қилишади

 

Демак, фирибгарликни оддий битимдан фақат шахснинг нияти фарқлайди (қилмишнинг субъектив томони). Аммо одамнинг ўй-фикрини исботлаш осон иш эмас, чунки у ташқи оламда фақат билвосита акс этади.

 

Далиллар намуналари тариқасида Олий суд қуйидагиларни белгилаган:

  • сохта ҳужжатлар ёки кафолат хатларидан фойдаланиш (яъни, шахс жабрланувчини мол-мулкни олиш мақсадидан, мажбуриятларни бажариш тартиби ва муддатлари, қайтариш кафолати ва бошқалардан чалғитиш учун сохталаштирилган ёки қалбаки ҳужжатлардан фойдаланади);
  • қарздорликнинг мавжудлиги ва мол-мулкнинг гаровга қўйилганлиги тўғрисидаги маълумотларни яшириш (яъни шахс жабрланувчи олдида мажбуриятлари бор эканини ва бунинг оқибатида янги мажбуриятларни бажариш амалга ошмаслиги мумкинлигини яширади);
  • битимда тарафлардан бири сифатида иштирок этиш учун сохта корхона (ташкилот)лар ташкил этиш (яъни, хўжалик фаолияти юритмайдиган, шунчаки жабрланувчида битимни тузиш хоҳишини уйғотадиган сохта юридик шахслар, бир кунлик фирмаларни ташкил этади);
  • кредит маблағларидан мақсадсиз фойдаланиш ёки уни нақдлаштириш (яъни шахс олинган маблағлардан шартномада кўрсатилган тартибдан ўзгача тартибда фойдаланади).

 

Бу - муҳим! Суд ҳар бир ишнинг ҳолатидан келиб чиқиб, кўрсатилган далил-исботларни рад этиш ёки бошқаларини қабул қилишга ҳақли.

 

Шу тариқа, ҳар бир ҳолатни индивидуал тарзда ва имкон қадар диққат билан кўриб чиқиш зарур. Юқорида кўрсатилган ҳолатда фирибгарлик аломатлари мавжуд, чунки олинган пуллар шартнома мажбуриятларини бажариш учун йўналтирилмаган кўринади. Аммо ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан фирибгарлик аломатлари мавжудлигининг тан олиниши ёки олинмаслигидан қатъи назар қарздор олган пулларини қайтариши ёки мажбуриятларини бажариши даркор. Фақат давлат томонидан битим иштирокчиларини уни бажаришга мажбурлаш усуллари фарқланади:

а) фуқаролик ёки иқтисодий судга даъво тақдим этилиши орқали;

б) жиноий иш қўзғатилиши орқали.

 

Самир Латипов.

 

Курс валют

2018-07-17
  • USD:7787.81 (--25.61) сум
  • EUR:9100.06 (--76.80) сум
  • RUB:124.54 (+0.35) сум