Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак влияют курсовые разницы на прибыль от экспорта Как изменятся тарифы на свет и газ с 1 мая и с 1 июня 2024 года Как учитывать экспортные операции Как оформить дефекты основных средств

Сенаторлар Давлат харидлари тўғрисидаги қонунни маъқулладилар

30.03.2018

29 март куни Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Бир қатор қонунлар маъқулланди, Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (Омбудсман) 2017 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисобот тингланди.

 

Сенатнинг Ахборот хизмати маълумотларига кўра, қуйидаги қонунлар маъқулланди:

 

Янги таҳрирдаги «Давлат мукофотлари тўғрисида»ги Қонун. 

 

Ҳужжатда давлат мукофотларининг турлари белгилаб берилган, «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони, Ўзбекистон Республикасининг 34 та фахрий унвони, 11 та орден, 4 та медаль ва Ўзбекистон Республикаси Фахрий ёрлиғи шулар жумласидан. Бундан буён мукофотга тақдим этиш ҳуқуқига Бош вазир, Судьялар олий кенгаши, Марказий банк, Давлат хавфсизлик хизмати, Ҳисоб палатаси, Марказий сайлов комиссияси раислари, шунингдек давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, бошқа республика муассасаларининг, нодавлат нотижорат ташкилотлари республика органларининг раҳбарлари эга бўладилар. Президентнинг давлат мукофотлари билан тақдирлаш ташаббусини мустақил илгари суриш ҳуқуқи мустаҳкамлаб қўйилди. 


«Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги Қонун. 

Жамоатчилик назоратининг давлат органларига мурожаатлар ва сўровлар, давлат органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида иштирок этиш, жамоатчилик муҳокамаси, жамоатчилик эшитуви, жамоатчилик мониторинги, жамоатчилик экспертизаси, жамоатчилик фикрини ўрганиш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан давлат органлари мансабдор шахсларининг ҳисоботларини эшитиш каби шакллари белгиланди.

 

«Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонун.

 

Электрон дўкон орқали харид қилиш тартибининг киритилиши, шунингдек харидларни аукцион, танлов ва тендер орқали амалга ошириш муҳим янгилик ҳисобланади. Қонунда товарларни (ишларни, хизматларни) ягона етказиб берувчидан харид қилиш масалаларини тартибга солувчи нормалар ҳам белгилаб берилди. 

 

«Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида»ги Қонун. 

 

Қонунда Хизмат органлари фаолиятининг асосий йўналишлари белгилаб қўйилди. Уларга қуйидагилар киради:

  • республика давлат хавфсизлигини таъминлаш ва манфаатларини ички ва ташқи хавф-хатарлардан ҳимоя қилиш,
  • қонунийлик ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, мазкур соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аниқлаш ва уларга барҳам бериш,
  • Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузуми, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига бўлган тажовузларнинг олдини олиш, аниқлаш ҳамда уларга барҳам бериш бўйича разведка ва контрразведка фаолиятини амалга ошириш,
  • республика Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш,
  • Қуролли Кучлар ва мудофаа-саноат комплексини давлат хавфсизлигига бўладиган хавф-хатарлар ҳамда таҳдидлардан ҳимоя қилиш,
  • мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш бўйича стратегик ташаббусларни амалга оширишда иштирок этиш,
  • терроризм, экстремизм, уюшган жиноятчиликка, қурол-яроғ, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш,
  • давлат манфаатлари ва хавфсизлигига таҳдид солувчи, миллий, этник ва диний адоватни тарғиб этишга қаратилган бузғунчилик фаолиятининг олдини олиш, уни аниқлаш ва унга барҳам бериш. 

 

Шунингдек қуйидагилар Хизмат фаолиятининг муҳим йўналишлари ҳисобланади:

  • илмий-техник, ижтимоий ва ахборот соҳаларида давлат хавфсизлигини таъминлаш,
  • Ўзбекистон халқининг маданий-тарихий ҳамда бой маънавий меросини ҳимоя қилиш,
  • давлат органлари ва бошқа ташкилотларда давлат манфаатларига ҳамда хавфсизлигига таҳдид солувчи коррупция ҳолатларига қарши курашиш,
  • телекоммуникациялар ва транспорт соҳасида давлат хавфсизлиги ҳамда давлат манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш,
  • фавқулодда вазиятларга шарт-шароит яратувчи омилларнинг олдини олиш, аниқлаш ва уларга барҳам бериш,
  • тезкор-қидирув фаолиятини амалга ошириш,
  • давлат органлари ва бошқа ташкилотларда давлат сирларининг сақланишини, махсус алоқанинг хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ахборотнинг криптографик ҳимоясини ташкил этиш устидан назорат қилиш,
  • давлат манфаатлари ва хавфсизлигига таҳдид солувчи ҳуқуқбузарликларнинг содир этилишига имкон яратувчи сабаблар ҳамда шарт-шароитларни аниқлаш ва бартараф этиш,
  • Хизматнинг жанговарлик ва сафарбарлик шайлиги ҳолатини такомиллаштириш ҳамда сақлаб туриш,
  • фавқулодда вазиятлар юзага келганда ва ҳарбий ҳолат жорий қилинганда куч ва воситаларни ҳаракатларга тайёрлаш ва бошқалар. 


Янги таҳрирдаги «Ўрмон тўғрисида»ги Қонун.

 

Ҳужжат билан ўрмонни қўриқлашга доир чоралар белгиланди, ўрмондан фойдаланишнинг асосий қоидалари такомиллаштирилди. Дарахт ва буталарни кесмаган ҳолда ўтин ва шох-шаббаларни йиғиш, балиқчилик хўжаликлари эҳтиёжлари учун фойдаланиш, экологик туризмни ривожлантириш мақсадида фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун фойдаланиш каби ўрмондан фойдаланишнинг янги турлари киритилмоқда. Ўрмонларни муҳофаза қилиш мақсадида Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ўрмонлардан фойдаланишга нисбатан чекловлар ёки тақиқлар белгилаши мумкин. 



«Ўзбекистон Республикаси уй-жой-коммунал хизмати соҳаси ходимлари кунини белгилаш тўғрисида»ги Қонун.

 

18 апрель куни Уй-жой-коммунал хизмати соҳаси ходимлари куни этиб белгиланмоқда. ушбу соҳада 157 мингдан ортиқ киши меҳнат қилмоқда. Қонун коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш, виждонан қилинадиган меҳнатни рағбатлантиришга имконият яратади.


«Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун. 

 

Қонун нормаларида далилларни қалбакилаштирганлик (сохталаштирилганлик) учун жиноий жавобгарлик ўрнатилмоқда, ёлғон гувоҳлик ва ёлғон хабар берганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда. Қонунга хилоф усуллар орқали ёки жиноят процесси иштирокчиларини қонун билан кафолатланган ҳуқуқларидан маҳрум қилиш ёки бу ҳуқуқларни чеклаш йўли билан олинган фактик маълумотларни далил-исботлар сифатида фойдаланишни тақиқловчи тегишли норма киритилмоқда. Шунингдек, судларда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши принципини чеклайдиган қўшимча талабларни жорий этиш тақиқланмоқда, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала турларини қўллаганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда. 


Сиртдан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган шахсларнинг мазкур эҳтиёт чораси устидан суд тартибида шикоят қилишга доир ҳуқуқлари, шунингдек ҳимоячининг далилларни тўплаш ва тақдим этишга доир ҳуқуқлари кенгайтирилмоқда, ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш жараёни, тергов эксперименти албатта видеога олиниши, шунингдек суд текшируви жараёнида стенографик ёзув олиб борилиши ҳақидаги талаб жорий этилмоқда. Далилларни тўплаш ва мустаҳкамлашда рухсат берилмаган усуллар қўлланилганлиги тўғрисидаги мурожаатлар суд-тиббий экспертизаси ёки бошқа экспертиза ўтказилган ҳолда прокурор ёки суд томонидан албатта текширилиши лозимлигини назарда тутувчи тартиб ўрнатилмоқда.

 

Озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ўтаётган, қамоқда сақланаётган, ушлаб турилган ёки маъмурий қамоққа тортилган шахслардан жиноятлар тўғрисида олинган аризалар, хабарларни ва бошқа маълумотларни дарҳол рўйхатга олиш ва ҳал этишда жиноят-процессуал қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилаётганлиги прокурор томонидан мажбурий тарзда текширилиши ҳақидаги нормалар жорий қилинмоқда.  

 

«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун. 

 

Киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар журналистлик фаолиятининг эркинлигини таъминловчи ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий шарт-шароитлар яратишга, журналистларнинг ҳуқуқий мақомини аниқлашга қаратилган. 

 

Моддий маданий мерос объектларини қўриқлаш ва улардан фойдаланиш масалалари кучайтирилмоқда, сув объектларидан фойдаланиш шартлари аниқлаштирилмоқда, ахборот-кутубхона фаолияти соҳасини тартибга солувчи амалдаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилмоқда, шунингдек ишга қабул қилинаётган шахс яқин қариндошларининг судланганлиги сабабли уни ишга қабул қилишни рад этиш тақиқланиши назарда тутилмоқда. 

 

«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги ва «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги қонунларга Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари орасидан чет давлатларнинг парламентлари ва халқаро парламент ташкилотлари билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳлар, комиссиялар, қўмиталар, ишчи гуруҳлар ва бошқа тузилмалар тузишни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

 

Жиноят-процессуал кодексига жиноят ишларини ошкора кўриш суднинг ташаббуси билан ёки жиноят процесси иштирокчиларининг илтимосномасига кўра аудио- ва видеоёзувга олишдан фойдаланган ҳолда ҳамда видеоконференцалоқа режимида ўтказилиши мумкинлигини, шунингдек суднинг қонуний кучга кирган қарорлари жиноят процесси иштирокчиларининг розилиги билан ёки шахсини кўрсатмаган тарзда суднинг расмий веб-сайтида эълон қилиниши мумкинлигини (бундан ёпиқ суд мажлисларида кўрилган ишлар бўйича суд қарорлари мустасно) назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. 

 

Қонун билан фермер хўжаликларини ташкил этиш механизми такомиллаштирилмоқда. Масалан, «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги Қонунга фермер хўжаликларини ташкил этиш механизмини такомиллаштиришни, ер участкалари тақдим этиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишни, кўп тармоқли фермер хўжаликларининг ҳуқуқий мақомини белгилаш ва уларни рағбатлантириш тизимини, фермер хўжаликлари ҳуқуқларини янада кенгайтиришни ҳамда уларнинг моддий манфаатдорлигини оширишни, ҳуқуқни қўллаш амалиётида юзага келадиган муаммоларни ва қонун ҳужжатларидаги нуқсонларни бартараф этишни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

 

Солиқ кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларда энергия ресурсларининг амалдаги тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган турар жойларда муқобил энергия манбаларидан фойдаланувчи жисмоний шахсларга муқобил энергия манбалари ўрнатилган ойдан эътиборан уч йил муддатга мулк солиғи ва ер солиғидан озод қилиш тарзида имтиёзлар бериш,

 

ягона ижтимоий тўловни пахта йиғим-терими бўйича қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилинган жисмоний шахсларнинг даромадларига нисбатан ҳисоблаб чиқармаслик,

 

солиқ солинадиган базани туристик фаолият субъектлари учун – туристик хизматларни онлайн-бронлаштириш ва сотиш бўйича дастурий маҳсулотларни ҳамда ахборот тизимларини жорий этишга йўналтирилган маблағлар суммасига камайтириш,

 

кўп тармоқли фермер хўжаликларини кўп тармоқли фермер хўжаликлари реестрига киритилган кундан бошлаб қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш билан боғлиқ бўлмаган бошқа даромад турлари бўйича ягона солиқ тўловини тўлашдан беш йил муддатга озод эти шва бошқалар назарда тутилади.

 

Халқаро ҳуқуқий ҳужжатларни ратификация қилиш тўғрисидаги бир қатор қонунлар, шу жумладан қуйидаги қонунлар кўриб чиқилди:

 «Ўзбекистон Республикаси, Қозоғистон Республикаси ва Туркманистон ўртасида уч давлатнинг Давлат чегаралари туташган нуқтаси ҳудуди тўғрисида Шартномани (Самарқанд, 2017 йил 10 ноябрь) ратификация қилиш ҳақида»ги Қонун,

«Ўзбекистон Республикаси билан Афғонистон Ислом Республикаси ўртасида фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги шартномани (Тошкент, 2017 йил 5 декабрь) ратификация қилиш ҳақида»ги Қонун,

«Умумжаҳон почта иттифоқи Уставига тўққизинчи қўшимча баённомани (Истанбул, 2016 йил 6 октябрь) ратификация қилиш тўғрисида»ги Қонун,

«Ислом ташкилотининг таълим, фан ва маданият масалалари бўйича уставини (Баку, 2015 йил 26 ноябрь) ратификация қилиш тўғрисида»ги Қонун,

«Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Экстремизмга қарши курашиш бўйича конвенциясини (Остона, 2017 йил 9 июнь) ратификация қилиш тўғрисида»ги Қонун.

 

Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (Омбудсман) 2017 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисобот тингланди.

 

2017 йилда Ўзбекистон Республикаси ва чет давлатлар фуқароларининг, фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг, жамоат ташкилотларининг ва юридик шахсларнинг 9 074 та мурожаати Омбудсман томонидан кўриб чиқилиб ҳал этилди.  Мазкур ишлар натижасида:

 

  • 34 киши ишга жойлаштирилди ва лавозимига қайта тикланди,
  • 53 нафар оилага моддий ёрдам кўрсатилди,
  • 39 нафар фуқарога тиббий ёрдам кўрсатилди,
  • 2 319 миллион сўм давлат фойдасига ундирилди,
  • 263 миллион сўм мурожаат қилганлар фойдасига ундирилди,
  • тижорат ишларини ривожлантириш учун 133 миллион сўмлик кредитлар олишда кўмак берилди. 

 

Сенаторлар ҳисоботни муҳокама қилиш давомида Омбудсман ишининг самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар ва тавсияларни билдирдилар. 

 

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_