Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак облагать налогами доходы от оказания услуг самозанятыми Каким документом подтверждается регистрация онлайн-ККМ в налоговых органах и обязателен ли договор со службой инкассации Как восстановить потерянные данные в чеке ККТ и отчете по поступлениям Как организовать работу кассы Как организовать работу кассы

Суғурта: турист хорижда тиббий ёрдамсиз қолмаслик учун қандай йўл тутиши керак

13.10.2022

Читать на русском языке

Хорижга чиқаётган туристлар тиббий суғурталанган бўлишлари керак. Бироқ, шартнома тузаётган фуқаролар унинг юридик жиҳатдан қанчалик тўғрилигини доим ҳам баҳолай олмайдилар, суғурталовчилар эса оммавий офертада билмай туриб ёки атайин жиддий хатоларга йўл қўядилар. Келинг, ушбу вазиятни кўриб чиқамиз.

 

Ўқувчиларимиздан бири Туркияда дам олиб қайтди. У ерда қуйидаги вазиятга тўқнаш келди.

 

– Туристик агентлиги орқали индивидуал саёҳатни расмийлаштирдим. 23 августдан 31 августгача суғурталандим. Туристик агентлигида у айни пайтда энг яхши суғурта эканлигига, унга ҳатто ковид ҳам киритилганига ишонтиришди. Қайтиш учун чиптани кечроқ сотиб олдим, 28-30 августда қайтишни режалаштиргандим. Бироқ, базада учинчи сентябрга арзонроқ чиптани излаб топдим.

 

Туркияда бўлишимнинг учинчи куни кескин ҳаракат қилишим билан бўйнимда оғриқ турди. Уқаловчига мурожаат қилдим, бироқ муолажадан сўнг 10 дақиқа ўтгач қон босимим кўтарилди. Шунда 350 ўринга мўлжалланган меҳмонхонада шифокор йўқлиги, тиббий препаратлардан фақат бинт, “зелёнка” ва пластирь борлиги маълум бўлди. Буни ҳамма тиббий суғурталангани билан изоҳлашди. Шундай бўлиши кераклиги мантиқан тўғри. Оғриқ қолдирувчи дори ичдим. Кор қилмади. Ўзим билан кўп дори олиб келган эдим, аксига, улар орасида қон босимини пасайтирадигани йўқ эди. Аҳволим оғирлашди.

 

Меҳмонхона ходимлари тиббий суғурта қоғозида кўрсатилган телефон орқали ёрдам сўраб қўнғироқ қилдилар. Суғуртам базага киритилганини телефон орқали тасдиқлашлари учун 20 дақиқа вақт кетди. 30 дақиқа ўтгач машинада хусусий клиникага олиб бордилар. У ерда суғуртамни тасдиқлашларини 30 дақиқа кутдим. Аҳволим оғир бўлгани билан, суғуртам тасдиқланмагунча менга ҳеч ким парво қилмади. Тасдиқни олгач, тўлдириш учун қўлимга бир даста қоғоз тутқазишди. Аҳволимга қарамай, қоғозларни тўлдиришимни талаб қилишлари жуда оғир ботди. Ниҳоят, шифокор қабулига кирдим. Буюрган томчидорини қўйдилар, берган қоғозларини ўқимай туриб имзоладим... Бирмунча вақт ўтиргач, шифокорга аҳволим ўзгармаганини айтдим. Бунга жавобан: нимани кутгандингиз, меҳмонхонага бориб дам олинг, балки тузалиб қоларсиз, деди.

 

Яна бир нохуш ҳолат. Бошқа давлатлардан келган туристларга тиббий ёрдам кўрсатилгач, уларни меҳмонхонага қайтиб олиб борадилар. Бизнинг суғуртамизда эса бу назарда тутилмаган. Аҳволингиз қандай бўлишидан қатъи назар, меҳмонхонага ўзингиз қайтишингиз керак. Ўзимизнинг қадримизни билмай туриб, бошқалар бизни қадрлашларини кутамиз...

 

Телеграм орқали Тошкент билан боғландим, неврологни топиб, ундан тавсиялар олдим. Бироз хотиржам бўлдим. Туркия дорихоналарида биз кўниккан препаратларнинг аналогларини топиш қийин экан. Бунинг устига, рецептсиз кўп нарсани сотиб олишнинг имкони бўлмади.

 

31 август куни бошқа шаҳарда касалим яна хуруж қилди. Меҳмонхона хизмати суғурта ташкилоти билан боғланди. Суғурталанганимни аниқлашларига 20 дақиқа, машинани кутишга 40 дақиқа вақт кетди. Хусусий клиникада суғуртани яна тасдиқладилар. Ниҳоят, томчидори қўйдилар. Бу сафар у яхши кор қилди – меҳмонхонага ўзим қайтдим. Аввалроқ тиббий суғурта муддатини узайтириш учун туроператор билан қўнғироқлашгандим. Уни учинчи санагача узайтириб бердилар.

 

Эртаси куни оғриқ қолдирувчи дориларнинг таъсири тугади. Яна касалим қўзиди. Бу сафар суғурта ташкилотидан рад жавоби олдим. Буни суғуртани Тошкентда эмас, масофадан туриб сотиб олганим билан изоҳладилар. Туркия шошилинч тиббий ёрдам машинасини чақиришларини сўрадим. Бош оғриғи билан шикоят қилувчилар чақирганда бормаймиз дейишди.

 

Бундай ҳолат кишини ваҳимага солади. Бегона юртда ҳеч ким ёрдам қўлини узатмади.

 

Мен учун иккинчи суғуртани расмийлаштирган бўлсалар ҳам, у амал қилмади. Ҳатто ковид ҳам киритилган суғурта қандай ёрдам бериши мумкин? Айни шу касаллик билан оғриб қолсангиз – самолётга қўймасликлари аниқ. Самолёт чиптасини алмаштирса бўлар, бироқ суғурта муддатини узайтира олмайсиз. У суғуртада кўрсатилган даврдагина амал қилади (агар уни суғурта ҳолати деб ҳисобласалар). Одатда, у саёҳат қиладиган даврингизни қамраб олади. Туристлар қандайдир форс-мажор ҳолат: тошқин, бўрон, бошқа табиий офат сабабли ушланиб қолсалар-чи? Суғуртасиз қолишлари тайин!

 

Мен учун суғуртани расмийлаштирган компания сайтида қандай ҳолат суғурта ҳолати деб ҳисобланиши ҳақидаги ахборотни топмадим. Уни муаммосиз онлайн сотиб олиш мумкин. Бироқ нимани сотиб олаётганимизни, нимани сотаётганликларини тушунтирмайдилар.

 

Ҳеч ким мен каби нохушликка дуч келмасин. Бундай вазиятлардан қандай қочиш мумкин?

 

Бундай вазиятларда қандай йўл тутиш ҳақида юрист Собир Нурбердиев тушунтириш берди:

 

– Туристлар ва экскурсантларни суғурта қилиш ихтиёрийдир (туроператорлар ва турагентлар туристик маҳсулотнинг хусусияти ҳамда шаклига қараб туристлар ва экскурсантларда суғурта полиси мавжуд бўлиши тўғрисида талаб белгилаган ҳолатлари бундан мустасно) ҳамда туристлар ва экскурсантлар томонидан бундай фаолиятни олиб бориш ҳуқуқига эга бўлган тегишли суғурта ташкилотлари билан тузиладиган шартномалар асосида амалга оширилади (“Туризм тўғрисида”ги Қонуннинг 38-м.).

 

Тиббий хизматлар (тиббий ёрдам, дори-дармонлар билан таъминлаш) ҳамда бошқа хизматлар ташкил этилишини ва кўрсатилишини талаб этаётган шахс соғлиғининг ёки ҳолатининг бузилиши оқибатида бундай хизматларни ташкил этиш ва кўрсатиш учун, шунингдек шахснинг ҳаёти ёки соғлиғи учун хавфли бўлган таҳдидлар даражасини камайтирадиган ва (ёки) уларни бартараф этадиган профилактика тадбирларини ўтказиш учун ҳақ тўлаш билан боғлиқ мулкий манфаатлар тиббий суғурта объектлари бўлиши мумкин (“Суғурта фаолияти тўғрисида”ги Қонуннинг 11-м.).

 

2022 йил 1 июлдан бошлаб суғуртанинг барча турларини (классларини) электрон шаклда амалга оширишга рухсат берилган (23.10.2021 йилдаги ПҚ-5265-сон Президент қарорининг 1-б.).

 

Суғурта қилдирувчи (суғурталанган шахс, наф олувчи) томонидан суғурталовчига суғурта шартномасини тузиш, ўзгартириш, муддатидан олдин тугатиш учун, суғурта қоидаларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда суғурта товонини (суғурта тўловини) олиш учун электрон шаклдаги ахборотни (суғурта шартномасини тузиш, ўзгартириш, муддатидан олдин тугатиш тўғрисидаги аризани, суғурта ҳодисаси юз берганлиги ҳақидаги билдиришномани, суғурта товонини (суғурта тўловини) тўлаш тўғрисидаги аризани ва (ёки) бошқа ҳужжатларни) яратиш ҳамда жўнатиш суғурталовчининг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтидан, шунингдек мобиль иловалардан, электрон почтадан ва ахборот алмашишнинг бошқа усулларидан фойдаланилган ҳолда амалга оширилади.

 

Суғуртани электрон шаклда амалга ошириш чоғида ЭРИ билан тасдиқланган ёхуд ЭРИсиз тақдим этилган электрон шаклдаги ахборот суғурта шартномаси, шу жумладан суғурталовчининг ЭРИ билан имзоланган қайси суғурта шартномаси (полиси) шартларига суғурта қилдирувчи офертани (суғурта шартномаси тузиш таклифини) қабул қилиш ва суғурта мукофоти тўлаш орқали ўз розилигини берган бўлса, ўша суғурта шартномаси (полиси) шартларига мувофиқ қоғоздаги ҳужжатга тенг ҳужжат деб эътироф этилади.

 

Ихтиёрий суғуртани амалга ошириш чоғида суғурта қилдирувчи (суғурталанган шахс, наф олувчи) ва суғурталовчи ўртасида электрон ҳужжатлардан фойдаланишга доир талаблар ҳамда электрон шаклда ахборот алмашиш тартиби суғурта қоидаларида ва (ёки) мазкур шахслар ўртасидаги бошқа келишувда белгиланади (“Суғурта фаолияти тўғрисида”ги Қонуннинг 31-м.).

 

Суғурта қоидалари  суғурталовчи ёки суғурталовчиларнинг бирлашмаси томонидан қабул қилинади ҳамда тасдиқланади ва суғуртанинг асосий қоидаларини ўз ичига олиши керак (“Суғурта фаолияти тўғрисида”ги Қонуннинг 30-м.).

 

Ўқувчимиз томонидан тақдим этилган суғурта полиси QR-кодга эга бўлиб, ушбу кодда Суғурта қоидаларига ҳавола қилинган, бироқ ушбу ҳужжатда у 19.09.2022 йилдан кучга кирганлиги кўрсатилган.

 

Мазкур Қоидаларнинг 1.3.3-бандига мувофиқ. Суғурта полиси тўланганлигини тасдиқлаганидан сўнг, суғурталовчининг ахборот тизими автоматик равишда полисни электрон шаклда расмийлаштиради ва суғурталовчининг электрон почта манзилига ёки кўрсатилган телефон рақамидаги мессенжерларга юборади. Шунингдек, суғурта полисининг серияси ва рақами ва уни электрон юборилганлиги ҳақида СМС-хабарни суғурталовчига юборади.

 

Қоидаларнинг 6.2.2. бандида мазкур офертага мувофиқ хорижий сайёҳатда ёки яшаш жойидан бошқа давлатда бўлиб турган шахслар томонидан Полис янги муддатга олинганда (узайтирилганда), суғурта даври тўлов амалга оширилган куннинг эртаси куни соат 00:00:00 дан бошланиши (бироқ Полисда суғуртада кўрсатилган вақтдан олдинроқ эмас) кўрсатилган.

 

Суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари томонидан қонун ҳужжатларига риоя этилиши Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги томонидан назорат қилинади. Унинг вазифалари қаторига суғурта хизматлари истеъмолчилари ва суғурта муносабатларининг бошқа иштирокчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлашдан иборат. Шунга кўра Агентлик ўз ваколатига кирадиган масалалар бўйича жисмоний ва юридик шахсларнинг шикоятларини кўриб чиқиш ваколатига эга (Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги тўғрисидаги Низом).

 

Ҳар қандай манфаатдор шахс бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқи ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатини ҳимоя қилиш учун фуқаролик суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилишга ҳақли (ФПКнинг 3-моддаси).

 

Ҳуқуқи бузилган шахс ўзига етказилган зарарнинг тўла қопланишини талаб қилиши мумкин (ФКнинг 14-м.).

 

Истеъмолчининг ҳуқуқлари бузилиши туфайли унга етказилган маънавий зарар учун уни етказган шахс, башарти у айбдор бўлса, ҳақ тўлаши лозим. Маънавий зарар учун тўланадиган ҳақ миқдорини суд белгилайди (“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 22-м.).

 

Шунга кўра, мижоз суғурта компанияси томонидан унинг ҳуқуқлари бузилган деб ҳисобласа, қуйидаги йўллардан бирини танлаши мумкин:

  • юзага келган масалани музокара йўли билан ҳал қилиш учун суғурта компаниясига мурожаат этиш;
  • шикоят билан Суғурта бозорини ривожлантириш агентлигига мурожаат этиш;
  • фуқаролик ишлари бўйича судга етказилган зиён ва маънавий зарарни ундиришни сўраб даъво аризаси киритиш.