Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

Режалаштирилган ишларни ўз вақтида бажаришнинг 22 усули

05.12.2016

Айниқса, сўнгги йилларда вақт яшин тезлигида ўтиб кетаётгандек. Ҳеч нарсага улгуриб бўлмайди. Баъзан кун охирлаганда оғир “ух...” тортамиз. Режалаштирилган ишларнинг ярмини ҳам бажаришга улгурмапмиз-ку! Ҳорғинлик, чарчоқ, қувват, эътибор етишмаслиги, бошқа ишларга чалғиб кетганимиз сабабли асосий ишлар қолиб кетганидан афсусланамиз. Бу муаммони бартараф этишнинг бир нечта усуллари мавжуд. Уларнинг энг самаралиларини эътиборингизга ҳавола этамиз. Рўйхатдаги усулларнинг учдан бирини бажарсангиз ҳам куннинг унумини камида икки баробар оширишга эришасиз!

1. Ҳаммаси режа бўйича кетиши керак! Ишларга шўнғиб кетишдан олдин мўлжалланган ишларнинг қайси бири ҳақиқатан ҳам сиз учун муҳим эканини аниқлаб олиш зарур. Агар ишлар кетма-кетлигини белгиловчи аниқ режангиз бўлмаса, 80% энергиянгиз беҳуда сарфланди деяверинг…

 

2. Ўзингизга ғамхўрлик кўрсатинг. Исталган мақсадга эришишнинг биринчи шарти — саломатлик. Меъёрий жисмоний ҳаракатчанлик, тўғри овқатланиш ва тўйиб ухлаш бу йўлдаги ажралмас ҳамроҳларингизга айланиши лозим. Ишни битираман деб ўз вақтида овқатланмаслик, хотиржам ухламаслик бугун бўлмаса, эртага сизга панд бериши тайин.

 

3. «2 дақиқалик иш» қоидаси. Агар кун давомида 2 дақиқа ичида осонгина ҳал этишингиз мумкин бўлган вазифа пайдо бўлса (масалан, электрон почта орқали хат юбориш, жавоб СМС ва бошқалар), бу ишни дарров ҳал қилинг, хеч қачон ортга сурманг! Қолдирилган 2 дақиқалик иш кейин анча кўп вақтни олиши исботланган. Уни 10 дақиқа кейинга қолдириш ҳам тавсия этилмайди.

 

4. «Беш дақиқа» қоидаси. Агар ўта зерикарли, бир хилликдаги ёки жуда мураккаб ва қийин ишни қилишингиз керак бўлса-ю, бунга хоҳишингиз бўлмаса, уни бажарманг! Яхшиси “беш дақиқа” қоидасини ишга солинг. Бу дегани у ишни бажариш учун кунига фақат 5 дақиқагина ажратасиз. Шунда бир кун келиб “5 дақиқалик қоида”дан анча чекинганингизни англайсиз. Зерикарли иш сизни бошқа безовта қилмай, қўрқитмай қўяди. Ҳар куни кам-камдан бажаравериб, унга кўпроқ вақт ажратиб, тезроқ битира бошлаганингизни сезасиз. Кўп ўтмай, қарабсизки, иш битибди-қўйибди!

 

5. Омадли одамлар дастури. Агар олдингизга қўйган асосий мақсадингиз — қайсидир соҳани икир-чикирларигача мукаммал ўрганиш, унинг устасига айланиш бўлса, танлаган ишингиз билан ҲАР КУНИ шуғулланинг (дам олиш кунлари, байрамлар ҳам мустасно эмас!).

 

6. Яна ўша «беш дақиқа». Аммо бу сафар ўша беш дақиқани ички оламни бойитишга бағишлаймиз. Ўйлаб кўринг, қандай фазилатлар ва хислатларга эга бўлишни истардингиз. Бу ҳақда кунига камида 5 дақиқа сарфланг. Хаёлан ўзингизни сиз истаган табиатга эга бўлдим деб тасаввур қилинг.

 

7. Хотирани тўлдириб ташламанг! Кун давомида муҳим туюлган маълумотларни ўз хотирангизга жойлаштирманг. Бунинг кераги йўқ. Қоғоз-қаламдек оддий   ва самарали восита турганда мияни зўриқтиришнинг нима кераги бор. Қоғоз-қалам олиб юришнинг иложиси бўлмаса, телефондан фойдаланишингиз мумкин. Ундаги кундалик ишларни режалаштириш учун мўлжалланган дастурлар бажонидил хизматингизга тайёр.

 

8. Ўзингиз учун қулай бўлган дастурларни йиғинг. 21 аср одами — улкан имкониятлар эгаси. У ўз ишини осонлаштириш учун бир талай ускуналар, дастурлар, анжомлардан фойдаланиши мумкин. Уларни кундалик вазифаларни бажаришда қўллаб кўринг. Айнан бизнес вакиллари учун керак бўлган мобиль иловалар ҳақида аввалги материалларда берган эдик. Уларнинг орасида ўзингизга керак бўлганини танлаб олишингиз мумкин.

 

9. Бир хиллик ва қолоқликни ҳаётингизга яқинлаштирманг! Зерикиш ҳар қандай мақсад ва ҳар қайси орзуни енга олади! Ишонаверинг! Ҳар куни бажараётган ишингизни чанг босишига ҳеч қачон йўл қўйманг. Беш қўлдек биладиган ишингизни амалга оширишнинг янги йўлларини қидиринг. Албатта топасиз!

 

10. Вақтдан  самарали фойдаланиш қоидаси. Ишга киришишдан олдин ўз олдингизга мақсад қўйинг: бу ишни 25 дақиқа мобайнида танаффуссиз, тўхтовсиз, чалғимасдан бажарасиз. Биринчи 25 дақиқа ўтганидан кейин дам олинг. Аммо ҳордиқ чиқариш 5 дақиқадан ошиб кетмасин. Кейин яна ишга киришинг. Тўртта 25 дақиқалик шундай зўр бериб ишлашлардан кейин ярим соат мобайнида маза қилиб дам олсангиз бўлади. 

 

11. Қулоқчиндан ўринли фойдаланиш. Атрофдагилар иш вақтида сизга ҳалал беришларини истамасангиз, қулоқчинлардан фойдалансангиз бўлади. Мусиқани баралла қўйиб олиш шарт эмас. Шунчаки, сизни қулоқчинда кўрган одам банд экан, деб ўйлаб ҳуда-беҳудага безовта қилмайди. Жуда жўн усул!

 

12. Почтадаги тартибсизликлар. Электрон почта — сизга керак бўлган-бўлмаган хатларни сақлаш учун мўлжалланмаган. Е-мейлдаги нозарур хатларни ўчириб юбориш, саралаш ишлари учун ойда ярим кун ажратинг. Кун давомида ҳадеб почтани титкилайвериш одатидан воз кечинг! Бу иш учун муайян вақт ажратинг (масалан, эрталаб, тушликда ва кечқурун).

 

13. Телефон сиз учун чалғитувчи омил бўлмаслиги керак! Куннинг исталган вақтида, эрталаб ва кечқурун алоқада бўлишинг керак, деб ким айтди? Муҳим иш билан шуғулланаётганда мобиль телефонингизни овозсиз режимга ўтказинг. Ҳақиқатан ҳам ўта зарур бўлиб қолсангиз, сизни излаётганлар боғланишнинг албатта бошқа усулини топишади.

 

14. Майда вазифаларни бир гуруҳга жамланг. Агар почтани текширишингиз керак бўлса, телефон қўнғироғига жавоб бериш ва ижтимоий тармоққа киришингиз керак бўлса, бу ишларни биттада бажарганингиз маъқул. Уларнинг ҳар бирини алоҳида-алоҳида бажариб, вақт сарфлашнинг кераги йўқ.

 

15. «Кунни муҳимидан бошлаш» қоидаси. Эрталаб, олдингизда ҳали бутун бир кун Сизни кутиб турган вақтда шу куннинг энг муҳим лойиҳасидан ишни бошланг. Шунда кун тугагунича уни тугатиш имкониятингиз кўпроқ бўлади.

 

16. Куч-қувватни асранг! Агар энг асосий вазифаларнинг барчасини куннинг биринчи ярмида бажариб улгурсангиз, тушдан кейин майда-чуйда, арзимас ишларни бажариш учун кўп энергия сарфламайсиз. Тушдан кейин  одамнинг энергетик салоҳияти эрталабкидан анча тушади. Ҳар қалай 100% бўлмаслиги аниқ.

 

17. Биринчи ва иккинчи даражали ишлар ҳақида. Ҳозирнинг ўзида материални ўқиб туриб ўзингизга ўзингиз савол беринг: бугунги режалаштирилган ишларнинг қайси бири энг муҳим? Жавоб аниқ бўлса, 4-қоидага қайта мурожаат этинг-да, уларга амал қилишни ҳозироқ бошланг.

 

18. Камтарлик ва уятчанликка ўрин бор! Беайб, бекаму-кўст одамнинг ўзи йўқ. Мукаммалликка интилиш яхши, аммо ишда камчиликлар учраши табиий ҳолат. Тадбиркорлик оламида эндигина иш бошлаётган одамларга бир гапни кўп такрорлашади: «Агар яратган маҳсулотингиз учун заррача бўлса-да, уялмасангиз, демак, уни жуда кеч ишлаб чиқара бошлабсиз!»

 

19. Илҳом манбаини изланг. Кимдир белгиланган муддатларда ишни бажармаса, жавобгарликка тортилиши тайинлигини билгани учун зўр бериб ишлайди. Яна ким мақтов эшитиш учун у ёки бу лойиҳани тезроқ тугатишни ўз олдига мақсад қилади. Жазодан қўрқиш ҳам, мақтовга илҳақлик ҳам — сермаҳсул ишлашнинг ўзига хос илҳом манбаи. Сиз шунчаки ўзингизга қайси ҳолатдаги ҳиссиёт маъқуллигини аниқлаб олишингиз керак бўлади.

 

20. Ҳордиқ чиқаришни унутманг. Баъзан янги ғоя туғилиши учун ишлардан бироз чалғиш, дам олиш, эътиборни бошқа нарсага қаратиш талаб этилади.

 

21. Рад этишни ўрганинг. Ўз ишингиз билан машғул бўлган вақтингизда келиб тушган иккинчи даражали илтимосларнинг барчаси учун жавоб битта бўлиши керак. Бу — «ЙЎҚ». Уни вазиятга қараб юмшоқ, дипломатик оҳангда, истасангиз, қатъийроқ оҳангда айтишингиз мумкин. Буниси ўзингизга ҳавола.

 

22. “Билмасвой” ўйини. Баъзида кимгадир рад жавобини бериш учун бироз ҳийлакорроқ усулни қўллашингиз мумкин. Бу сиздан сўралаётган масала юзасидан “бехабарлик, билмаслик” ўйинидир. 

 

Фозила Ашурова, мухбиримиз

 

Мавзуга оид материал:

 

Бизнес учун энг қулай мобиль иловалар

Курс валют

2017-12-12
  • USD:8093.00 (--3.33) сум
  • EUR:9531.94 (--76.78) сум
  • RUB:136.86 (--0.71) сум