Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак рассчитать отпускные и компенсацию за неиспользованный отпуск по новому ТК Агрегаторы такси и предприниматели, оказывающие услуги такси, налаживают выдачу чеков Госпрограмма на 2024 год: что получит бизнес Как руководителю контролировать бухгалтера, не обладая тонкостями знаний бухгалтерского учета

Сенат томонидан қандай қонунлар маъқулланди

07.08.2023

Читать на русском языке

Тошкент шаҳрида Олий Мажлис Сенатининг қирқ учинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда сенаторлар томонидан жамият ҳаётининг барча соҳалари ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга ва мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигини оширишга қаратилган 9 та масала, шу жумладан 7 та қонун муҳокама қилинди.

 

Сенаторлар Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонунни муҳокама қилди.

 

Ҳужжатда гидротехника иншоотлари хавфсизлигининг асосий принциплари, ушбу соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари назарда тутилмоқда. Бундан ташқари, гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлаш соҳасида чет давлатлар, халқаро ташкилотлар билан ахборот алмашиш масалалари ўз аксини топмоқда.

 

Шунингдек, қонун билан гидротехника иншоотлари хавфсизлигини таъминлаш юзасидан фойдаланувчи ташкилотларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, буюртмачи, лойиҳа ва пудрат ташкилотларининг мажбуриятлари белгиланмоқда.

 

Қонуннинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, тендер ёки танлов ҳужжатларида иштирокчиларга гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги амалий тажриба, қурилиш ускуналари, лабораториялар, машиналар ва механизмлар, шунингдек, малакали мутахассислар мавжуд бўлиши тўғрисидаги талабларни белгилаши шартлиги буюртмачи ташкилотнинг мажбурияти сифатида кўрсатиб қўйилмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

Ялпи мажлисда “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.

 

Жиноят-процессуал кодексга қонуний кучга кирмаган суд қарорларини шикоят (протест) асосида апелляция тартибида, қонуний кучга кирган суд қарорларини кассация тартибида, апелляция ёки кассация тартибида кўрилган суд қарорларини тафтиш тартибида қайта кўришга доир процессуал нормаларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

 

Шунингдек, қонуний кучга кирган суд қарорларини кассация тартибида кўриш бўйича ваколатларни вилоят судларига ва уларга тенглаштирилган судларга ўтказишга ҳамда юқори инстанция судлари томонидан қуйи судлар қарорини бекор қилган ҳолда ишни янгитдан кўриш учун қуйи судга юбориш амалиётини тугатишга доир процессуал нормалар киритилмоқда.

 

Шунингдек, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига крипто-активлар айланмаси соҳасида лицензиялар ва рухсат бериш тартиб-таомиллари тизимини такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.

 

“Давлат божи тўғрисида”ги ва “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунларга лицензияланадиган фаолиятнинг янги турлари ва кичик турлари (крипто-биржа, майнинг-пул, крипто-депозитарий ва крипто-дўкон) ҳамда рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжат асосида амалга ошириладиган майнинг фаолияти белгиланишини назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.

 

Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг крипто-активлар айланмаси соҳасида лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш масалаларига доир ваколатлари мустаҳкамланмоқда.

 

Қонуннинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, майнинг-пул, крипто-депозитарий, крипто-дўкон фаолиятларини амалга ошириш учун  рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни олиш талаб этиладиган янги фаолият тури сифатида ҳам қўшилмоқда.

 

Шу билан бирга, майнингни рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатсиз амалга оширганлик ёки қалбаки ҳужжатлардан фойдаланганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 баробари миқдорида жарима қўлланилиши белгилаб қўйилмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

Сўнгра “Адвокатура тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 31-моддасига ўзгартириш киритиш ҳақида”ги Қонун муҳокама қилинди.

 

Ҳужжат билан адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига доир лицензияни олиш учун имтиҳон топширишга талабгор шахснинг юридик мутахассислик бўйича камида икки йиллик иш стажига эга бўлиши тўғрисидаги талаб бекор қилинмоқда.

 

Сенатнинг ялпи мажлисида “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун кўриб чиқилди.

 

Ушбу Қонун билан Вазирлар Маҳкамасига ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига волонтёрлик фаолияти соҳасидаги давлат мақсадли дастурларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва уларнинг бажарилишини таъминлаш бўйича ваколатлар берилишини назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда.

 

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар ишлари агентлиги волонтёрлик фаолияти соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи этиб белгиланмоқда. У соҳада давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этиш, НҲҲ лойиҳаларини тайёрлаш, мақсадли дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш, волонтёрлик фаолияти соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш каби ваколатларга эга бўлади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

Сенаторлар томонидан “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 43-моддасига қўшимча ва ўзгартириш киритиш ҳақида”ги Қонун кўриб чиқилди.

 

Ҳужжат билан жисмоний шахслар томонидан сақланиши тақиқланган ёввойи ҳайвонларнинг рўйхатини, шунингдек мазкур рўйхатга киритилган ёввойи ҳайвонларни юридик шахслар томонидан сақлаш тартибини белгилаш Вазирлар Маҳкамасининг зиммасига юклатилмоқда.

 

Шунингдек, ялпи мажлисида “Ветеринария тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги Қонун муҳокама қилинди.

 

Ҳужжат билан ветеринария назорати объектларига монеликсиз кириш юзасидан бош давлат ветеринария инспекторларининг, улар ўринбосарларининг ва давлат ветеринария инспекторларининг ваколатларини қисқартирувчи ўзгартиришлар киритиш назарда тутилмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.