Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

Ўзбекистонда интернет-дўконни қандай очиш мумкин?

23.12.2016

Ўзбекистонда электрон тижорат – жуда кўп муҳокама этиладиган, аммо амалиётда кам рўёбга чиқариладиган мавзу. 2015 йилнинг май ойида янги таҳрирда қабул қилинган «Электрон тижорат тўғрисида»ги Қонун ҳам  бу соҳада шов-шувга сабаб бўлмади. Нега тадбиркорлар интернет-дўконлар очишга шошилмаётир, амалда бу ҳақиқатан ҳам мураккаб масалами? Қуйида шуларга ойдинлик киритишга уриниб кўрамиз.

Аввалига интернет дўкон очиш учун бажариш зарур бўлган ҳаракатлар тартиби ҳақида сўз юритамиз.

 

Тайёргарлик

 

Тайёргарлик даври ўз ичига бизнеснинг тузилмасидан тортиб, унинг реклама учун ажратиладиган бюджети, олға силжитиш усуллари кабиларни олган бизнес режани тузишдан иборат. Бу давр инвестицияларни излаш ёки ўз маблағларини жамғариш билан ҳам боғлиқ.

 

Бизнес режани тузишда энг муҳим жиҳатлардан бири — интернет дўконингиз орқали савдо қилиш усулини танлашдир:

 

1. Омбордан. Сотувчи фақат ўзининг товари билан савдо қилади. Агар товар омборда мавжуд бўлмаса, интернет-дўкон каталогида ҳам бу кўрсатилмайди. Одатда бу усулдан йирик брендлар фойдаланишади, масалан, Artelmarket.uz.

 

2. Дропшопинг. Сотувчининг омбори бўлмайди, буюртмани олганидан кейин ўз ҳамкоридан товар олади ва мижозга етказиб беради. Мижоз товарнинг ҳақиқий эгаси билан эмас, балки интернет дўкон билан ҳисоб-китоб қилади. Масалан: Esavdo.uz, LeBazar.uz.

 

3. Агрегатор. Сотувчининг дўкони бўлмайди, бир қанча ҳамкор дўконлар учун ўз майдонини тақдим этади. Товарни етказиб бериш ва тўловни қабул қилиш агрегатор-сайт томонидан ҳам, унинг ҳамкорлари томонидан хам амалга оширилиши мумкин. Масалан: Gl.uz.

 

Янги хўжалик юритувчи субъектнинг уставида қандай фаолият тури кўрсатилиши, хусусан, бутун лойиҳани монетизация қилиш манбаси нимадан иборатлиги қандай савдо усули танланишига боғлиқ. Бу ўз товарини сотишдан келиб тушадиган даромадми ёки воситачилик ва бошқа хизматлар учун воситачилик йиғимими — бу масалага ҳам аниқлик киритилади.

 

Етказиб бериш турини белгилаб олиш ҳам муҳим: мустақил равишдами ёки ҳамкорлар воситасида? Етказиб бериш учун фаолиятнинг алоҳида тури сифатида (юк ташиш) лицензия олиш зарурлиги шунга боғлиқ бўлади.

 

Бизнес жараёнларни йўлга қўйиш

 

Уни бир қанча босқичларга ажратиш мумкин:

 

1. Сайтни яратиш. Мазкур мавзуга бизнинг мақолаларимиздан бири бағишланган эди;

 

2. Сайтни товарларни ҳисобга олиш ва ҳисоботларни шакллантириш тизими билан интеграциялаш (1C ёки 1UZ). Гарчи бу мажбурий шарт бўлмаса-да, бизнес учун кўп жараёнларни соддалаштиради;

 

3. Тадбиркорлик фаолияти субъекти тарзида рўйхатдан ўтиш. Буни қандай амалга ошириш ҳамда қандай солиқ солиш масалаларини ҳал этишга тўғри келиши хусусида кейинги мақолаларимиздан бирида тўхталамиз;

 

4. Қуйидаги ташкилотлар билан шартномалар тузиш:

а) маҳаллий тўлов тизимлари;

б) ҳамкор дўконлар (улгуржи савдо қилувчилар, ишлаб чиқарувчилар) ва/ёки  ўз омборини жиҳозлаш ёки ижарага олиш;

в) етказиб бериш мақсадида таксомотор саройлари билан ёки ўз ҳайдовчиларини ёллаш;

 

5. Зарур ходимлар штатини ёллаш;

 

6. Реклама кампаниясини ишга тушириш.

 

Интернет-майдонни яратиш ва ишни йўлга қўйиш (техник воситалар билан бирга) ишларига режалаштирилгандан кўра кўпроқ вақт сарфланиши мумкин. Шу боис бизнесни рўйхатдан ўтказиш ишларига сайт тўлиқ тайёр бўлиб, синовдан ўтказилганидан кейин киришиш мақсадга мувофиқдир.

 

Тўлиқ йўлга қўйилгунча бизнес жараёнларга тузатишлар киритиш

 

Бизнес йўлга тушиб бўлганидан кейин ҳам унинг кам-кўстларини тўлдириб, такомилига етказиш талаб этилиши турган гап. У одатда қуйидагиларни ўз ичига олади:

1. Сотишнинг илк ойлари натижаларини ва харидорларнинг фикр-мулоҳазаларини таҳлил этиш;

2. Захираларни мақбуллаштириш;

3. Реклама сиёсатига тузатиш киритиш.

 

Амалиётда лойиҳани рўёбга чиқариш жараёни энг мукаммал даражада икир-чикирларгача инобатга олиб тузилган бизнес-режадан фарқ қилиши мумкин. Бу товарлар ассортименти, нарх сиёсати, етказиб беришни ташкил қилиш ва бошқа турли жиҳатларга тааллуқли бўлиши мумкин. Агар «ҳаёт ўз шартларини ўртага ташласа», уларга мослашиш, режа ва йўналишни шунга қараб ўзгартиришга тўғри келади.

 

Маҳаллий амалиётдан бир намуна

 

StartUpMix форматидаги учрашувлардан бири доирасида янги интернет-дўкон лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтди. Бу интернет майдон агрегатор сифатида савдо қилади. Ўз омбори ва товарига эга бўлмаган ҳолда, тегишинча дўкон ҳамкор дўконлардан (дўконни мижоз танлайди) ҳар қандай товарларни етказиб бериш имкониятини тақдим этади. Айни дамда пойтахтимиздаги йирик савдо тармоқларидан бири билан келишув тузилган. Кейинчалик лойиҳага шаҳарнинг барча йирик супермаркетлари ва савдо тармоқларини жалб этиш режалаштирилмоқда.

 

Жалб этилган барча томонлар учун бундай майдоннинг қулайлиги нимада?

 

Мижозлар ҳамкорлик муносабатларига киришган ҳар қандай дўкондан товарни етказиб беришга буюртма беришади ва маҳаллий тўлов тизимларидан бири орқали онлайн тарзда тўловни амалга оширишади;

 

Дўконлар интернет-мижозлар талабларини қондириш мақсадида ўз сайтларини яратиш ва уларга хизмат кўрсатиш ҳақида бош қотириб ўтиришларига ҳожат йўқ;

 

Таксомотор саройлари ҳам етказиб бериш бўйича шартнома имзолашга муваффақ бўлишса, қўшимча буюртмаларга эга бўлишади ҳамда зиён кўришмайди (етказиб бериш ҳақини мижоз тўлайди);

 

Интернет-дўкон  ҳамкор дўконлар томонидан ҳар бир буюртмадан тўланадиган воситачилик ҳақидан фойдага эга бўлади.

 

Эгалланган жой кам, бўшларини ким банд этади?

 

Хулоса қилиб шуни таъкидлаш мумкинки, бугунги кунда интернет савдоси соҳасидаги маҳаллий бозоримизда озиқ-овқат дўконлари, кафе ва ресторанлардан тайёр егуликлар етказиб бериш, шунингдек маиший/компьютер техникасини сотиш тақдим қилинган. Кийим-кечак, пойабзал, тўқимачилик маҳсулотлари, қурилиш материаллари, дори-дармон воситалари ва тиббиёт мақсадидаги буюмларни сотиш ва етказиб бериш каби йўналишлар ва бошқалар очиқ-ойдин жойидан жилмай, ривожланмай турибди. Янги лойиҳаларни бошлашга ундаш мақсадида қуйидаги иккита мисолни келтириб ўтамиз.

 

Ўз вақтида АҚШ бозорида Zappos.com пойабзал интернет дўкони очилганда кўпчилик унинг муваффақият қозонишига ишонмади: “Ким ҳам пойабзални кўр-кўрона харид қиларди? Ахир уни кийиб, ўлчаб кейин олинади-ку”. Бошқа дўконлар томонидан шу пайтгача фойдаланилмаган турли ўлчамларни кийиб кўриш, уни қайтариш, бошқа шундай товар билан солиштириш, тез суръатларда етказиш ва  ҳозиргача бошқа интернет дўконлар томонидан фойдаланилмаган кўплаб бошқа опцияларнинг бизнес жараёнларга жорий этилиши Zappos.com га ўз сегментида энг муваффақиятлилардан бирига айланишига имкон берди. Кейинчалик кўпчилик бунга риоя қила бошлади.

 

Маҳаллий агрегатор — Arba.uz нинг муваффақият қозонишига ҳам кўпчилик ишонқирамади: «Бизнинг одамларимиз бозорларда маҳсулотларни кўриб, ушлаб, танлаб, талашиб-тортишиб олишга ўрганган. Картошка ва гўштни интернет орқали буюртма бериб, харид қилмасликлари тайин». Амалиётнинг кўрсатишича, ушбу лойиҳанинг мижозлари доимий равишда фақат кўпаймоқда.

 

Айтиш жоизки, интернет-савдонинг бозордаги янги сегмент сифатидаги салоҳияти нафақат тугамаган, балки энди-энди ўзининг тетапоя қадамларини қўймоқда. Ўзига хос «илк қалдирғочларимиз» бизнесда очилаётган ўзларининг муносиб ўринларини эгаллаш ҳамда пул ишлаш билан бир қаторда анча муҳим иш – харидорларнинг янги синфини шакллантириш, уларнинг харидор маданиятини ошириш билан бандлар.

 

Келгуси материалларимизнинг бирида NRM.uz лойиҳаси мисолида янги интернет-сотувчи учун тўлов тизими ҳамкорига айланиш, шунингдек online савдодан тушган маблағларни тўғри қабул қилиш ва ҳисобга олиш хусусида сўз юритамиз.

 

 Саида Жонизоқова,

ўз мухбиримиз.

 

 

Мавзуга оид материаллар:

 

Интернет-дўконларда алкоголь ва тамаки бўлиши мумкин эмас

 

Дўкон қандай очилади. юридик жиҳатлари

 

 

 

 

Курс валют

2018-08-14
  • USD:7790.20 (+7.15) сум
  • EUR:8888.62 (--114.03) сум
  • RUB:115.07 (--7.89) сум