Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

Реестр эндигина тўлдирилаётганда

06.11.2018

Читать на русском языке

 

Мамлакатимизда онлайн НКМни жорий этишга тайёргарлик ишлари давом этмоқда. Барчанинг эътибори фискал маълумотларни узатиш технологиясини танлашга қаратилган. Янги технологияларга ўтиш жараёнида савдо ускуналари тақчиллиги юзага келиши мумкинлиги, шунингдек уни бартараф этиш йўллари ҳақида ҳам ўйлаб кўриш керак. Ушбу материалда ана шулар хусусида батафсил сўз юритамиз.

 

Нималар рўй бериши мумкин?

 

Қуйидаги вазият юз берди дейлик. Давлат солиқ қўмитаси (ДСҚ) онлайн НКМга ўтиш ҳақида эълон қилди.

 

Бу эълон назорат-касса машиналаридан фойдаланиб ишлаётган барча тадбиркорлар ўз савдо шохобчаларини ДСҚ қўядиган янги талабларга жавоб берувчи ускуналар билан таъминлаш чораларини кўришлари кераклигини англатади. Бинобарин, улар мавжуд назорат-касса машиналарини модернизация қилишлари ёхуд янгиларини сотиб олишлари зарур бўлади.  

 

Ҳатто Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида онлайн назорат-касса машиналари тизимини жорий этиш ва пилот тарзида ишга тушириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳасида таклиф этилаётган (шарҳга қаранг) технология танланса, яъни компьютерлар ва девайслардан НКМ сифатида фойдаланиш мумкин бўлса ҳам, тадбиркорларнинг бир қисми назорат-касса машиналаридан фойдаланишда давом этаверади. Фақат назорат-касса машиналаридан фойдаланилиши ҳақида қарор қабул қилинса, янги НКМга талаб анча юқори бўлади. 

 

Ушбу сценарийларнинг ҳар бири фискал маълумотларни белгиланган форматда онлайн узата оладиган НКМга эҳтиёж ошишига олиб келади. Бинобарин, ушбу талабни қондиришга олдиндан тайёргарлик кўриш лозим. Мазкур вазифани ҳал қилишнинг бир нечта варианти бор. 

 

Биринчи вариант. Онлайн НКМ ўзимизда ишлаб чиқарилишини кенгайтириш ҳисобига эҳтиёжни қондириш. Бироқ буни амалга оширишнинг деярли иложи йўқ. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ишлаб чиқаришни кенгайтиришга маблағ сарфлаб, барқарор даромад ололмайдилар. Онлайн НКМга талабнинг бирдан ошиши қисқа вақт давом этади. Бир неча ойдан кейин ускуналарга талаб ишдан чиққан ускуналарни алмаштириш ва янги савдо шохобчаларини жиҳозлаш учун зарур бўлган ҳажмга чиқади. Ишлаб чиқаришни бундай кенгайтириш истиқболлари фойда келтирмаслигини инобатга олган ҳолда ҳеч ким бу йўлни танламайди.    

 

Иккинчи вариант. Хорижда ишлаб чиқарилган онлайн НКМларни зарур миқдорда олиб келиш мумкин, бир қарашда, шу билан муаммо ҳал бўлади. Бироқ бу қимматга тушадиган вариант бўлиб, тадбиркорлик ривожида ва товарлар нархларида салбий акс этади. Хорижий ишлаб чиқарувчи ва импорт қилувчилар эса маҳаллий тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ҳақида қайғурмайдилар.

 

Учинчи вариант. Иккала вариантни қўллаган ҳолда масалани ҳал этиш. Мамлакатимизда мавжуд бўлган назорат-касса машиналарини ишлаб чиқариш қувватларини тўлиқ ишга тушириб, етишмаётган миқдорини хориждан олиб кириш. Бу вариант ҳам арзонга тушмайди. Обороти катта бўлмаган савдо шохобчасига янги НКМ сотиб олиш малол келади, унинг келгусидаги фаолиятига салбий таъсир кўрсатади. 

 

Тўртинчи вариант, энг мақбул йўл. Мавжуд назорат-касса машиналарини янги талабларга мувофиқ модернизация қилиш имкониятидан фойдаланиш. Бу вариант камчиқим эканлиги сабабли аксарият тадбиркорлар шуни афзал кўрсалар керак. Имконият яратилса бас.   

 

Имконият яратинг

 

Назорат-касса машиналари билан ишловчи тадбиркорларга иложи борича кам харажат қилиб, мавжуд ускуналарни модернизация қилиш йўли билан онлайн НКМга ўтиш имконини бериш керак.

 

Бироқ барча НКМларни ҳам онлайн НКМ талабларига жавоб берадиган қилиб ўзгартирса бўладими, деган табиий савол юзага келади. Конструкциясини ўзгартиришнинг имкони бўлмайдиган моделлар борлиги аниқ. Бундай ускуналар эгаларини ҳозирданоқ тайёргарлик кўриб, янги НКМ сотиб олишлари кераклиги ҳақида огоҳлантириш зарур.

 

Бошқа тадбиркорларнинг мавжуд ускуналари ишдан чиққанлиги сабабли бугунги кундаёқ уни алмаштиришга эҳтиёж юзага келиши мумкин. Уларга ҳам модернизация қилса бўладиган назорат-касса машинасини сотиб олишни тавсия қилиш керак.

 

Бугунги кунда давлат назорат-касса машиналарини танлашда тадбиркорларга кўмак бера олади. Бунинг учун ҳуқуқий ва ташкилий механизмлар аллақачон яратилган, фақат улардан тўлақонли фойдаланилмаяпти.

 

Экспертлар бугуноқ вазиятни тузатиш мумкин, деган фикрдалар. Бунинг учун «Ўзэлтехсаноат» АЖ ишчи органи ҳисобланган Фискал хотирали назорат-касса машиналари ва уларнинг дастурий маҳсулотлари (версиялари) бўйича идоралараро ишчи комиссия ишини фаоллаштириш зарур холос.  

 

Нафақат киритиш, балки чиқариб ташлаш ҳам муҳим

 

Бизда фақат Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўлланиши рухсат этилган фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналарининг давлат реестрига (бундан кейин – Давлат реестри) киритилган НКМлардан фойдаланиш мумкин. Мантиқ нуқтаи назаридан қараганда, бугунги кундаёқ унда онлайн НКМ талабларига жавоб берадиган қилиб модернизациялаш осон бўлган ускуналар қайд этилиши керак. Бироқ аслида ушбу рўйхатга нималар киритилган?   

 

Хоҳловчилар ДСҚ сайтида Давлат реестри билан танишиб чиқишлари мумкин. Бу рўйхатда қайсилари бор? Жами 42 та ускуна...

 

Унга янги НКМлар 2017 йилда киритилган. Учала моделнинг ҳаммаси ўзимизда ишлаб чиқарилгани, уларнинг иккитаси ўзбекистонлик конструкторларнинг ишланмалари эканлиги эътиборга лойиқ. Ушбу рўйхат 2016, 2014, 2013, 2012 йилларда ва ундан илгари тўлдирилган. Бу рўйхат «жонли» эканлигидан, ваколатли органлар унинг мавжудлигини унутмаганликларидан далолат беради.

 

Бироқ савол туғилади: нима сабабдан унда 1995 йилда киритилган ускуналар ҳанузгача қайд этилган? Бу йилда мамлакатимизда механик назорат-касса машиналаридан, бир неча ой ўтгач эса фискал хотирага эга бўлмаган НКМдан фойдаланишдан воз кечганлар. Моҳиятан олганда, ушбу моделлар реестрдан чиқарилгандан кейин бошқа НКМлар Давлат реестридан чиқариб ташланмаган.

 

Ҳолбуки, ВМнинг 17.11.2011 йилдаги 306-сон қарорига мувофиқ, Идоралараро ишчи комиссияда шундай йўл тутиш учун кўп асослар бор.

 

Комиссия, хусусан, қуйидаги назорат-касса машиналари моделларини (моделлари версияларини) реестрдан чиқариб ташлаши керак:

  • маънан эскирганлиги сабабли хўжалик юритувчи субъектлар томонидан амалиётда фойдаланилмаётган;
  • ишлаб чиқарилмаётган ва узоқ вақтдан (1–2 йил) буён бозорда эҳтиёт қисмлари бўлмаган.

 

Мутахассисларнинг фикрича, бу рўйхатда ана шу иккала параметрга жавоб берадиган ускуналар талайгина. Уларнинг рўйхатда мавжудлиги тадбиркорларни янглиштиради, шунингдек назорат-касса машиналарининг ноинсоф ишлаб чиқарувчилари ва тарқатувчилари учун қўл келади.

 

Бундан ташқари, 2014 йилда янги Ягона техник талаблар тасдиқланиши муносабати билан Давлат реестрига киритилган барча НКМлар ушбу талабларга мувофиқлиги юзасидан экспертизадан ўтказилиши керак эди. Бироқ бу ҳанузгача амалга оширилмаган. Рўйхатнинг ҳозирги ҳолати шундан далолат беради, унда 1987 йилда ишлаб чиқилган контроллерларда ишловчи ускуналар шу пайтгача қайд этиб келинмоқда.    

 

Нималарга эътибор қаратиш лозим?

 

Эҳтимол, Давлат реестрининг долзарблигини, унга киритилган моделлар қонунчилик талабларига мувофиқлигини қайта кўриб чиқиш мақсадида Идоралараро ишчи комиссия йиғилишини ўтказиш пайти келгандир.

 

Замонавий назорат-касса машиналаридан фойдаланиш зарурати қайд этилган Президентнинг 29.09.2017 йилдаги ПҚ–3300-сон қарорига мувофиқ ҳам шундай қилиш зарур.

 

Ҳатто энг прогрессив электр техника моделлари ҳам ишлаб чиқарила бошлаган пайтдан бошлаб 6–7 йил ўтгандан кейин ишлаб чиқаришдан олиб ташланади, кўп ҳолларда бу муддат янада қисқа бўлади. Сабаби – технологиялар ривожланишида. Беш йил аввал долзарб бўлган ускуна бугунги кунга келиб рақобатга дош бера олмайди. Назорат-касса машиналари ҳам бундан мустасно эмас. Бундан ташқари, 10–15 йил аввал яратилганларидан кўра бир неча йил илгари ишлаб чиқилган моделни фискал маълумотларни онлайн режимда узатувчи мавжуд ҳар қандай технологияларга мослаб модернизация қилиш осонроқ. 

 

Келгусида савдо жараёнлари автоматлаштирилганда улардан фойдалана олиш мумкинлигига баҳо берилса, бу ҳам муайян моделни реестрда қолдиришнинг мақсадга мувофиқлиги борасида қарор қабул қилиш учун туртки бўлади.

 

Реестрнинг амалдаги шаклини ҳам Вазирлар Маҳкамасининг 17.11.2011 йилдаги 306-сон қарори талабларига мувофиқлаштириш лозим. Ана шунда тадбиркорлар хилма-хил назорат-касса машиналари орасидан кераклисини танлашда қийналмайдилар.

 

Мисол учун, Ўзбекистон товарлар ҳаракатини назорат қилиш ва ҳисобга олиш тизимларини жорий этиш йўлини танлади. Бу истиқболда савдо шохобчаси эгаси назорат-касса машинасига ўз савдо шохобчасида сотилаётган барча товарлар ҳақидаги маълумотларни киритиши кераклигини англатади. Бугунги кунда турар жой даҳасида жойлашган кичик дўконда ўрта ҳисобда 3 000 номланишдаги, супермаркетларда эса ундан кўп товарлар сотилади. Давлат реестрида ҳозир ҳам товарларнинг рақамли кодлари билан ишлай оладиган ускуналар мавжуд. Бунда киритилган моделлар орасида фақат юзлаб номланишдаги товарлар билан ишлаш имконини берадиганлари ҳам, ўн минглаб ва ундан ортиқ номланишдаги товарларга ишлов бериш имконини берадиганлари ҳам бор.  

 

Давлат реестрининг мавжуд шаклида бу ахборот акс эттирилмаган, тадбиркор унинг ушбу хусусияти ҳақида ахборот олиш учун ускуналардан фойдаланиш йўриқномасини ёхуд тегишли ахборотни излаб топиши зарур. Бу унча қулай ва самарали бўлмаган вариант. Давлат реестри белгиланган шаклга мувофиқлаштирилиб, унда ушбу ахборот акс эттирилганда, иш осонлашган бўлар эди.

 

Давлат реестрининг мазмуни қонунчилик талабларига мувофиқлаштирилишини таъминлаш зарур, бу тадбиркорлар фойдаланадиган ускуналарни вақти-вақти билан янгилаб туриш имконини беради. Бу мамлакатимиз жаҳондаги технологияларни ривожлантириш тамойилларига мувофиқ ривожланишида муҳим омил бўлади.  

 

Фикримизча, давлат замонавий юқори технологик ечимларни амалиётга самарали жорий этиш учун мавжуд имкониятлардан фойдаланибгина қолмай, бизнес билан очиқ-ошкор мулоқотни ҳам йўлга қўйиши лозим, бу билан инсофсиз тадбиркорларнинг йўли тўсилади. 

 

Олег Гаевой.

 


 

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_

Курс валют

2018-11-13
  • USD:8271.27 (+21.30) сум
  • EUR:9374.66 (--17.93) сум
  • RUB:121.79 (--2.88) сум