Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzОтмена льгот по НДС: ответы на 3 часто задаваемых вопроса Как определить доход от реализации в отдельных случаях Как выплачивать материальную помощь Как выплачивать материальную помощь

Тижорат сири ва давлат органлари

15.11.2016

Ўзининг тижорат сирини рақобатчилардан қандай муҳофаза қилиш мумкинлигини барча бизнесменлар билади. Бироқ ҳамма ҳар доим ҳам бунинг уддасидан чиқа олмайди. Тижорат сирини давлат органларидан муҳофаза қилиш – янада мураккаб ва мушкул масала. Ва, бу борадаги қийинчиликларга нафақат хорижда, бошқа ўлкаларда, балки ўзимизнинг юртимизда маҳаллий тадбиркорлар ҳам дуч келишмоқда.

Бизнинг МЧЖга давлат органидан барча ходимларимиз ҳақида маълумотлар — ФИШ, уй манзили ва телефонларини етказиб бериш бўйича сщров келиб тушди. Биз ҳайрон қолдик, аммо мунозарага бормасдан, сўралган барча маълумотларни бердик. Аммо ҳеч қанча вақт ўтмай, ходимларимизни бизга рақобатчи бўлган ташкилотга ишга чақира бошлашди. Бахтимизга, барча ходимлар вазият ҳақида очиқ ойтиб беришди ва ҳеч ким ишдан кетмади. Бизда ўта тор доирадаги ихтисослик бўлгани боис камёб мутахассислар ишлайди. Ходимларимизнинг ишдан бўшаши ва рақобатчи компанияга ўтиши ташкилотимиз фаолиятига зиён етказиши мумкин эди.

Ходимларимизнинг шахсий маълумотлари тижорат сирига кирадими? Уларни давлат органларига тақдим этмасак бўладими? Бундай ҳолатда қандай ҳимояланиш мумкин?

 

МЧЖ директори

АДВОКАТ ШАРҲИ

 

Ходимларнинг шахсий маълумотлари ва тижорат сири


“Тижорат сири тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 3-моддасида белгиланишича:

 

тижорат сири — учинчи шахсларга номаълумлиги сабабли фан-техника, технология, ишлаб чиқариш, молия-иқтисодиёт соҳаларида ҳамда бошқа соҳаларда тижорат қимматига эга бўлган, қонуний асосда эркин фойдаланилмайдиган ахборот бўлиб, ушбу ахборот мулкдори унинг маҳфийлигини муҳофаза қилиш бўйича чора-тадбирларни кўради.

 

Шу тариқа, бирор муҳим ахборотни тижорат сири деб ҳисоблаш учун қуйидаги шартларнинг барчаси жамланган бўлиши керак:

 

1) тижорат қийматига эга бўлиши;

2) учинчи шахсларга номаълумлиги;

3) қонуний асосда эркин фойдаланилмаслиги;

4) унинг маҳфийлигини муҳофаза қилиш бўйича чора-тадбирлари кўрилганлиги.

 

Бунда юқорида кўрсатилган Қонуннинг 5-моддасида тижорат сирини ташкил этиши мумкин бўлмаган маълумотлар белгилаб берилган. Қуйидаги маълумотлар тижорат сири бўла олмайди:

 

ходимларнинг сони ва таркиби1, меҳнатга ҳақ тўлаш тизими ва меҳнат шароитлари тўғрисидаги, шу жумладан меҳнатни муҳофаза қилиш, ишлаб чиқаришдаги жароҳатланишлар ва касб касалликлари кўрсаткичлари, шунингдек бўш иш ўринлари бор-йўқлиги ҳақидаги.

 

Бинобарин, ташкилот штат рўйхатидаги ишчилар сони ва лавозимлар рўйхати тижорат сири бўлиши мумкин эмас. Ходимларнинг ФИШ, уй манзили, телефон рақами каби шахсий маълумотлари тижорат сири таркибига кириши мумкин. Бундай маълумотларга тақиқ таъсир этмайди.

 

Бундан ташқари, жисмоний шахсларнинг шахсий маълумотлари тўғрисидаги ахборотлар Маҳфий ахборотлар сирасига киритилган маълумотлар Рўйхатининг 1-бандига киритилган (7.11.2011йил, 296-сон ВМҚга 2-илова), демакки, у маҳфий саналади.

 

Шу боис агар ходимларнинг махсус билимлари ишлаб чиқариш фаолияти учун қийматли бўлса (масалан, IT-технологиялар соҳасида), шунинг учун ҳам  рақобатчи бошқа ташкилотлар учун исталган бўлса, у ҳолда, бундай ходимларнинг шахсий маълумотлари тижорат қийматига эгадир (ходим ишдан кетса – у билан бирга янги ғоялар, ноёб маҳорат, мижозларнинг бир қисми ва бошқалар ҳам кетади ва бу даромаднинг камайишига олиб келади). Оддийроқ қилиб айтганда, инсон ҳақида маълумотлар ҳам бир товар2. Агар ходимларнинг шахсий маълумотлари ҳамма учун очиқ бўлмаса, ундан эркин фойдаланилмаса, маълум бўлмаса (масалан, ташкилотнинг сайтида), улар учинчи шахсларга номаълум бўлса ва иш берувчи ушбу маълумотларнинг маҳфийлигини муҳофаза қилиш чора-тадбирларини кўраётган бўлса (тижорат сири режимини ўрнатса), бундай маълумотларни тижорат сири, деб ҳисобласа бўлади.

 

Алоҳида таъкидлаб ўтамиз: ходимларнинг шахсий маълумотлари тижорат сири режими ўрнатилмаган тақдирда ўз-ўзидан тижорат сири бўлиб қолмайди (қонунчиликка кўра, маҳфий    эканига қарамасдан). Юридик жиҳатдан бундай маълумотлар тижорат сири деб тан олиниши учун иш берувчи Қонунда ёзиб қўйилган қатор ҳаракатларни амалга ошириши зарур бўлади.

 

Давлат органларига тижорат сирини тақдим этиш

 

Ушбу масала юридик амалиётда  энг мураккаб саналади ва кўп давлатларда низоларга сабаб бўлади. Давлат органлари билан низолар асосан икки ҳолатда вужудга келади – ахборотни етказиб беришдан бош тортиш ва мансабдор шахслар томонидан ундан ноқонуний фойдаланиш. Хорижий тажрибада бундай саволларни судда ҳам маданиятлилик билан ҳал этиш ҳолатлари учрайди. Бундай низоларни мувофиқлаштиришда бизнинг қонунчилигимиз имкониятларини кўриб чиқамиз.

 

Қонуннинг  15-моддаси биринчи қисмига кўра, агар тижорат сирини талаб қилиб олиш қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат органининг ваколатига кирса, тижорат сирини тақдим этиш мазкур давлат органининг асослантирилган талабига кўра тижорат сирининг мулкдори ёки конфидент томонидан текин амалга оширилади.3

 

Тижорат сирини тақдим этиш тўғрисидаги асослантирилган талаб қуйидагича бўлади: 

1)      давлат органининг ваколатли мансабдор шахси томонидан имзоланган бўлиши;

2)      мақсади;

3)      тижорат сирини талаб қилиб олишнинг ҳуқуқий асосини сақлаши;

4)       уни тақдим этиш муддати -

агар қонунда бошқача қоида белгиланмаган бўлса (Қонуннинг 15-моддаси 2-қисми).

 

Шунинг учун сўровга жавоб беришдан олдин унинг қандай расмийлаштирилганига эътибор қаратиш ва мазмунини таҳлил этиш зарур. Сўров ёзма равишда барча юқорида санаб ўтилган талабларга риоя этиб тузилган бўлиши керак. Агар талаб телефон орқали келиб тушган бўлса, гарчи ваколатли мансабдор шахс қўнғироқ қилаётган бўлса ҳам (масалан, участка нозири), ташкилот уни қаноатлантирмаслик ҳуқуқига эга. Сўров асосли бўлиши керак, яъни ташкилот унинг мазмунидан келиб чиқиб маълумотлар нима мақсадда талаб этилаётганини тушуниши даркор.

 

Энг асосийси – сўров бераётган органнинг ҳамда сўровга имзо чеккан мансабдор шахснинг ваколатларига аниқлик киритиш лозим. Агар бу борада ҳуқуқбузарликлар бўлмаса ва сўров қонунчиликда белгиланган барча талабларга жавоб бериб тузилган бўлса, ташкилот ҳатто ахборотлар тижорат сири бўлган тақдирда ҳам белгиланган муддатда унга жавоб тайёрлашга мажбур бўлади.

 

Зумрад Ниязметова,

адвокат.

 


1 Бу ерда гап статистика органларига очиқ тақдим этиладиган маълумотлар хусусида бормоқда. Бинобарин, ходимлар таркиби деганда ташкилотнинг шунчаки штат лавозимларининг умумий рўйхати тушунилади, у одатда ишлаб чиқарувчи ва ишлаб чиқарувчи бўлмаган ходимлар; ишчилар ва хизматчиларга ажратилади. Ходимларнинг шахсий (персонал) таркиби ташкилотнинг кадр хизмати томонидан меҳнат шартномаси, ишга қабул қилинганлик ҳақидаги буйруқ, шахсий варақа каби ҳужжатлар асосида ҳисобга олинади. Бу шахсий маълумотлар қонунчиликка кўра маҳфий саналади.

2 Масалан хорижий нашрларда давлат ва тижорат тузилмаларидаги шахсий маълумотлар базаларини ўғирлаш ва кейин уларни сотиш ҳолатлари учраб туради.

3Конфидент — ижорат сирини унинг мулкдори билан тузилган шартнома асосида эгалик қилишга ва фойдаланишга олган юридик ёки жисмоний шахс (“Тижорат сири тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддаси).