Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzЗадержали выплаты работнику – как рассчитать проценты за задержку выплат Как трактовать компенсацию за задержку выплаты дохода работнику Не пропустите сроки регистрации чеков онлайн-ККТ за апрель для зачета НДС по ним Как предприятию продать квартиру физическому лицу

Қонун ҳужжатларининг қайси янги нормалари ишламаяпти

19.04.2018


Қонун ҳужжатларидаги барча янгиликларни ҳам дарҳол амалга ошириб бўлмайди. Чунончи, Президент Фармони ёки Қарори билан янги норма жорий этилса, кўпинча уни қўллаш учун нафақат қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш, балки қуйироқ даражадаги ҳужжатларни қабул қилиш ҳам талаб этилади. Шу сабабли Президент муайян ҳокимият органига бундай ҳужжатни қабул қилиш ёки ўзгартиришлар киритишни топшириши бежиз эмас. Бироқ, афсуски, барча топшириқлар ўз вақтида бажарилмайди. Бу ҳолда қонунга итоаткор директор, бухгалтер, кадрлар бўйича ходим, ҳар биримиз қандай йўл тутишимиз керак? Буни қандай амалга ошириш тушунарсиз бўлса, янги нормани бажариш лозимми?

 

Аввалига давлат раҳбарининг топшириқлари қандай бажарилаётганлигини билиш учун қонун ҳужжатларини инвентаризациядан ўтказдик. Унинг натижалари – қуйидаги жадвалда.

 

«Боши берк кўчага киритиб қўядиган» нормалар

 

Топшириқнинг моҳияти

Бизнес-тузилмалар ва бошқа ташкилотлар қандай муаммоларга тўқнаш келди

1

Президентнинг 5.07.2017 йилдаги «Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги ПФ–5106-сон Фармони:

 

«13. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашининг: …

 

таълим муассасасини тамомлаганига уч йил бўлмаган, биринчи марта ишга қабул қилинган ёшларга даромад солиғини биринчи йил учун 50%, иккинчи ва учинчи йиллар учун эса 25%га камайтириш; … тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

 

21. Адлия вазирлиги Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Молия вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин».

 

Моҳиятан олганда, Солиқ кодексига, Президентнинг 29.12.2017 йилдаги ПҚ–3454-сон қарорига 8-иловага ўзгартиришлар киритилиши керак. Шунингдек имтиёзни қўллаш тартиби тўғрисидаги низомни қабул қилиш зарур.

Ишлаган йиллар қандай ҳисоблаб чиқарилиши ноаниқ:

 

1-вариант – меҳнат стажини қўшиш йўли билан фақат ҳақиқатда ишланган даврлар бир йил деб ҳисобланади (яъни бир йиллик стаж бир неча календарь йилни қамраб олиши мумкин);

 

2-вариант – таълим муассасасини тамомлаган пайтдан бошлаб календарь йил бир иш йили деб қабул қилинади.

2.

Президентнинг 27.12.2016 йилдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги ПҚ–2699-сон қарори:

 

«23. Ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлашда адолат тамойилини сақлаб қолиш мақсадида ишга янги кираётган ёки 12 ойдан кўпроқ танаффусдан сўнг меҳнат фаолиятини қайтадан бошловчилар учун ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақалар ишга қабул қилинган кундан бошлаб амалда ишланган вақтига қараб табақалаштирилган миқдорда тайинлансин:

 

ишга қабул қилинган кундан бошлаб 6 ойгача – ҳомиладорлик ва туғиш бўйича таътилда бўлган вақт мобайнидаги ўртача ойлик иш ҳақининг 50%и миқдорида;

 

ишга қабул қилинган кундан бошлаб 6 ойдан 12 ойгача – ҳомиладорлик ва туғиш бўйича таътилда бўлган вақт мобайнидаги ўртача ойлик иш ҳақининг 75%и миқдорида;

 

ишга қабул қилинган кундан бошлаб 12 ойдан кўпроқ вақт – ҳомиладорлик ва туғиш бўйича таътилда бўлган вақт мобайнидаги ўртача ойлик иш ҳақининг 100%и миқдорида…

 

23…

 

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда икки ҳафта муддатда ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақалар тайинлаш ҳамда тўлаш тартибини қайта кўриб чиқсин ва тасдиқласин».

 

Моҳиятан олганда, Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга (8.05.2002 йилда 1136-сон билан рўйхатдан ўтказилган) ўзгартиришлар киритилиши керак.

«Ишга янги кираётганлар» атамаси остида кимни тушуниш кераклиги ноаниқ:

 

1-вариант – ҳаётида илк бор ишга қабул қилинаётганлар;

 

2-вариант – ташкилотнинг янги ходимлари.

 

Қуйидаги масала юзасидан аниқ тушунтириш берилмаган: болани парваришлаш таътилидан чиқиш «12 ойдан кўпроқ танаффусдан сўнг меҳнат фаолиятини қайтадан бошлаш» ҳисобланадими?

 

Бюджет ва бошқа давлат ташкилотлари раҳбарлари ва бухгалтерлари, бир томондан, нафақани ортиқча тўлашда айбдор деб топилишлари, бошқа томондан эса, – нафақани тўлиқ тўламаганликлари сабабли меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликлари учун жаримага тортилишлари мумкин.

3.

Президентнинг 16.11.2017 йилдаги «Сув таъминоти ва сув чиқариш хизмати кўрсатиш соҳасида тўлов интизомини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–5241-сон Фармони:

 

«4. 1.01.2018 бошлаб қуйидаги тартиб жорий этилсин, унга мувофиқ:

 

барча гуруҳ истеъмолчиларига сув таъминоти ва сув чиқариш хизмати кўрсатиш 100 фоизлик олдиндан ҳақ тўлаш асосида амалга оширилади. Олдиндан ҳақ тўланмаган ҳолларда, мазкур истеъмолчиларга нисбатан белгиланган тартибда сув таъминоти ва сув чиқариш тизимидан тўлиқ узишгача бўлган чоралар кўрилади; ...

 

14. Адлия вазирлиги Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Бюро ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин».

 

Моҳиятан олганда, Истеъмолчиларга сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари кўрсатиш қоидаларига (ВМнинг 15.07.2014 йилдаги 194-сон қарорига илова) ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши керак. 

Олдиндан ҳақи тўланиши керак бўлган ҳажмларни ҳисоблаш тартиби белгиланмаган.

4.

Президентнинг 14.12.2017 йилдаги «Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–5285-сон Фармони:

 

«10. «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмасига бадаллар ва ажратмалар солиқ базасидан чиқарилсин…

 

17. Иқтисодиёт вазирлиги, Адлия вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин».

 

Моҳиятан олганда, Солиқ кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши керак. 

Базасидан бадаллар чиқариладиган аниқ солиқлар кўрсатилмаган.

 

Баён этилган ҳолатлар қонун ҳужжатларига битта норманинг жорий этилиши баъзан уни бажаришга йўналтирилган яна бир қатор қоидаларни қабул қилишни талаб этишини яққол кўрсатиб турибди. Бусиз давлат органлари ҳам, бизнес юритаётган фуқаролар ҳам қонунчилик талабларига риоя этиши мушкул.

 

Шуни қайд этиш лозимки, қонун ҳужжатларидаги барча ноаниқликлар солиқ тўловчиларнинг ва фуқароларнинг фойдасига талқин қилинади. Бу Солиқ кодексининг 11-моддасида ва Жиноят-процессуал кодексининг 23-моддасида назарда тутилган. Бироқ ушбу қоиданинг қўлланиши доим давлат органлари вакилларига боғлиқ бўлади (кўп жиҳатдан уларнинг раъйига қаралади), шу сабабли муайян таваккалчиликка қўл урилади.

 

«Биз бошқа ҳужжат асосида ишлаяпмиз, ҳали унга ўзгартиришлар киритилмади. Кутинг …»

 

Бошқа ҳолларда давлат органлари мутахассислари, улар билан бир қаторда тадбиркорлар ҳам, янги норма тушунарли бўлса-да, бошқа қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилишини кутмоқдалар.

 

Чунончи, Президентнинг 16.01.2018 йилдаги ПФ–5303-сон Фармони 3-бандида белгиланганидек, 1 февралдан бошлаб улгуржи савдога лицензия олишда ЭКИҲнинг 3 500 бараваридан кам бўлмаган миқдорда, шундан пул маблағлари ЭКИҲнинг 1 200 бараваридан кам бўлмаган миқдорда шакллантирилган устав фонди мавжудлиги ҳақидаги талаб бекор қилинади.

 

Бироқ Улгуржи савдо фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низомдан (ВМнинг 5.11.2005 йилдаги 242-сон қарорига илова) ушбу талаб ҳали олиб ташланмаган. Аслида бир қатор идораларга тўғридан-тўғри топшириқ берилган – қонун ҳужжатлари 17.03.2018 йилгача тилга олинган Фармонга мувофиқлаштирилиши керак.

 

Табиийки, қуйи турувчи ҳужжатлар қачон тартибга келтирилишини бизнес кутиб тура олмайди. Лицензия олишга ариза бериш тўхтагани йўқ. Жойлардаги давлат хизматлари марказлари мутахассислари Президентнинг 16.01.2018 йилдаги ПФ–5303-сон Фармонини қандай қўллашни мустақил ҳал этишларига тўғри келмоқда.

 

Шу боис айрим марказларда ғаройиб хулосага келдилар: лицензия устав фонди шакллантирилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларсиз берилмоқда, бироқ юридик шахслар билан тузилаётган лицензия битимларида ушбу банд барибир қайд этилмоқда. Яъни у ердагилар янгиликни шундай талқин қилдилар: лицензия бериш пайтида оширилган устав фонди мавжуд бўлишини талаб қилиш мумкин эмас, бироқ у кейинроқ шакллантирилиши шарт (масалан, масъулияти чекланган жамиятлар учун – давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб бир йил давомида). Сабаби – улар амал қилаётган Низомда ҳаммаси аввалгидек қолган.

 

Бироқ бунда тегишли ўзгартириш ва қўшимчаларни кутиш шарт эмас. Норма бошқа НҲҲ мувофиқлаштирилмасидан «ишлаши» мумкин, зеро «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуннинг 16-моддасига мувофиқ, тафовут бўлган тақдирда юқори юридик кучга эга бўлган ҳужжат қўлланилади. Мазкур ҳолда Президент фармони.

 

Аслида қоида қабул қилинмаган, бу – келажак режалари

 

Бундан ташқари, қонун ҳужжатларига тузатишлар ишлаб чиқилишидан олдин кўпинча уларнинг мазмуни давлат ва бошқа дастурларда тилга олинади. Бироқ режаларни эълон қилишдан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга аниқ ўзгартиришлар киритгунга қадар бир йилгача вақт ўтиши мумкин. Ушбу вақт оралиғида кўп фуқаролар қоида расман қабул қилингунча уни ижро этишни талаб қила бошлайдилар.

 

Масалан, 2018 йилги Давлат дастурида Тошкент ва Тошкент вилоятида доимий пропискага эга бўлмаган фуқаролар учун ушбу маъмурий-ҳудудий бирликларда иккиламчи бозордан кўчмас мулк сотиб олишга бўлган чекловларни бекор қилиш назарда тутилган. Шов-шув кўтарилди, уйлар ва квартиралар нархи ошиб кетди.

 

Ҳатто Адлия вазирлиги ва нотариат вакилларининг тушунтириш билан чиқишларига тўғри келди. Зеро фуқаролар нотариал идораларга расмийлаштириш учун ёппасига мурожаат қила бошладилар. Хабарда кўрсатилишича, 20.03.2018 йилгача фақат тегишли НҲҲ лойиҳаси ишлаб чиқилади. Бироқ у айнан қачон қабул қилинишини маълум қилмадилар.

 

Прописка билан боғлиқ яна бир масала – ишга жойлашиш. Президентнинг 22.01.2018 йилдаги ПФ–5308-сон Фармони 10-банди билан вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмаган фуқароларни ишга қабул қилишга бўлган тақиқ, шунингдек, вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаб турган фуқароларни ишга қабул қилганлик учун иш берувчининг жавобгарлиги бекор қилинди. Фармон 23.01.2018 йилдан кучга кирди.

 

Бироқ Меҳнат кодексининг 80-моддасига, шунингдек Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 223-2-моддасига ўзгартиришлар ҳали киритилмади. Расман тақиқ ўз кучида қолди, жавобгарлик эса мавжуд, сабаби қонунларнинг юридик кучи Президент фармонларидан устун туради.

 

Бундай ҳолларда қонун ҳужжатларига тузатишлар киритилишини кутишдан ўзга чора қолмайди.

 

Хулоса ўрнида шуни қайд этиб ўтмоқчимизки, қонун ҳужжатларидаги низоли норма қўлланиладиган ҳар бир ҳолатда уни алоҳида ўрганиш ва чуқур таҳлил қилиш талаб этилади. Ушбу мақоладан мақсад – маҳаллий қонунчилигимиздаги тизимли муаммоларни ёритиш.   

 

Сабоҳат Султонова, Олег Заманов, Самир Латипов.



 

kadrovik.uz

Курс валют

2024-04-24
  • USD:12705.00 (+0.00) сум
  • EUR:13543.53 (+0.00) сум
  • RUB:136.11 (+0.00) сум

Читайте в свежих номерах