Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Как в налоговой отчетности применить ставку соцналога 1% - читать на buxgalter.uzКак посчитать НДС от разовых сборов рынка – читать на buxgalter.uzЧастные медорганизации получили льготу по ввозимым автомобилям – читать на buxgalter.uz«Уточненку» по НДС пока не принимают – читать на buxgalter.uz

Сенат томонидан 8 та қонун маъқулланди, 1 таси рад этилди

09.03.2020

Читать на русском языке

Ўзбекистон пойтахтида Олий Мажлис Сенатининг иккинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.

 

Сенат аъзолари янги таҳрирдаги «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги Қонунни муҳокама қилишдан бошладилар

 

Қонуннинг амалдаги таҳрири 28 йил аввал қабул қилинганлиги ва унинг деярли барча нормалари эскириб, замон талабларига жавоб бермай қўйганлиги таъкидланди. Қонунда фуқаролик соҳасидаги маъмурий тартиб-таомилларни янада соддалаштириш, тўғридан-тўғри амал қиладиган қонунчилик базасини яратиш, шахсларнинг Ўзбекистон фуқаролигини олиш ва бекор қилиш борасидаги ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг ҳуқуқий механизмларини мустаҳкамлаш назарда тутилган. 

 

Қонун билан Президент ҳузуридаги Фуқаролик масалалари бўйича комиссиянинг мақоми, асосий вазифалари ва ваколатлари белгиланди. Туғилган жойи ёки ота-онасининг фуқаролиги бўйича болаларнинг фуқаролигини белгилаш тартиби мустаҳкамланди. Фуқаролик масалаларини кўриб чиқишда идоралараро электрон ҳамкорлик механизмлари назарда тутилган. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

Ялпи мажлис доирасида сенаторлар янги таҳрирдаги «Метрология тўғрисида»ги Қонунни кўриб чиқдилар.

 

Амалдаги Қонуннинг моддалари бир хилда талқин қилинишини таъминлаш учун асосий тушунчалар «давлат метрология хизмати», «метрологик кузатувчанлик», «ўлчашлар аниқлигининг кўрсаткичи» каби терминлар билан тўлдирилмоқда. Бундай терминлар киритилиши билан «ўлчаш воситаларини қиёслаш» ва «метрология хизмати» терминларининг таърифи ўзгартирилмоқда.

 

Ўлчаш бирлигини таъминлаш соҳасида фаолият олиб бораётган субъектлар, хусусан, давлат метрология хизмати, давлат бошқаруви органларининг метрология хизматлари ва юридик шахслар метрология хизматлари томонидан метрология назоратини ўтказиш ҳуқуқлари белгиланмоқда. Бундан ташқари, алоҳида моддаларда метрология хизматларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари мустаҳкамланмоқда. 

 

Парламентнинг юқори палатаси аъзолари «Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида»ги  Қонунни кўриб чиқдилар. Қонуннинг мақсади ушбу соҳадаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Қонунда аҳолининг соғлиғини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ва болалар учун шарт-шароитларни яхшилаш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш мақсадида аҳоли таркибидаги, демографик вазиятдаги ўзгаришларни баҳолашга доир маълумотлар базасини кенгайтириш каби асосий вазифалар белгиланди.

 

Аҳолини рўйхатга олиш соҳасини давлат томонидан тартибга солиш Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга кўмаклашиш бўйича республика комиссияси, аҳолини рўйхатга олиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи – Давлат статистика қўмитаси, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан амалга оширилади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

Юқори палата аъзолари «Бола ҳуқуқларининг қўшимча кафолатлари белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунни муҳокама қилдилар.

 

Оила кодексига, Фуқаролик процессуал кодексига, «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги, «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонунларга ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.

 

Оила кодексига киритилаётган қўшимчаларда оилада боланинг манфаатларига тааллуқли ҳар қандай масала ҳал қилинаётганда бола ўз фикрини ифода қилишга, шунингдек ҳар қандай суд муҳокамаси ёки маъмурий муҳокама даврида сўзлашга ҳақли эканлиги назарда тутилмоқда. Бунда қарор қабул қилишга ваколатли бўлган органлар ва мансабдор шахслар боланинг манфаатларига тааллуқли масалаларни ҳал қилишда боланинг фикрини, унинг ёшидан қатъи назар, кўриб чиқиши ҳамда боланинг энг устун манфаатларидан келиб чиққан ҳолда қарорлар қабул қилиши керак. Ота-она ва бола алоҳида-алоҳида яшаган тақдирда, васийлик ва ҳомийлик органлари, шунингдек 14 ёшга тўлган бола бир вақтнинг ўзида ота ва онадан вояга етмаган болаларнинг таъминоти учун алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақли.

 

«Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, уларга кўра боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганда, шу жумладан ота-она (улардан бири) ёки ота-онанинг ўрнини босувчи шахслар болага таъминот, тарбия ва таълим бериш бўйича мажбуриятларини бажармаганда ёки лозим даражада бажармаганда ёхуд ота-оналик ҳуқуқларини суиистеъмол қилганда, бола ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини сўраб васийлик ва ҳомийлик органига, шунингдек бошқа давлат органларига мустақил равишда мурожаат қилишга ҳақли.

 

«Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонун янги модда билан тўлдирилмоқда, унга мувофиқ вояга етмаган шахслар ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши масалалари юзасидан давлат органларига, ташкилотларга ёки уларнинг мансабдор шахсларига ушбу Қонунда белгиланган тартибда мустақил равишда мурожаат беришга ҳақли.

 

Қонун билан Фуқаролик процессуал кодексига ҳам тегишли ўзгартишлар киритилмоқда. Бунга кўра вояга етмаган, яъни ёши 14 дан 18 гача бўлган фуқароларнинг, шунингдек муомала лаёқати чекланган деб топилган фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари судда уларнинг ота-оналари, уларни фарзандликка олганлар ёки ҳомийлар томонидан ҳимоя қилинади. Аммо бу ҳол вояга етмаганларни ва муомала лаёқати чекланган деб топилган фуқароларни бундай ишларда шахсан иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

Сенаторлар «Суд ишларини юритиш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги  Қонунни кўриб чиқдилар.

 

«Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонунга ўзгартириш киритилиб, натижада хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги низоларни тезкор ҳал қилишга эришилади. 2020 йил 1 февралдан бошлаб юридик шахслар томонидан даъво аризаси ва унинг иловаларини жавобгар ҳамда иқтисодий судга солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали электрон тарзда юбориш имконияти яратилиши белгиланган.

 

Шу муносабат билан, Иқтисодий процессуал кодекснинг 150-моддасига  даъво аризаси ва унга илова қилинган ҳужжатлар жавобгарга ва учинчи шахсларга электрон тарзда юбориш имкониятини назарда тутувчи қўшимча киритилмоқда. Бунда даъвогар-солиқ тўловчи даъво аризаси ва илова ҳужжатларини судга тақдим этишдан олдин солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали бошқа солиқ тўловчи-жавобгар ва учинчи шахсларга юбориш шунингдек ҳужжатлар юборилганлиги ҳақидаги тасдиқловчи маълумотни ахборот тизими орқали юклаб олиш имкониятига эга бўлади.

 

«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун билан 4 та қонунга, 2 та кодексга ва Амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турларининг рўйхатига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда. 

 

Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказиш тартибини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилашни назарда тутувчи нормалар билан тўлдирилмоқда. Шунингдек киритилаётган қўшимчаларда Ҳисоб палатаси бюджет ва смета-штат интизомини бузганликда айбдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш бўйича ваколатларини амалга ошириши назарда тутилмоқда. Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати органларининг мансабдор шахслари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузилади ва уни маъмурий судга юборилади.

 

«Сиёсий партиялар тўғрисида»ги Қонунга Ҳисоб палатасининг мансабдор шахслари сиёсий партияларга аъзолигини чеклашни назарда тутадиган қўшимча ва ўзгартиш киритилмоқда.

 

Кўрсатиладиган микромолиялаш хизматларини ошириш, уларга ошиб бораётган эҳтиёжни қондириш мақсадида «Микромолиялаш тўғрисида»ги Қонунга ўзгартиришлар киритилмоқда. Уларда муайян суммадан ошмайдиган миқдорда микромолиялаш хизматлари суммасини белгилаш, жумладан қарз олувчига тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун 300 млн сўмдан ошмайдиган суммада микрокредит бериш назарда тутилмоқда.

 

«Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Конституциявий қонун янги норма билан тўлдирилмоқда, унда Конституциявий суднинг мажлисларида иштирок этиш, унинг кўриб чиқиши учун масалалар киритиш ва кўрилаётган масала юзасидан фикр билдириш бўйича Ҳисоб палатаси раисининг ваколатларини амалга ошириш белгиланмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

Сенаторлар томонидан «Маҳалла тизими ходимлари кунини белгилаш тўғрисида»ги  Қонун маъқулланди. Байрам 22 мартда нишонланади.

 

Парламент аъзолари томонидан «Халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича Гаага конференцияси Уставини (Гаага, 1951 йил 31 октябрь) ратификация қилиш ҳақида»ги Қонун кўриб чиқилди. Қонун Ўзбекистон Республикаси ТИВ томонидан ишлаб чиқилган ва халқаро хусусий ҳуқуқ нормаларини босқичма-босқич бирхиллаштиришга кўмаклашишга қаратилган. Мамлакатимизнинг Гаага конфренциясига аъзо бўлиши жаҳон стандартларини ҳисобга олган ҳолда ҳуқуқ тизимини янада ривожлантириш, давлат фуқаролари ҳуқуқ ва манфаатларини хорижда ҳимоя қилиш самарадорлигини ошириш имконини беради.

 

Сенат аъзолари Президентнинг 18.02.2020 йилдаги «Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5938-сон Фармонини тасдиқладилар. Вазирликлар, давлат қўмиталари ва давлат бошқарувининг бошқа органларини ташкил этиш ва тугатиш тўғрисидаги Президент фармонларини тасдиқлаш ваколатлари Конституциянинг 78-моддасида ва «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Конституциявий қонуннинг 8-моддасида мустаҳкамланди.

 

«Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида»ги Қонун рад этилди. Мазкур Қонун зарурати бир қатор омиллар билан асосланади: халқаро тижорат арбитраж судларининг фаолиятини ташкил этиш ва тугатиш тартибини ҳуқуқий тартибга солиш, улар фаолиятининг асосий принципларини белгилаш, хорижий инвесторларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш каби омиллар шулар жумласидан. Бироқ сенаторлар томонидан қонунда қатор концептуал камчиликлар мавжудлиги ва уларни жиддий такомилига етказиш зарурлиги таъкидланди.

 

 

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_