Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzОтмена льгот по НДС: ответы на 3 часто задаваемых вопроса Как определить доход от реализации в отдельных случаях Как выплачивать материальную помощь Как выплачивать материальную помощь

Сенатнинг янги раиси сайланди ва бир қатор қонунлар маъқулланди

24.06.2019

Читать на русском языке

Тошкент шаҳрида 21 июнь куни Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.

 

Мажлисда Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади. Давлатимиз раҳбари Сенатнинг аҳоли турмуш даражаси ва сифатини янада ошириш, мамлакатимизнинг халқаро нуфузини ошириш билан боғлиқ вазифаларни бажаришда роли ва нуфузини ошириш зарурлигини таъкидлади. Миллий ва ҳудудий манфаатлар нуқтаи назаридан қонунлар ишлаб чиқилишида сенаторларнинг фаоллигини ошириш, ижро ҳокимияти органлари фаолияти устидан самарали парламент назоратини амалга ошириш, халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари билан амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш, Сенатнинг халқаро йўналишдаги фаолиятини кучайтириш масалаларига эътибор қаратилди. Президент Сенатда янги қўмита – Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича қўмита тузишни таклиф этди. 

 

Илгари Бош вазир ўринбосари – Хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимида ишлаб келган Танзила Норбоева Сенат раиси этиб сайланди.

 

Шунингдек, мажлисда сенаторлар қуйидаги қонунларни маъқулладилар:

 

  • “Туризм тўғрисида” (янги таҳрирда). Ҳужжатда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси туризм соҳасидаги ваколатли давлат органи этиб белгиланди. Қонунда, туризм соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, унинг шакллари ва турлари, туристик индустрияси ва ундаги хизматлар турлари, туристик зоналар ва кластерлар, бу соҳада фаолиятни амалга ошириш шартлари, туризм соҳаси субъектларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланади.

 

  • “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”. Қонунга мувофиқ, шахсга доир маълумотлар жисмоний шахсга тааллуқли бўлган ёки уни идентификация қилиш имконини берадиган, электрон тарзда, қоғозда ва (ёки) бошқа моддий жисмда қайд этилган ахборот ҳисобланади. Давлат персоналлаштириш маркази ушбу соҳадаги ваколатли давлат органи этиб белгиланди.

 

  • “Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси тўғрисида”. Ҳисоб палатаси давлат ташқи аудити ва молиявий назоратининг олий органи ҳисобланади, ҳужжат билан унинг асосий вазифалари белгилаб берилди.

 

  • “Қурол тўғрисида”.  Ҳужжат қуроллар таснифини ўз ичига олган, уни олиш, сақлаш ва қўллаш тартибини белгилайди. Қонун лойиҳаси шарҳи билан ҳавола орқали танишиш мумкин. Қонун Президент томонидан имзоланиб, расмий манбаларда эълон қилингандан кейин порталимизда долзарб ва батафсил ахборот тақдим этилади.

 

  • “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритиш тўғрисида”. Шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жиноий ва маъмурий жавобгарлик чоралари белгиланмоқда. Шунингдек, меҳнат қилиш ҳуқуқини, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузганлик учун жиноий жавобгарлик кучайтирилмоқда.

 

 

  • “Халқаро меҳнат ташкилотининг 1930 йилдаги Мажбурий меҳнат тўғрисидаги 29-сонли Конвенциясига Баённомани (Женева, 2014 йил 11 июнь) ратификация қилиш ҳақида”. Мажбурий меҳнат тўғрисидаги 29-сонли Конвенциясига (1930 й.) Баённома 2014 йил 11 июнда Женевада қабул қилинган. 29-сонли Конвенция Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган (Олий Мажлиснинг 30.08.1997 йилдаги 492-I-сон қарорига қаранг).   У буни ратификация қилган ХМТнинг аъзолари учун зўраки ёки мажбурий меҳнатни қўллашнинг барча шаклларини бекор қилиш мажбуриятини ўз ичига олган. Шунингдек, Конвенция “зўраки ёки мажбурий меҳнат” атамаси моҳиятини очиб беради. У ихтиёрий равишда ўз хизматларини таклиф этмаган ҳар қандай шахсдан ҳар қандай жазолаш таҳдиди остида талаб қилинадиган ҳар қандай иш ёки хизматни англатади.

 

Шунингдек, сенаторлар:

  • Навоий вилоятининг Навоий шаҳри ва Кармана тумани чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги;
  • Вазирлар Маҳкамасига: истиқболли туризм йўналишида Ўзбекистон халқаро имижини ошириш чоралари тўғрисида; Ички ишлар вазирлиги академик лицейларида қонун ҳужжатлари ижроси ҳолати тўғрисида парламент сўрови юбориш масалаларини кўриб чиқдилар.

 

Шундан кейин юқори палата аъзолари Сирдарё вилояти ҳокимининг ҳудудларни ривожлантириш ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини эшитдилар ва илгари юборилган парламент сўровлари натижаларини кўриб чиқдилар.

 

Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирманчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.

 

Олий Мажлис Сенатининг Ахборот хизмати хабари асосида.