Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

Қай бири афзал: истеъмол кредитими ёки дўконда бўлиб-бўлиб тўлаш усули?

28.06.2017

Маиший техника воситаларини янгилашга қарор қилган бўлсангиз-у, аммо маблағингиз етарли бўлмаса, қаерга бориш керак — банкками ёки дўконга? Истеъмол кредити масалаларида мазкур муассасалар ишлайдиган умумий шарт ва тамойилларни кўриб чиқишни таклиф этамиз.

 

Истеъмол кредитлари

 

Истеъмол кредити пакетлари бугунги кунда кўпгина маҳаллий банклар томонидан тақдим этилмоқда. Кредитлар маиший, компьютер техникаси, радио- ва электроаппаратура, мебеллар ва кундалик турмуш буюмлари, турар жойларни жиҳозлаш ва янгилаш учун товарлар сотиб олишга; даволаш ва даволаш-профилактика муассасалари, курортлар, дам олиш уйларида даволаниш ва дам олиш учун йўлланмалар харид қилишга, маросимлар (тўй, юбилей) ўтказишга, «GM-Uzbekistan» АЖ томонидан ишлаб чиқарилган шахсий автомобилларни таъмирлаш учун берилади.

 

Истеъмол кредитини олиш учун ҳужжатлар пакети аксарият банкларда қуйидагича:

  • кредит олиш учун ариза;
  • доимий прописка қайд қилинган паспорт, муддатли хизмат ҳарбий хизматчилари учун –  ҳарбий гувоҳнома ёки ҳарбий хизматчи гувоҳномаси;
  • яшаш жойидан маълумотнома;
  • охирги йил учун олган даромади ҳақида маълумотнома (якка тартибдаги тадбиркорлар учун – амал қилиш муддати кредит муддатидан кам бўлмаган патент ёки даромаднинг бошқа турини тасдиқловчи ҳужжат);
  • пенсия дафтарчаси ва СТИР нусхалари, савдо ташкилотининг олди-сотди шартномаси;
  • никоҳ гувоҳномасининг нотариал тасдиқланган нусхаси (агар кредит ёш оила аъзосига расмийлаштирилаётган бўлса).

 

Кафиллик ёки гаров таъминоти бир неча йил олдин мажбурий шарт ҳисобланар эди, аммо ҳозирги вақтда қисқа муддатли истеъмол кредитлари учун аксарият банкларда бу талаб қилинмайди. Аммо баъзи банкларда кредитлар қайтарилишини таъминловчи ҳужжатлар барибир зарур.

 

Истеъмол кредити бериладиган максимал сумма турли банкларда ҳар хил. Масалан, Капиталбанкда 75 ЭКИҲдан, Ипотека-банкда – 200 ЭКИҲдан, Миллий банкда – 300 ЭКИҲдан ошмаслиги керак. Истеъмол кредитининг муддати одатда муддатидан олдин қоплаш имконияти билан, аммо узайтириш имкониятисиз бир неча ойдан 5 йилгача бўлган муддатни ташкил этади.

 

Бугунги кунда истеъмол кредити сегментида банк фоиз ставкаларининг ўртача диапазони йиллик 16 дан 24%гачани ташкил этмоқда. Кўпгина банклар ёш оилалар учун имтиёзли  9 дан 14%гача  бўлган кредитларни тақдим этмоқда. Бунда 6 ойлик имтиёзли давр кўзда тутилган бўлиб, унинг мобайнида асосий қарз қопланмайди, балки фақат фоизлар тўланади. Асосий қарз 7-ойдан бошлаб қоплана бошланади.

 

Умумий асосларда олинган истеъмол кредитини қоплаш схемаси универсал –ўрнатилган муддатларда бутун кредитлаш даври мобайнида муддатларни бузмаган ҳолда тўловлар ойларга бир хил миқдорда тақсимланади. Олайлик, агар кредит шартномаси 20 июнь куни тузилган бўлса, дастлабки бадални 19 июлгача тўлаш даркор, акс ҳолда муддати ўтган ҳар бир кун учун пеня ҳисобланади, узоқ муддат кечиктирилганда эса иш судга оширилади. Кредитларни ўз вақтида тўлаш қарз олувчининг кредит тарихи тоза бўлиши учун ҳам зарур.

 

Кредитни расмийлаштиришда вужудга келадиган қўшимча харажатлар, – шартнома тузилган кунда тўланадиган кредит тақдим этиш хизмати учун бир маротабалик комиссия.

 

Амалий мисолни ўриб чиқамиз. Маҳаллий ишлаб чиқарувчининг совутгичини 5 млн. сўмга харид қилиш учун шартнома имзолаган қарздор Капиталбанкка мурожаат этди. Кредитни расмийлаштириш учун банк комиссияси кредитлар муддатига боғлиқ равишда белгиланади. Агар кредит 1 йилга берилса, сумманинг 6%ини, агар 2 йилга бўлса – 9%ини, 3 йилга берилганда – 12%ини ташкил этади.

 

Капиталбанкда истеъмол кредити бўйича ставка 24% ни ташкил этади, аммо қолдиқ суммадан ҳисоблаб чиқарилади. Қулайлик яратиш ва тўлов юкини  бир маромда тақсимлаш учун банк уни шундайҳисоблайдики, бунда ҳар ойда амалга ошириладиган тўловлар бир хил қатъий суммани ташкил этади. Бизнинг ҳолатда кредит 1 йил муддатга расмийлаштирилган тақдирда у  473 минг 917 сўмни ташкил этади. Бир йил мобайнида қарздорнархи 5 млн. сўм бўлган товар учун банкка 5 млн. 675 минг сўм тўлайди. Устама тўлов 13,5%ни ташкил этади. Бироқ бунда кредитни расмийлаштириш учун тўланган 6%ни (ёки 300 минг сўм) унутмаслик керак. Натижада ортиқча тўланган жами сумма 975 минг сўм ёки 19,5%ни ташкил этади.

 

 

Дўконда бўлиб-бўлиб тўлаш

 

Ўзбекистондаги савдо тармоқларининг кўпчилиги ўз товарлари учун ҳақни бўлиб-бўлиб олиш шарти билан сотишга тайёр. Arba.uz, Creditasia.uz, Mediapark.uz, Esavdo.uz ва бошқа маҳаллий интернет дўконлари ҳам бўлиб-бўлиб тўлаш усули билан сотишни бошлаб юборишди.

 

Агар банк фоизлари товар суммасига ҳисобланадиган бўлса, бўлиб-бўлиб тўлаш усули билан товарларни реализация қилувчи дўконларнинг кўпчилигида сотувчилар уларда фоиз қўйилмаслигини фахрланиб айтишади.

 

Бўлиб-бўлиб тўлаш усули билан совутгич сотиб олиш учун дўконга юзланар эканмиз, қуйидагича ҳисоб-китобларга дуч келдик.

 

“Барча суммани дарҳол тўлаб сотиб оламан” шарти билан харид қилинган тақдирда совутгичнинг нархи  3 млн 428 минг сўмни ташкил этади, бўлиб-бўлиб тўлаганда ушбу сумма – 4 млн 800 минг сўмга тушади. Дўкон қоплашнинг бир қанча даврларини таклиф этади (3, 5, 6 ва 12 ой), биз 12 ойни танладик. Зарур ҳужжатларни тўплаб, кредитни расмийлаштиргандан кейин (ўртача ҳисобда 3 кун ичида) мижознинг уйига шартнома етказилади ва дастлабки тўлов қабул қилинади. Мазкур ҳолатда бир йил мобайнида қоплаш шарти билан 12 ой учун ҳар бири 369 минг сўмдан 13 та тўлов тўловни амалга ошириш лозим бўлади. Натижада ортиқча тўлов 40%ни ташкил этади.

 

Бу биргина дўконда бўлиб-бўлиб тўлашга мисол эди,  бошқа дўконларда шартлар фарқланиши мумкин. “Барча суммани дарҳол тўлайман” шарти билан товар сотмайдиган дўконлар ҳам мавжуд ва улар бўлиб-бўлиб тўлаш шарти асосидаги нархларни таклиф этмайди. Аммо агар ушбу дўкондаги ва чакана савдо дўконларидаги товарлар ўртача нархларини қиёслайдиган бўлсак, бўлиб-бўлиб тўлаш усулида ишлайдиган дўконларда товарлар камида 35% қиммат эканига амин бўлиш мумкин.

 

Бўлиб-бўлиб тўлаш усулида сотувчи дўконлар кредитни қоплашнинг талай муддатлари ва схемаларини таклиф қилишади. Уларнинг баъзиларида дастлабки тўлов тариқасида товар қийматининг камида 25%ини тўловчилар учун фойдалироқ таклифлар мавжуд, бошқаларида кейинги харидлар учун чегирмали карталар жорий этилган (4 дан 15%гача).  Аммо шу томонларни инобатга олганда ҳам бўлиб-бўлиб тўлаш ҳисобига харид қилинган товарлар учун ортиқча тўланган фоиз истеъмол кредити асосида олинганларидан анча юқори.

 

Харидни дўконларда расмийлаштириш учун қандай ҳужжатлар зарур? Бу ерда қуйидагилар талаб этилади:

  • паспортнинг аслини (ва иш жилди учун унинг нусхаси) тақдим этиш;
  • пойтахтда прописканинг мавжудлиги;
  • СТИР;
  • яшаш жойидан маълумотнома;
  • охирги йил учун иш жойида олинган даромадлари тўғрисида маълумотнома.

 

Кредит 25 ёшдан кичик ва 55 ёшдан катта фуқароларга расмийлаштирилганда дўконлар гаров ҳужжатларини талаб қилишади. Бунда одатда учинчи шахснинг кафиллиги кифоя қилади.

 

Товарни бўлиб-бўлиб тўлаш усули билан расмийлаштирилганда ҳам кредит тарихи муҳим ҳисобланади. Ойлик тўловлар бўйича муддат ўтказиб юборилганда жарима солинади, бунда баъзи дўконлар ҳар бир кечиктирилган кун учун фоиз ҳисоблаб ёзса, бошқалари қатъий белгиланган суммани ҳисоблайди.

 

***

 

Хулоса қилар эканмиз, банк истеъмол кредитларининг дўконлар томонидан таклиф этиладиган бўлиб-бўлиб тўлаш усулидан фарқловчи асосий жиҳатларини таъкидлаб ўтамиз:

 

1. Банк томонидан кредитлашда асосий шарт шуки, кредитни фақат Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган товар ва хизматларга олиш мумкин бўлса, айни вақтда дўконда товарларни бўлиб-бўлиб тўлаш усулида хорижда ишлаб чиқарилганларини ҳам олса бўлади;


2. Банкларда кредитланадиган товарлар ва хизматлар тоифа рўйхати анча кенг.  Бугунги кунда дўконлар таклифларининг асосий қисми маиший техника билан тақдим қилинган;


3. Банкларнинг фоиз ставкалари дўконларникидан пастроқ, аммо дўконда бўлиб-бўлиб тўлашни расмийлаштирганда кредитни расмийлаштириш бўйича хизмат учун қўшимча харажатлар йўқ;


4. Кредитни расмийлаштириш учун зарур ҳужжатлар сони бўйича талаб дўконларда соддароқ ва уларни йиғишга камроқ вақт кетади;


5. Истеъмол кредитини имтиёзли шартлар асосида олиш мумкин (агар қарздор уларга мувофиқ бўлса), дўконларда эса ҳеч қандай имтиёзли фоиз ставкалари кўзда тутилмаган;


6. Дўконларда деярли барча кредит масалаларининг ечимини онлайн равишда ҳал этиш мумкин (ариза ва ҳужжатлар электрон равишда қабул қилинади, қарор ҳақида хабар беришади, биринчи тўловни қабул қилиш ва расмийлаштириш учун курьерни юборишади, кейинги ҳар ойлик тўловларни электрон тизимлар орқали амалга ошириш  имкониятини беришади). Баъзи банкларнинг сайтларида электрон ариза опцияси мавжуд, бироқ тасдиқлагандан кейин шартнома тузиш учун ҳужжатларнинг асли билан шахсан келиш зарур.

 

 Саида Жонизоқова, мухбиримиз.

 

Курс валют

2018-05-22
  • USD:7997.95 (--27.88) сум
  • EUR:9396.79 (--200.50) сум
  • RUB:128.37 (--1.26) сум