Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

Қурилиш дўконини қандай очиш мумкин?

30.04.2018

Одамзот яралибдики, иморат қуради. Гарчи ҳозир қурилиш ишлари ва хизматларини тўлиқ ўз зиммасига оладиган хусусий корхоналар кўплаб топилсада, аксарият таъмирлаш ва қурилиш ишларини ўзи амалга оширишни афзал билади. Шу туфайли қурилиш материалларига талаб ҳар доим катта. Қурилиш материаллари савдоси бизнесини йўлга қўйиш арафасида бўлган тадбиркорлар олдида кўндаланг бўладиган асосий масала ва муаммоларни кўриб чиқамиз.

Рўйхатдан ўтиш

Фаолиятнинг қандай ташкилий-ҳуқуқий шаклини танлаш бизнеснинг катта-кичиклигига боғлиқ: масалан, кичикроқ дўкон очиш учун ЯТТ сифатида рўйхатдан ўтган афзал бўлса, майдонни кенгроқ ва каттароқ олганлар – дўконлар тармоқлари ёки йирик дўкон ташкил қилмоқчи бўлганлар МЧЖ сифатида фаолият бошлагани маъқул. Бунинг устига йирик ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчилар ЯТТдан кўра МЧЖ билан ҳамкорлик қилишга негадир кўпроқ иштиёқманд бўлади.

Бизнеснинг қандай ташкилий-ҳуқуқий шаклини танлаган маъқул? 

 

Бино ва жойлашув

Қурилиш материаллари дўконини очиш учун камида 50 кв.м. майдонлик бино керак бўлади. Бундай майдонда фақат кичикроқ дўконча очиш мумкин. Шу сабабли қурилиш дўконининг ҳажми қанча катта бўлса, шунча яхши, унга шунча кўп товарни жойлаштириш мумкин. Бу эса шунча кўп одам ўзига керакли нарсаларни дўконингиздан топиши мумкин дегани.

 

Дўкон жойлашган жойнинг ҳам аҳамияти катта. Мақсадли аудиториянгизга яқинроқ жойдан дўкон очишга ҳаракат қилинг. Янги иморатлар тушаётган ёки янги кўп қаватли уйлар қурилаётган маҳалладан жой танлаган афзал: одамлар янги уйларга жойлашишади ва уни таъмирлашади.

 

Аҳоли зич жойлашган жойлардаги қурилиш моллари дўкони товарларига ҳам талаб катта бўлади. Қурилиш гипермаркетларида жойлашган дўкон муваффақият қозониши учун эса у тор доирада ихтисослашган бўлгани маъқул. Шунда унинг тез эътиборга тушиш имконияти ошади.

 

Бино ҳажмини ҳисоблаётганда, товарларни сақлаш учун омборхона бўлишини ҳам инобатга олиш керак. У ерда витринага қўйилмаган товарлар сақланади. Омборхонага савдо залидан кириш имконияти бўлса, нур устига аъло нур. Зарур товарларни харидорни куттириб қўймасдан, олиб чиқиб бериш мумкин.

 

Ускуна ва жиҳозлар

Бинони танлаб, таъмирталаб бўлса, таъмирлаганингиздан кейин зарур ускуналар ҳақида қайғуриш керак. Аслида барча чакана савдо дўконлари деярли айни ускуналар билан жиҳозланади. Аммо қурилиш дўкони товарларининг ўзига хослигини унутмаслик керак. Яъни қандай товарни қайси токчага қўйишни, қандай жавонлар сизга умуман керак эмаслигини олдиндан чамалаб олиш даркор.

Қурилиш дўкони учун зарур жиҳозлар:
- стеллажлар, токчалар;
- витриналар ва товар намойиш этиладиган «саҳначалар»;
- сотувчи учун стол;
- касса аппарати.

 

Товар билан тўлдириш

Даставвал товар етказиб берувчиларнинг бир нечтаси билан ҳамкорлик ўрнатиб кўринг. Шунда уларнинг ишини кузатиш имконига эга бўласиз – улар масъулиятлими, товарлари сифатли ва харидоргирми? Талабларингизга жавоб бермаган етказиб берувчилар билан келишув муддати тугагач, бемалол “хайрлашишингиз” мумкин.

 

Кенг ассортиментдаги товарларни сотиб олган маъқул. Бу, айниқса, декоратив материаллар – гулқоғозлар, плиткалар, бўёқлар кабиларга тааллуқли. Истеъмолчилар одатда танлаш имкониятлари бўлишини исташади. Агар пештахталарингизда атиги 5 турдаги гулқоғоз, 7 хил плитка, 3 тур бўёқни кўришса – сизни ташлаб, рақибларингиз томон кетиб қолишлари мумкин. Шу сабабли, агар дўконингиз майдони кўп товарни жойлаш имконини бермаса, қандайдир товарлардан воз кечиш керак бўлади. Дўконингизда 100 турдаги товардан оз-оздан бўлганидан кўра, 30 хил товарнинг кенг ассортиментда тақдим этилиши анча афзал.

 

Ассортимент

Қурилиш товарлари дўконида нималарни сотиш мумкин? Товар етказиб берувчилар энг харидоргир товарларни сизга тавсия этишади. Қуйидаги рўйхат ҳам товар танлашда сизга қўл келади:
- қурилиш аралашмалари;
- турли елимлар – монтаж қиладиган, гулқоғозларни ёпиштирадиган ва бошқа;
- монтаж кўпиги;
- қурилиш ишлари учун ишлатиладиган асбоб-ускуналар;
- электрик қурилиш асбоблари;
- майда моллар: михлар, болтлар, гайкалар, бурама михлар;
- гулқоғозлар, декоратив плитка, линолеум, паркет;
- лак-бўёқ материаллари ва ҳоказо.

 

Ходимлар

Қурилиш дўконига сотувчилар, кассир, юкчи, бухгалтер, фаррош ёллашга тўғри келади. Кичикрок дўкон учун сотувчи билан юкчиларни ёллаб, қолган ишларни бизнес эгасининг ўзи бажариши ҳам мумкин.

 

Корхонага бухгалтер нега керак? Батафсил бу ерда.

 

Сотувчиларни эса ишга қўйишдан аввал уларни товарларнинг ўзига хосликлари билан таништириб чиқиш даркор. Бундай товарлар сотувчиси камида михни бурама михдан ажрата олиши керак.

 

Сотувчилар харидорнинг талаби ва эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда унга товар тавсия этишни билишлари керак. “Мен уйимдаги фалон нарсани фалонча қилиб ўзгартирмоқчи эдим” ёки “фалон нарса ясамоқчи эдим, буни нима ёрдамида қандай қилиб амалга оширса бўлади?” қабилидаги саволлар билан мурожаат этадиганлар ҳам учраб туради. Бундай саволларга нисбатан одатда қурилиш моллари сотувчилари бўйин қисиб қўя қолишади. Аммо сотувчи шундай саволларга ҳам атрофлича жавоб қайтара олса, фойдали тавсияларни бера олса, доимий мижозлари сони фақат ортиб боради.

 

Мижозлар билан ишлаш 

Мижозларнинг барчасини икки турга ажратиш мумкин – улгуржи ва чакана харидорлар. Чакана харидорлар билан ишлашда энг асосийси – уларга иложи борича эътибор қаратиш, муаммоларининг моҳиятини тушуниб етиш ва уларга энг мос бўлган товарни тавсия этиш.

 

Улгуржи харидорлар – янги уй қураётганлар, уй қуриш ва таъмирлаш билан шуғулланувчи тадбиркорлар. Вазифангиз – улгуржи харидорга ёқиш, уни доимий мижозларингиз рўйхатига киритиш. Кўп қурилиш материаллари дўконларининг асосий даромад манбаи ҳам шулар. Улгуржилар учун ўзига жалб этишнинг яхши усули – чегирмалар. Тез-тез ва кўп товар харид қилувчилар учун чегирмалар тизимини ишлаб чиқинг. Шунда бир маротаба чегирма асосида сиздан товар харид қилганлар, яна қайта-қайта дўконингизга келишни канда қилишмайди.

Етказиб бериш имконияти қўшимча хизмат турига айланиши мумкин. Уни ташкиллаштириш учун юк машинаси сотиб олиб, ҳайдовчи ёллаш ёки юк ташиш хизмати кўрсатувчи корхона билан келишиб ишлашга тўғри келади.

 

Иш жадвали

Қурилиш материаллари дўконининг энг мақбул иш вақти – ҳафтасига 7 кун соат 9:00 дан 21:00 гача. Бундай иш жадвали асосида ишлаш учун сизга иккита сотувчи керак бўлади. Улар алмашиниб ишлаши мумкин. Дўконингиз катта бўлса, сотувчилар сонини яна иккига кўпайтириш зарур. Дўконни бир кунга ёпишингизга тўғри келса (санитария тозалаш ишлари, катта партия товар қабул қилиш ва ҳоказо), буни бегим кунларидан бирида, яхшиси ҳафта бошида қилинг.

 

Харажатлар

Янги қурилиш дўкони очиш учун анча маблағ керак. Аслида тайёр дўкон сотиб олсангиз ҳам бўлади: унинг етказиб берувчилари, харидорлари тайин. Аммо ўзингиз янги дўкон очишни ният қилган бўлсангиз, қуйидаги чиқимларга тайёр туринг:
 

1. Асбоб-ускуналар хариди.
2.
Товарларнинг илк партияси хариди.
3.
Бино учун ижара ҳақи.
4. Транспорт
харажатлари.
5.
Ходимларга иш ҳақи.

6. Бизнесни рўйхатдан ўтказиш ва турли рухсатномалар олиш учун харажатлар.

Товарларнинг ўртача устама ҳақи - 60% бўлади. Ҳаракатларни тўхтатмасангиз, тахминан бир-икки йил муддат ичида дўкон ўзини тўлиқ оқлайди.

 

Фозила Ашурова, мухбиримиз.

 

Курс валют

2018-06-19
  • USD:7883.99 (--25.38) сум
  • EUR:9150.95 (--155.21) сум
  • RUB:124.89 (--1.83) сум