Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzОтмена льгот по НДС: ответы на 3 часто задаваемых вопроса Как определить доход от реализации в отдельных случаях Как выплачивать материальную помощь Как выплачивать материальную помощь

Ўғирлик бухгалтер нигоҳида

24.05.2018

Читать на русском языке

Корхонада моддий бойликларнинг йўқолганлиги аниқланди. Раҳбарият зарарларни ҳисоблаш билан банд бўлган бир пайтда бухгалтер ҳодисани тўғри расмийлаштириши зарур. Буни қандай амалга ошириш лозимлиги ҳақида эксперт Ольга Шабанова гапириб берди.

 

Ольга Павловна, биринчи навбатда нима қилиш керак?

 

– Энг аввало ички ишлар органларига мурожаат қилиш лозим. Тергов тадбирлари ўтказилгандан кейин ўғирлик содир этилган бинода бўлган барча мол-мулк инвентарланишини ташкил этиш зарур. У 19-сон БҲМС «Инвентарлашни ташкил этиш ва ўтказиш»га (АВ томонидан 2.11.1999 йилда 833-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ амалга оширилади. Бунинг учун, қоидага кўра, раҳбарнинг буйруғи чиқарилади, унда инвентарлаш комиссиясининг таркиби, инвентарланадиган мол-мулк, хатловдан ўтказиш бошланадиган ва тугатиладиган саналар кўрсатилади.

 

Инвентарлаш комиссияси таркибига қуйидагилар киритилади:

  • корхона маъмурияти вакиллари;
  • бухгалтерия ходимлари;
  • бошқа мутахассислар (муҳандислар, иқтисодчилар, техниклар ва ҳ.к.).

 

Аниқланган ва ҳисобланган қимматликлар тўғрисидаги маълумотлар инвентарлаш рўйхатлари ва далолатномаларига (19-сон БҲМСга 8–11-иловалар шакллари) киритилади, улар камида 2 нусхада тузилиб, инвентарлаш комиссиясининг барча аъзолари томонидан имзоланади.  Моддий жавобгар шахслар рўйхатда қайд этилган барча қимматликлар уларнинг ҳозирлигида текширилганлиги, масъул сақлашга қабул қилинганлиги ва комиссияга нисбатан даъволари йўқлиги ҳақида тилхат берадилар. Инвентарлаш тугагандан кейин рўйхатлар қимматликларнинг ҳақиқатдаги қолдиқларини ҳисоб маълумотлари бўйича қолдиқлар билан солиштириш учун бухгалтерияга берилади.

 

Бухгалтерия инвентарлаш рўйхатларидаги барча ёзувлар тўғрилигини синчковлик билан текшириши керак. Нархлар, таксировка, ҳисоб-китоблар ва шу кабилардаги хатолар комиссиянинг барча аъзоларига имзо қўйдириб тузатилади.

 

Инвентарлаш комиссияси қимматликларнинг камомади ва ортиқчаси юзага келиши сабабларини белгилайди, айбдор ва жавобгар шахсларни аниқлайди, улар тафовутлар сабабини комиссияга ёзма равишда тушунтирадилар. Инвентарлаш комиссиясининг хулосалари, таклифлари ва  қарорлари баённома билан расмийлаштириб, корхона раҳбари томонидан тасдиқланади.

 

Зарарлар бухгалтерия ҳисобида қандай акс эттирилади?

 

– Инвентарлаш натижалари ой тугагандан кейин ҳисобда акс эттирилади. Зарарлар суммаси ўғирланган мол-мулкка қараб ҳисобланади. Агар бу асосий воситалар бўлса, йўқотишлар молиявий натижага тенглаштирилади, агар товарлар ёки материаллар бўлса, уларнинг ҳақиқий қиймати олинади. 5910-счётнинг дебети ва 10, 29, 50-счётларнинг кредити бўйича ёзув қайд қилинади. Камомад суммаси айбдор топилиши ёки топилмаслиги факти билан белгиланадиган муайян манбалар ҳисобига уни қоплаш учун асос пайдо бўлгунга қадар 5910-счётда ҳисобга олинади.

 

Агар ҳуқуқбузар топилмаса, камомад суммаси 9430-счётнинг дебети ва 5910-счётнинг кредити бўйича ҳисобдан чиқарилади. Агар айбдор топилса ва бу ташкилот ходими бўлса, ўғирланган бойликнинг қиймати унинг ҳисобидан компенсация қилинади. Буни қуйидаги проводкалар билан акс эттириш зарур:

  • 4730 дебети, 5910 кредити – зарар айбдор ҳисобидан ҳисобдан чиқарилганда;
  • 50 дебети, 4730 кредити – зарар суммаси айбдор томонидан кассага тўланганда;
  • 6710 дебети, 5910 кредити – агар иш ҳақидан чегириб қолинса.

 

Айбдорлар аниқланганда қимматликлар ўғирлангани туфайли йўқотишлар айбдор шахслар ҳисобидан қопланади. Бунда қопланиши лозим бўлган сумма шикастланган ёки ўғирланган қимматликларнинг бозор қиймати бўйича белгиланади.

 

Агар кам чиққан товар-моддий бойликларнинг бозор қиймати (ундирув суммаси) уларнинг ҳақиқий (баланс) қийматидан юқори бўлса, олинган даромад суммаси бошқа даромадларга киритилади (Солиқ кодексининг 132-моддаси) ва қуйидагича солиқ солинади:

 

Агар ундирув суммаси кам чиққан товар-моддий бойликларнинг ҳақиқий қийматидан паст бўлса, уларнинг камомадидан кўрилган зарар суммаси фойда солиғини ҳисоб-китоб қилишда чегирилмайди (Солиқ кодексининг 147-моддаси 23-банди).

 

Шунингдек, тегишинча моддий жавобгар қоровуллар кўрсатилган ҳолда имзоланган шартномалар мавжуд бўлган тақдирда зарарларни қўриқлаш хизматидан ундириб олиш мумкин.

 

– Табиий камайиш меъёрларини ҳисоблаб чиқаришда нимага эътибор бериш лозим?

 

– Табиий камайиш меъёрлари фақат камомад ҳақиқатда аниқланганда қўлланилиши мумкин. Бунда камайиш меъёрлари фақат қайта навларга ажратиш бўйича қимматликлар камомади ҳисобга олингандан кейин қўлланилади. Қайта навларга ажратиш бўйича ҳисобга олингандан кейин камайиш меъёрлари фақат ҳақиқий камомади ортиқчаси билан қопланмаган қимматликларга нисбатан қўлланилади. Фақат:

  • биргина текширилаётган давр учун;
  • биргина моддий жавобгар шахсда;
  • биргина номдаги, айнан бир хил миқдордаги товар-моддий бойликларга нисбатан қайта навларга ажратиш бўйича ҳисобга олишга истисно тариқасида йўл қўйилади.

 

Қайта навларга ажратиш аниқланган тақдирда моддий жавобгар шахс инвентарлаш комиссиясига қайта навларга ажратиш сабаблари батафсил баён қилинган тушунтиришни тақдим этиши шарт.

 

Агар қайта навларга ажратишни ҳисобга олишда кам чиққан қимматликлар қиймати ортиқча чиққан қимматликлар қийматидан юқори бўлса, қийматдаги фарқ айбдор шахслар ҳисобига ёзилади. Агар қайта навларга ажратиш айбдорлари аниқланмаган бўлса, фарққа табиий камайиш меъёрларидан ортиқча йўқотишлар сифатида қаралади ҳамда ишлаб чиқариш харажатлари ва давр  харажатларига ҳисобдан чиқарилади. Агар моддий жавобгар шахслар айбисиз содир бўлган қайта навларга ажратиш бўйича ҳисобга олишдан кейин камомад қопланмаса, ушбу камомадга табиий камайиш меъёрлари қўлланилади. Бунда инвентарлаш комиссияси баённомасида айбдор шахслар ҳисобига ёзилмаган қайта навларга ажратиш бўйича фарқ сабаблари тўғрисида тўлиқ тушунтириш берилиши керак.

 

Ўғирлик солиқ ҳисобида қандай акс эттирилади?

 

– Инвентарлаш натижасида аниқланган, табиий камайиш меъёрлари доирасидаги товар-моддий захиралар камомади суммаси, шунингдек, агар камомад айбдорлари белгиланмаган бўлса ёки моддий жавобгар шахслардан ундириш имконияти мавжуд бўлмаса, уни ҳисобдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилинган ҳисобот даврида бошқа операцион харажатларга (9430-счёт) киритилади.

 

Ваколатли орган ёки солиқ тўловчи томонидан белгиланган табиий камайиш меъёрларидан ортиқча товар-моддий захиралар камомадидан кўрилган зарар суммаси фойда солиғини ҳисоблаб чиқаришда солиқ солинадиган базадан чегирилмайди (Солиқ кодексининг 147-моддаси 23-банди). Белгиланган меъёрлар доирасидаги камомад фойда солиғини ҳисоблаб чиқаришда солиқ солинадиган базадан чегирилади (Солиқ кодексининг 142-моддаси 8-банди, 141-моддаси). Кўрилган зарар суммаси ягона солиқ тўловини ҳисоблашда инобатга олинмайди.

 

– Ўғирликда қўшилган қиймат солиғини тиклаш ёки ҳисоблаб ёзиш керакми?

 

– Кам чиққан товар-моддий захиралар бўйича илгари ҳисобга олинган қўшилган қиймат солиғи тузатиш киритиш заруратига сабаб бўлган ҳолат юзага келган солиқ даврида ҳисобга олишдан чиқарилади (тузатиш киритилади) (Солиқ кодексининг 220-моддаси). Агар товар-моддий қимматликлардан йўқотишлар ваколатли орган ёки солиқ тўловчи томонидан белгиланган камайиш меъёрларидан ошмаса, ҚҚСга тузатиш киритилмайди.

 

Акциз солиғини ҳисоблашда нимани назарда тутиш зарур?

 

– Кам чиққан товар-моддий захиралар бўйича акциз солиғи таннархга киритилади, чунки бюджетга тўланиши лозим бўлган акциз солиғини аниқлашда чегириб ташланмайди (4-сон БҲМС «Товар-моддий захиралар»нинг 13-банди, Солиқ кодексининг 237-моддаси).

 

– Суҳбатимиз якунида бошловчи ходимларга нималарни тавсия қилган бўлардингиз?

 

– Ишдаги ҳар қандай вазиятда ўзингизни дадил тутишингиз учун таълим олганингиз маъқул. «Norma» профессионал ривожланиш маркази кенг кўламли курслар ва семинарларни таклиф этади, сиз у ерда амалий бухгалтерия бўйича барча саволларга жавоб олишингиз мумкин. Ва, албатта, ҳар бир бухгалтерда «Амалий бухгалтерия» тизимининг электрон версияси ўрнатилган бўлиши лозим.

 

Олег Гаевой суҳбатлашди.

 

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_