Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

Раҳбар ё бухгалтерга, ёки текширувчиларга пул тўлайди

08.08.2018

Читать на русском языке

Директорлар икки турга бўлинади: баъзилари ўз бухгалтерига, иккинчилари текширувчи органларга пул тўлайди. Эксперт, тажрибали бухгалтер Селимова Дина Мамадалиевна бу борадаги кузатувлари билан ўртоқлашди.

 

«Меҳнат фаолиятим давомида турли соҳаларда бош бухгалтер бўлиб ишлаганман. Ишлаб чиқариш, улгуржи савдо, лизинг, қурилиш ва айрим турдаги хизматлар. Бухгалтерлар, директорлар, муассислар тимсолида ҳамкорлар ва мижозлар билан тез-тез мулоқот қилишимга тўғри келган, албатта.  

 

Мулоқот давомида менда муайян раҳбар стереотипи шаклланди. Шартли равишда уларни икки турга бўлиш мумкин.

 

Биринчи турдаги раҳбар бухгалтерга, иккинчиси текширувчи органларга тўлайди. Тўғри, яхши пул тўланадиган бухгалтер ишлаганда ҳам текширувларда чиқим қилишга тўғри келади. Шунга қарамай, бу харажатларни бир-бири билан таққослаб бўлмайди.  

 

Бухгалтернинг меҳнатига яраша ҳақ тўловчи раҳбар ушбу мутахассис унга нимага кераклигини тушунади. Яхши бухгалтердан пулини аямайди, чунки ҳисоб юритишда муаммо бўлмаслигига, ундан жўяли маслаҳат ҳам олишига ишонади. Солиқларни мақбуллаштириш учун қайси турдаги битимни тузиш, кам харажат билан фойдани қандай кўринишда тақсимлаш каби масалаларда билимдон бухгалтер ўринли маслаҳат беради. Обуна ёки семинарлар ҳақини тўлаш вақти келганда бундай раҳбар маблағини қизғанмайди, бу унинг учун наф келтиришини тушунади, бош бухгалтери қонунчиликдаги ўзгартиришлардан бохабар бўлиб, малакасини оширишини хоҳлайди.    

 

Иккинчи турдаги раҳбарларга келсак. У бухгалтерга маълумотларни тўплаб, солиқларни ҳисоблайдиган ва тўлайдиган оддий ҳисобчи деб қарайди. Амалдаги ставкаларни қўллаб, ўша ЯСТ ёки ЯИТни ўзим ҳам бемалол ҳисоблай оламан деб ўйлайди. Бироқ текширув пайтида ўзига ортиқча бино қўйиши кўпинча бир неча миллионлик жарима солинишига ва «миннатдорчилик» билдирилишига олиб келади. Бундай раҳбар нохуш вазиятларга кўп тўқнаш келади.   

 

Масалан, ҳақнинг 15%ини тўлаган мижоз тегишли ҳужжатларсиз товарни олишга келди. Товарни ишончномасиз юклаб жўнатиш мумкин эмаслиги ҳақидаги бухгалтернинг огоҳлантиришига қарамай, раҳбар ўз мижозига ишониб, уни бериб юборди. Натижада ҳужжатлар расмийлаштирилмади. «Текширилган» мижоз ғойиб бўлди. Директор ечим топишни буюрди. Бироқ мазкур вазиятда ҳар қандай ечим – қонун билан ўйнашиш демак…

 

Бошқа ҳолатда фирмага товар олишни кўзлаб, тўлдирилмаган ҳисобварақ-фактуранинг имзоланган бланкасини кўтариб келишди, унда харидор реквизитлари ва… унинг имзоси бор эди. Бланкага сотувчи реквизитларини қайд этиб, товарни юклаб жўнатдилар. Бухгалтернинг олувчи қани деган саволига асосийси – ҳужжатлар расмийлаштирилди дея жавоб қайтардилар. Қанчадир вақт ўтгач, бухгалтер «олувчи»ни кўрди. Бироқ прокуратура департаментида. 3–4 ой давомида тинмай қатнаган пайтида. Қанча вақти, асаби кетди… Муқобил текширув товар қолдиқларини текширишга асос берди, бюджетга ҳам анча миқдорда жарима келиб тушди. Яхши ҳамки, раҳбарият «масъулият»ни зиммасига олди. Бироқ, бошқа бухгалтерлар билан суҳбатда бундан ҳам аянчли воқеаларни эшитиш мумкин. Раҳбар дом-дараксиз йўқолса, ҳамма жавобгарлик бухгалтерга юклатилар экан.    

 

Бундай раҳбар билан ишлаган маъқулмикин, деб ўйлаб кўриш керак. Гап унинг ишида билимдон бухгалтер қанчалик фойда келтиришини тушунмаслигида эмас. У қонунчилик билан ўйнашиб, нафақат ўзини, балки қўл остидаги ходимини ҳам чув туширади. Кам ойлик эвазига ишлашга розилик бераётганда бу билан қонунчиликка риоя этиш учун жавобгарлигимиз камайиб қолмаслигини биламиз. У бухгалтер қанча маош олишига боғлиқ эмас.   

 

Тўғри, ўз билимига ишонган оқил мутахассисгина директорни танлаши мумкин. Шу сабабли ҳам, азиз бухгалтерлар, ўқиб-ўрганинг ва меҳнатингиз қийматини оширинг. Малакангиз устида ишланг ва обрўингизни ўйланг, иш берувчи – сифатсиз бўлса ҳам, лекин арзон-ку, деган танлов олдида қолмасин. Бу бухгалтерларнинг асабийлашишига, саломатлигини йўқотишига олиб келиши мумкин. Раҳбарларга эса «бахилнинг боғи кўкармас» деган мақолни эслатган бўлар эдим».  

 

Таҳририятдан. Малака ошириш усуллари талайгина. Улардан бири – bir.uz сайтида. «Норма» экспертлари 400 дан ортиқ мавзу бўйича ўқув материалларини тайёрлаганлар. Бироқ уларнинг барини ўқишга ҳожат йўқ. Аввал мустақил равишда тестдан ўтинг, билимингиз оқсаётган жиҳатларни билиб олинг, кейин эса тегишли ўқув материалларидан фойдаланиб, ўз устингизда ишланг. Шу йўл билан баҳоингизни оширинг! Билимдон бухгалтернинг доим қадри баланд!

 

 

 

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_

Курс валют

2018-11-13
  • USD:8271.27 (+21.30) сум
  • EUR:9374.66 (--17.93) сум
  • RUB:121.79 (--2.88) сум