Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

Ташқи реклама ислоҳоти: ичкаридан назар

30.08.2018

Читать на русском языке

Сўнгги вақтда ташқи реклама масаласи матбуотда кўп мунозараларга сабаб бўлаяпти. Кўплаб мақолаларда Тошкент реклама ассоциацияси раиси Анвар Йўлдошевнинг соҳани ислоҳ қилишга доир турли масалалар юзасидан билдирган фикр-мулоҳазалари келтирилаяпти. Бу фикрлар доим ҳам тўғри баён этилмайди. А.Йўлдошев билан суҳбат тушунмовчиликлар юзага келишининг олдини олиш имконини беради.



– Пойтахтимиз жадал ривожланмоқда, проспектлар, майдонлар, бинолар, шаҳар муҳити архитектураси ўзгармоқда. Шаҳарнинг визуал ахборот муҳитини уйғунлаштириш масаласи тобора долзарб тус олмоқда. Сизнингча, биринчи навбатда нима қилиш керак?


– Биринчи навбатда шаҳарни ноқонуний рекламадан тозалаш керак. Шаҳар уйлар, дўконлар, хизмат кўрсатиш соҳаси корхоналари, дўконлари бор оралиқ бекат комплекслари фасадларида бетартиб жойлаштирилган ноқонуний реклама билан тўлган.


Ноқонуний рекламанинг умумий ҳажми махсус конструкцияларда расман жойлаштирилган рекламадан анча кўп, буни бир қарашдаёқ пайқаш мумкин.


Бетартиб жойлашган кўп сонли пешлавҳалар ҳам реклама тўғрисида умумий салбий фикр уйғотади. Шаҳар аҳли, журналистлар юридик жиҳатдан пешлавҳалар рекламага мансуб эмаслигини билмасликлари мумкинлиги табиий, шу сабабли матбуотда ҳам, шаҳар аҳлининг танқидий шарҳларида ҳам фасадларда тартибсиз жойлаштирилган «реклама пешлавҳалари» ҳақида эшитиб қоламиз! 


Кўп сонли вақтинча чиқариладиган ахборот ва реклама кўрсаткичлари ва штендерлар шаҳар кўчалари ва йўлкалари умумий кўринишига салбий таъсир кўрсатади. Ўрнатилиши учун реклама жойи паспортини расмийлаштириш талаб этиладиган реклама конструкцияларидан уларнинг амалда ҳеч қандай фарқи йўқ. Бироқ бугунги кунда вақтинча реклама конструкцияларини ўрнатиш тартибга солинмаслигидан ташқари, ҳеч қандай назоратдан ҳам ўтмайди.


– Умуман ташқи реклама керакми ўзи?


– Ижобий ва салбий далил-исбот кўп бўлса ҳам, бутун дунёда ташқи реклама кўча муҳитининг ажралмас субъекти эканлигини тан олиш зарур. У бизнес, айниқса кичик ва ўрта бизнес учун жуда муҳим. Дунёдаги етакчи брендлар қанча миқдорда ташқи реклама жойлаштиришига бир эътибор беринг.


Зеро айнан уларнинг маркетинг бўлинмалари энг илғор саналади, улар сарфланган ҳар бир сўм қанча самара беришини ҳисоблайдилар.  

 

Шаҳардан тижорат рекламасини олиб ташлашни таклиф этаётган муаллифлар бир вақтнинг ўзида ижтимоий рекламани қолдириш ва ҳатто ривожлантиришни жуда кўп таклиф этадилар. Бу ташқи реклама самарадорлигини тан олишдан бошқа нарса эмас.


Савол юзага келади – нима учун бу одамлар ижтимоий ва сиёсий фаолият соҳаси учун ушбу самарали коммуникация каналини қолдириб, бизнесга бу имкониятни беришни истамайдилар?!


Фикримизча, ташқи рекламани тугатиш ҳақида эмас, балки ташқи рекламани жаҳон стандартларига мувофиқ жойлаштиришни такомиллаштириш масаласи ҳал этилиши керак. 


Шубҳасиз, пойтахтнинг ташқи реклама бозорини ислоҳ қилиш зарур ва шундай қилиниши тайин. Айрим кўчалардаги реклама конструкциялари сони кескин даражага етган.  


2017 йил сентябрда ва 2018 йил июнда Тошкент реклама ассоциацияси ва бир қатор агентликлар ёзма равишда, расмий хат билан янги реклама конструкцияларини жойлаштиришга буюртманомалар қабул қилишни тўхтатиш таклифи билан чиққан.


Бу тўғрими ва адолатданми? Фикримизча – шундай қилиш шарт. Муайян ҳудуддаги бино ва иншоотлар қурилишида энг кўп йўл қўйиладиган меъёр мавжуд.


Кўча ва чорраҳалар ҳам реклама конструкциялари билан тўлиш меъёрига эга. Ҳар қандай бошқа бизнесда бўлгани сингари, ундан кейин иккиламчи бозор иш бошлаши керак.    


Ассоциация ташқи рекламани ислоҳ қилиш ва янада ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиб, шаҳар ҳокимлигига тақдим этди.


Биз «Стрелка» КБнинг Реклама конструкциялари дизайн-кодини ишлаб чиқиш ҳақидаги таклифларини ёқлаймиз ва КБ билан фаол ҳамкорликда ишлаймиз.


Айни пайтда шаҳар ҳокимлиги шаҳардаги ташқи рекламани мониторинг қилмоқда. Биз ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаймиз, Реклама ассоциацияси вакиллари мониторинг ўтказаётган комиссия таркибида ишламоқда.

 

– Айтишларича, айрим агентликлар алоҳида афзалликка эга эмиш…


– Ташқи реклама бозорида алоҳида афзалликка эгаликни нималар кўрсатади? – Ташқи рекламани жойлаштириш тартибининг муайян талабларини бузган ҳолда конструкцияларни ўрнатиш ва улардан келгусида фойдаланишга рухсатнома олиш имконияти.   


Улар ким эканлигини билиб олиш қийин эмас. Қоидабузарлик билан ўрнатилган конструкцияларни мониторингдан ўтказиш керак, холос. Агентлик реклама жойлаштириш тартибини бузган ва реклама жойи паспорти параметрларидан четга чиққан ҳолда ўрнатилган конструкцияларга эга бўлса, унинг бундай қилишига рухсат берилса, демак, у алоҳида афзалликка эга.


Ташқи реклама бозорини ислоҳ қилишга доир ҳукумат тайёрлаган ҳужжат бир неча ойдан бери муҳокама қилинаётганидан хабарингиз бор. Шу ўринда илгаригидек эмас, балки янгича ёндашилгани – давлат органлари вакиллари Реклама ассоциацияси ташкил этган давра суҳбатида қатнашганликларини айтиб ўтиш жоиз. Давлат рақобат қўмитаси ҳам лойиҳани жамоада муҳокама қилди. Биз бир неча бор ўз таклифларимизни юбордик.


– Бугунги кунда давлат органлари ва бизнес вакиллари мулоқотида консенсусга эришилдими?


– Афсуски, ҳозирча бир қатор масалалар бўйича бунга эриша олмадик. Бироқ консенсусга эришиш имкони бор ва зарур. Давлат органлари вакиллари ҳам, реклама соҳасидаги тадбиркорлар ҳам бир-бирларига нисбатан ижобий, асосийси – холисона муносабат билдириш йўлига ўтишлари лозим.  


Бугунги кунда амалдорлар кўпинча ташқи рекламага салбий муносабат билдирмоқдалар. Бизнеснинг биронта соҳаси фақат салбий бўлиши мумкин эмас. Ҳар бирининг ижобий ва салбий жиҳатлари бор.


Ташқи реклама соҳасидаги тадбиркорларни, ҳар қандай соҳада бўлгани каби – бир қолипга солиб бўлмайди. Бу ерда жамоавий жавобгарликни қўллаб бўлмайди. Ўрнатилган конструкциялар норматив ҳужжатларга ва шаҳар муҳити архитектурасига мувофиқлиги юзасидан ҳар бир агентликка холисона баҳо бериш зарур.


Ўз навбатида бизнес ҳам ўз ёндашувларини ўзгартириши лозим. Зеро шаҳарнинг ташқи қиёфаси биз учун ҳам, шаҳарликлар учун ҳам жуда муҳим. Реклама шаҳар муҳити билан уйғунликда бўлиши керак. 


– Бозор иштирокчиларини аввало нима ташвишлантирмоқда?


– Ташқи реклама бозори ислоҳ қилинганда фаолият юритаётган бозор иштирокчиларининг ҳуқуқлари қандай ҳимояланиши хусусида аниқ ва лўнда жавоб йўқ.


Мавжуд барча реклама жойлари паспортларининг амал қилишини тўхтатиш ва уларни янгитдан аукцион орқали тақсимлаш, бунга қанча изоҳ бермасинлар ва асос келтирмасинлар, бозорни маъмурий жиҳатдан қайта бўлиш ҳисобланади. 


Табиийки, Тошкентдаги реклама конструкциялари дизайн-коди жорий этилиши билан муайян миқдордаги реклама конструкцияларини алмаштиришга (формати бўйича ҳам, дизайни бўйича ҳам) тўғри келади. Тегишинча, конструкциялар эгалари бунга тайёр бўлсалар, ушбу имкониятга эга бўлишлари керак. Бунга тайёр бўлмай, бу жойларни қайтариб берсалар, улар янги белгиланган тартибга мувофиқ янги эгаларига топширилиши мумкин.


Хорижий ташқи реклама бозорлари ислоҳоти тажрибасидан кўринишича, хорижда йўл қўйилган хато-камчиликларни, профессионалларнинг фикрларини инобатга олиш жуда муҳим. 


Биз Европа, Осиёдаги ташқи реклама бозори тартибга солинишига доир ҳужжатларни тақдим этишга, шунингдек хорижий маслаҳатчилар билан таъминлашга тайёрмиз.


– Янги реклама жойларини тақсимлашнинг асосий принципи қандай бўлиши керак?


– Бундан буён реклама жойларини аукцион асосида тақсимлашни таклиф этамиз, яъни тақсимлашнинг молиявий принципи устунлик қилиши даркор.


Шаҳар маъмурияти ўз олдига биринчи навбатда қандай асосий вазифани қўймоқда – ташқи рекламани жойлаштириш орқали қўшимча молиявий ресурсларни жалб этишними ёки шаҳар муҳитида реклама жойлаштирилишини такомиллаштириш, бозор иштирокчиларининг касбий малакасини ошириш, ташқи реклама бўйича инновацияларни ривожлантиришними?


Фикримизча, Европа мамлакатлари тажрибасини ўрганиш фойдадан холи бўлмас эди, у ерда аукционлар эмас, балки танловлар ўтказилади. Танловга эса фақат юқори малакали, ўзини кўрсатган бозор иштирокчилари қўйилади. Бунда қуйидагиларни албатта инобатга олиш лозим:

  • конструкцияларни таъмирлаш ва уларга хизмат кўрсатиш, реклама тасвирларини монтаж қилиш бўйича ўз инфратузилмасининг мавжудлиги;
  • профессионал кадрлар таркибига эгалиги.

 

Аукционларни ўтказиш тўғрисидаги низомни соҳани яхши билмайдиган кишилар ишлаб чиқса, ташқи реклама бозорини тартибга солишда жиддий хатоликларга йўл қўйилиши мумкин.


– Реклама конструкциясини ўрнатиш ҳуқуқини фақат муайян даврга бериш таклифи нима билан асосланмоқда?


– Келинг, ҳаммасини тарозига солиб кўрамиз. Бизнес юритиш учун тадбиркор ўзини узоқ қоплайдиган қиммат реклама конструкцияларини тайёрлаш ва ўрнатишга инвестиция қилиши керак.


Қимматга тушувчи инновация лойиҳаларига маблағ қўйиш учун ҳам ўзини қоплаш муддати етарли бўлиши даркор.


Йирик пул маблағлари қўйилиши билан боғлиқ бўлган, муайян муддат (мисол учун, 5 ва 10 йилга) бизнес юритиш ҳуқуқи бериладиган бошқа биронта фаолият турини мисол қилиб келтира оласизми? Шу сабабли бозорда ном чиқарган, қоидабузарликларга йўл қўймайдиган агентликлар ҳуқуқларни устувор узайтириш ҳуқуқига эга бўлиши керак. Аукционга юридик жиҳатдан легал яна қандай ҳуқуқларни қўймоқчимиз?


– Реклама конструкциялари қандай юридик мақомга эга?


– Ташқи реклама бугун ҳам бизнеснинг энг ҳақ-ҳуқуқсиз соҳаси ҳисобланади. Реклама жойи паспорти юридик жиҳатдан легаллаштирилмаган. Реклама конструкциялари амалда «Тошкент Реклама Сервис» вакилининг хати ва кўп ҳолларда телефон қўнғироғи, жуда кўп ҳолларда эса шаҳар ҳокимлиги ходимнинг оғзаки кўрсатмаси асосида демонтаж қилинади. Ана шундай инвестициялари ҳимояланмаган яна биронта бизнес соҳасини биласизми?!


– Амалдаги қонунчилик ёки норматив ҳужжатлар нуқтаи назаридан нима рақобатнинг йўқлиги ёки монополизация кўрсаткичи ҳисобланади?


– Кўпинча рақобатнинг йўқлиги ва хизматлардан фойдаланиб бўлмаслиги ҳақида гапирилаяпти. Бозорда товар ёки хизматлари улуши қуйидаги миқдорни ташкил этадиган хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи устунлик қилиши қоидада белгиланган бўлса, бу қонунда рақобат йўқлиги кўрсаткичи деб тан олинади:

 

1) эллик фоиз ва ундан ортиқ;

2) қуйидаги шартлар белгиланганда ўттиз беш фоиздан эллик фоизгача бўлган диапазонда:

  • хўжалик юритувчи субъектнинг товар бозоридаги улуши камида бир йил муддат давомида барқарор бўлганда;
  • бошқа хўжалик юритувчи субъектларга (рақобатчиларга) тегишли товар бозоридаги улушларнинг нисбий миқдори.

 

Тошкент шаҳар ташқи реклама бозорида 6090 та конструкцияга – 87 та реклама агентлиги ва 1 тадан 10 тагача конструкцияга эга 360 та эгаси тўғри келса, – бу рақобат йўқ деганими?

 

Бизда рақобат йўқ эмас – бизнинг бозорда тартибсизлик ва гиперрақобат бор! Хизматлардан бир неча юзлаб субъект у ёки бу тарзда фойдалана олган бўлса, бу хизматдан фойдаланиб бўлмаслик кўрсаткичи ҳисобланадими?! Ҳар қандай ҳолда ҳам, фикримизча, самарали мулоқот ва ҳамкорликни йўлга қўйиш мумкин ва зарур. 


Ҳозир ҳужжат оммавий муҳокамага қўйилмаган. Биз унинг тақдири ҳақида ва унда нималар назарда тутилганлигини билмаймиз. Ҳужжат лойиҳасига якуний ишлов бериш бўйича доимий фаолият юритувчи ишчи гуруҳни ташкил этиш фойда берган бўлар эди. Назаримизда, бизнес фикрини инобатга олган ҳолда реклама бозори ислоҳ қилинишидан давлат ҳам манфаатдор.


Биз умумий ишни бажараяпмиз, бир-биримизни тушуниб, консенсусга эришишга ишонамиз.



Ольга Экгардт суҳбатлашди.

 


 

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_

Курс валют

2019-01-15
  • USD:8356.18 (+19.11) сум
  • EUR:9582.03 (+83.61) сум
  • RUB:124.97 (+1.61) сум