Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

Сенат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳисоботларини эшитди

30.03.2017

29 март куни Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди. Хабар қилинишича, Бош прокурор, ички ишлар вазири ҳамда Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг идораларнинг 2016 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботлари эшитилди.

Мажлиснинг биринчи кунида кўриб чиқилган масалалар ҳақида – бу ерда.

 

Бош прокурор хабар берганидек, 2016 йилда прокуратура органлари томонидан тадбиркорларнинг, шу жумладан, тадбиркорларга хизмат кўрсатувчи давлат органлари мансабдор шахсларининг ҳуқуқий билимларини ошириш юзасидан 43 мингдан ортиқ тадбир ўтказилди. Назорат тадбирлари давомида тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари бузилган 19 752 та ҳолат, шу жумладан, уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашилган 129 та ҳолат, ноқонуний текширув ўтказилган 54 та ҳолат, ноқонуний қарорлар қабул қилинган 1 657 та ҳолат, ортиқча йиғимлар ундирилган 657 та ҳолат, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини кўриб чиқишда қонун ҳужжатлари бузилган 887 та ҳолат аниқланди. Ушбу ҳолатлар бўйича прокуратура томонидан тегишли чоралар кўрилди.

 

Солиқ ва валюта жиноятларига ҳамда жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича муайян ишлар бажарилди. 832,7 миллиард сўмлик солиқлар ва тўловларнинг қўшимча ҳисобланиши таъминланди, валюта соҳасида 771 та ҳуқуқбузарлик аниқланди.

 

Бундан ташқари, Бош прокуратура ҳузуридаги телефон мурожаатларини қабул қилиш марказининг 34 та вазирлик ва идора билан электрон алоқа тизимининг самарали ишлаши таъминланди. 2016 йилда Марказ томонидан 103 063 та, тадбиркорлардан 3394 та мурожаат қабул қилинди. Прокуратура органлари томонидан жами 194 817 та мурожаат кўриб чиқилди, 173 080 нафар фуқаронинг қабул қилиниши таъминланди.

 

Ўз навбатида, ички ишлар вазири жиноятнинг асосий кўрсаткичлари, шу жумладан, аввал судланганлар, жиноятчи гуруҳлар ва вояга етмаганлар томонидан содир этиладиган ўта оғир жиноятлар, ҳуқуқбузарликлар сони анча камайганлиги ҳақида ҳисобот берди.

 

Шахсга қарши жиноятларни очиш ва тергов қилишда, гиёҳванд моддалар ноқонуний айланишига, одам савдосига, терроризмга, диний экстремизмга ва уюшган жиноятчиликка, шунингдек, иқтисодиёт соҳасидаги жиноятларга қарши курашишда муайян ижобий натижаларга эришилди.  

 

Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси маърузани идора томонидан қонун лойиҳаси бўйича бажарилган ишлар билан бошлади. Ўтган йилда қўмита 6 та қонун лойиҳасининг янги таҳрири, Вазирлар Маҳкамасининг 10 дан ортиқ қарорини тайёрлади, шундан 8 таси қабул қилинди.

 

Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ижро этилиши устидан олиб борилган назорат давомида 18 270 дан зиёд мансабдор шахс ва фуқаро маъмурий жавобгарликка тортилди, 2 400 дан ортиқ корхона ва ташкилотларга даъво киритилди, 4,13 миллиард сўм ундирилди.

 

2016 йил мобайнида ишлаб чиқаришнинг технологик жараёнлари учун, хизматлар, экологик хавфли чиқиндиларни ва маҳсулотларни олиб кириш ҳамда олиб чиқиш учун 3 860 дан ортиқ экологик сертификат берилди. 27 500 та лойиҳа давлат экологик экспертизасидан ўтказилди, 3 350 дан ортиқ экологик норма белгиланди.

 

Энергетика, нефть-газ, металлургия, кимё, қурилиш тармоқларининг, саноат, коммунал ва қишлоқ хўжалигининг 318 та хўжалик юритувчи субъектида энергия тежовчи, кам чиқинди чиқарадиган технологиялар жорий этилди.

2016 йилда 5 та халқаро лойиҳани амалга ошириш давом эттирилди, 25 та янги халқаро лойиҳа ишлаб чиқилди ва жорий йилда 6 та янги лойиҳани рўёбга чиқариш бўйича келишувга эришилди.

 

Барча кўрилган масалалар юзасидан Сенатнинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

 

 

Курс валют

2017-12-12
  • USD:8093.00 (--3.33) сум
  • EUR:9531.94 (--76.78) сум
  • RUB:136.86 (--0.71) сум