Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz Как срочно нужно реализовать немаркированные прохладительные напитки ЭТТН для авто, приобретенных в лизин Как не-финансисту разобраться в финансах… не учась Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro

Ўзбекистон банклари автокредит беришни бошлади

28.06.2017

2017 йилнинг июнь ойидан Ўзбекистон фуқаролари мамлакатимизда ишлаб чиқарилган автомобилларни кредитга сотиб олишлари мумкин. Мазкур мақолада «Асака» акциядорлик тижорат банки ва «Алоқабанк» акциядорлик тижорат банкининг автокредитлаш шартлари тақдим этилган.

 

Автокредит олиш учун банкларнинг талаблари 

 

Кредитни расмийлаштириш учун ҳужжатлар рўйхати иккала банкда бир хил, булар:

  • паспортнинг асли ва унинг нусхаси;
  • яшаш жойидан маълумотнома;
  • охирги 12 ой учун олган даромади бўйича иш жойидан маълумотнома (ариза берувчининг лавозими, иш берувчининг номи ва СТИР кўрсатилган ҳолда);
  • ариза берувчининг СТИР ва ШЖБПҲ нусхаси, ШЖБПҲни сақловчи банкнинг коди;
  • автосалон билан шартнома.  

 

Ҳужжатларни кўриб чиқиш муддати «Асака» АТБда 5 иш кунини, Алоқабанкда – 5 иш кунигача бўлган муддатни ташкил этади. 

 

«Асака» АТБнинг шартлари

 

Жисмоний шахслар учун автокредитлаш муддати ушбу банкда 3 йилни ташкил этади. Фоиз ставкаси ариза берувчи олдиндан тўлов сифатида тўлайдиган бошланғич бадал суммасига боғлиқ:

  • машина қийматининг 35%игача – йиллик 18%;
  • қийматининг 45%игача – йиллик 17%;
  • машина қийматининг 45%идан юқори – йиллик 16%;
  • олдиндан тўловсиз – йиллик 23%.

 

Кредит бўйича тўлов 3 ойлик имтиёзли даврни ўз ичига олади, бунда қарздор асосий қарзни эмас, балки фақат фоизларни тўлайди.

 

Кредитлашнинг бошқа шартлари кўзда тутилган имтиёзли фуқаролар тоифасига иккаласининг ёши 30 дан ошмаган ёш оилалар киради. Улар учун ватанимизда ишлаб чиқарилган автомобилни сотиб олишга кредит унинг қийматининг камида 25%и олдиндан тўланадиган мажбурий шартда йиллик 9% асосида берилади. Ёш оилалар учун ҳам кредитлаш муддати уч ойлик имтиёзли давр билан 3 йилни ташкил этади. Кимни ёш оила деб ҳисоблаш мумкинлиги ҳақида қуйидаги ҳаволада батафсил ўқишингиз мумкин.

 

Автокредитлаш бўйича «Асака» банки билан шартнома тузилганда кредитни расмийлаштириш бўйича хизмат учун 0,5 ЭКИҲ миқдорида бир маротабалик тўловни ундиради. Асосий қарз суммаси тенг улушларда имтиёзли давр тугаган ойдан кейинги ойдан бошлаб кредитлашнинг бутун муддати давомида тўланади. Ҳар ойлик фоизлар асосий қарз қолдиғидан ҳисоблаб чиқарилади.

 

Ойлик тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаганлиги учун ҳар бир муддати ўтказиб юборилган кун учун – асосий қарз суммасининг 0,1%и + ўтган давр учун фоизлар суммасининг 1/3 ҳисобида пеня ундирилади.

 

Автосалон билан шартномада сотиб олинаётган автомобилнинг қиймати АҚШ долларида кўрсатилади, тегишли сумма банк билан кредитлаш тўғрисида тузилган шартномада ҳам кўрсатилади. Бошланғич  бадал ҳамда кейинги ҳар ойлик тўловлар миллий валютада Марказий банкнинг тўлов кунидаги курси бўйича амалга оширилади.

 

Қарз олувчи томонидан автосалондан автомобиль олинганидан кейин 5 кун ичида 3 йил учун суғурта расмийлаштирилиши ва банкка тақдим этилиши даркор. Шу пайтдан эътиборан машина гаров мулки саналади, кредит тўлиқ қоплангунига қадар уни сотиш, ҳадя қилиш, алмаштиришга тақиқ қўйилади. Гаровни суғурталаш ва нотариал расмийлаштириш билан боғлиқ барча харажатлар ариза берувчи зиммасига юклатилади.

 

Алоқабанк шартлари

 

Жисмоний шахслар учун автокредитлаш муддати мазкур банкда 4 йилни ташкил этади. Фоиз ставкаси унда ҳам бошланғич бадал суммасига боғлиқ бўлади:

  • машина қийматининг 30%игача – йиллик 16%;
  • қийматининг 40%игача – йиллик 15%;
  • машина қийматининг 50%идан юқори – йиллик 14%.

 

Олдиндан тўловсиз автомобилни кредитга олиш ушбу банкда кўзда тутилмаган. Шунингдек, қоплашнинг имтиёзли даври ва ёш оила аъзолари учун имтиёзли фоиз ставкалари ҳам мавжуд эмас.

 

Қарз олувчининг автосалон билан шартномаси бўйича маблағни ўтказиш масаласини кредит олиш учун ариза берилган пайтдан бошлаб 5 кун ичида кўриб чиқиш мумкинлигига Алоқабанкда бизни ишонтиришди.

 

Алоқабанк билан автокредитлаш бўйича шартнома тузишда кредитни расмийлаштириш хизмати учун қарз суммасининг 0,05%и миқдорида бир маротабалик тўлов ундирилади.

 

Асосий қарз суммаси шартнома имзоланган ойдан бошлаб кредитлашнинг бутун муддати мобайнида тенг улушларга бўлинган ҳолда тўланади. Ҳар ойлик фоизлар асосий қарз қолдиғидан ҳисоблаб чиқарилади.

 

Ҳар ойлик тўловларни ўз вақтида амалга оширмаганлик учун ҳам пеня ундирилади. Автомобилни суғурта қилиш ва уни гаров мулки тариқасида расмийлаштириш бўйича талаблар иккала банкда бир хил.

 

Автосалонларнинг талаблари

 

Бизга тушунтиришларича, айни вақтга қадар автосалонлар харидорларга фақат битта турдаги, кредитлаш назарда тутилмаган шартномаларни тақдим этишган. Ҳозирда автокредитлаш шартномалари бўйича ишлар ҳам бошлаб юборилган, бу ҳам ишлаб чиқарувчилар, ҳам дилерлар билан келишилган. Автосалон ва харидор ўртасида икки томонлама шартнома тузилади ва у банкка тақдим этилиши лозим.

 

Пойтахтимиздаги биз маслаҳат олиш юзасидан мурожаат этган иккита «Роҳат» ва «Driver’s Village» автосалонлари шартларига кўра, шартнома бўйича тўлиқ тўлов автомобиль олиш учун шартнома берилган кундан бошлаб 5 иш куни мобайнида амалга оширилиши зарур.

 

Кредитга сотиб олинган автомобилни етказиб бериш умумий шартлар асосида – танланган авто дилерда мавжуд бўлмаган тақдирда 60 иш куни мобайнида амалга оширилади.

 

Кредит бўйича тўловлар автомобиль етказиб берилгандан кейин эмас, балки кредит шартномаси тузилган пайтдан бошланади. Уни етказиб бериш муддатлари кредит берган банкка боғлиқ эмас.

 

Эслатиб ўтамиз, «GM Uzbekistan» компанияси жорий ойнинг бошида ўз сайтида мижозлари учун автомобиль сотиб олиш учун берилган аризанинг ҳолати ва долзарб нархларни кузатиб бориш имконини берувчи электрон хизматни йўлга қўйганини эълон қилган эди.          

 

Саида Жонизоқова,

мухбиримиз.

 

 

Таҳририят маълумотларига кўра, яқин кунларда қатор банклар ҳам кредитлашнинг шунга ўхшаш турини йўлга қўйишади. Турли банкларнинг шартлари таҳлили ҳамда автокредитлаш ва автолизингнинг таққослаш келгуси материлларимизда бериб борилади.