Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак влияют курсовые разницы на прибыль от экспорта Как изменятся тарифы на свет и газ с 1 мая и с 1 июня 2024 года Как учитывать экспортные операции Как оформить дефекты основных средств

Якка тартибдаги тадбиркор экспортчи бўлиши мумкинми?

22.01.2016

Унча катта бўлмаган дўкончалар ёки хизмат кўрсатиш офислари – якка тартибдаги тадбиркорлик анъанавий тарзда айнан шундай қабул қилинади. Улар олдинга интилиб, материаллар, товарлар ва хизматларни Ўзбекистондан ташқарига экспорт қилган ҳолда ташқи иқтисодий соҳада жиддий ўйинчига айлана оладиларми?

 

 

Ташқи иқтисодий фаолият: ким шуғулланиши мумкин?

 

“Ташқи иқтисодий фаолият тўғрисида” Қонун (26.05.2000 йилдаги 77-II-сон) – ушбу соҳадаги муносабатларни тартибга солувчи асосий норматив-ҳуқуқий ҳужжат.

 

У ташқи иқтисодий фаолият тушунчаси, принциплари ва йўналишларини, ТИФ субъект ва объектини, субъектларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини, бу соҳада давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ваколатлари ва ҳ.к.ни белгилайди.

 

Хусусан, Қонуннинг 3-моддаси нормаси билан белгиланишича, ташқи иқтисодий фаолият деганда Ўзбекистон юридик ва жисмоний шахсларининг хорижий давлатларнинг юридик ва жисмоний шахслари, шунингдек халқаро ташкилотлар билан ўзаро фойдали иқтисодий алоқаларни ўрнатиш ва ривожлантиришга қаратилган фаолияти тушунилади.

 

Демак, юқорида келтирилган норма ташқи иқтисодий фаолият билан Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилган юридик шахслар, шунингдек республика ҳудудида доимий яшаш жойига эга ҳамда якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказилган жисмоний шахслар шуғулланишга ҳақли эканлигини мустаҳкамлайди.

 

"Ташқи иқтисодий фаолият тўғрисида"  Қонун ва ушбу материалда айтиб ўтиладиган бошқа НҲҲнинг тўлиқ матни билан "Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги” АҚТ фойдаланувчиси бўлган ҳолда танишиш мумкин. Дастурий маҳсулот Ўзбекистоннинг кўплаб компаниялари раҳбарлари ва бухгалтерлари учун ишда энг зарур қўлланма ва муҳим дастак бўлиб улгурди.  

 

 

Экспорт операцияларига қўйиладиган талаблар ҳақида

 

Шуниси мутлақо аниқки, ташқи савдо фаолияти ТИФнинг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади (9-модда). Қонуннинг 11-моддаси 2-қисмига биноан у товарларни, ишларни (хизматларни) экспорт ва импорт қилиш йўли билан амалга оширилади. Бироқ Қонун унинг мавжудлиги экспорт-импорт операцияларини амалга ошириш учун зарур бўлган расмий талабларни белгиламайди. Хўш, нимага амал қилиш лозим?

 

 

Norma.uz портали таҳририяти қўшимча тушунтиришлар юзасидан Савдо-саноат палатасига мурожаат қилди.  У мурожаатни кўриб чиқиб, қуйидагиларни маълум қилди – мазкур саволга жавоб қонуности ҳужжатларида.

 

Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг 2.1.-бандига (3.11.1999 йилдаги 834-сон) биноан белгиланишича, “экспорт шундай режимки, бунда товарлар божхона ҳудудидан ташқарига уларни ушбу ҳудудга қайтариб олиб кириш мажбуриятисиз олиб чиқилади. Товарларни экспорт режимида олиб чиқиш божхона тўловлари тўланган, иқтисодий сиёсат чораларига риоя этилган ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа талаблар бажарилган тақдирда амалга оширилади”.

 

Экспорт божхона режими остида жойлаштириладиган товарларнинг божхона расмийлаштирувида Вазирлар Маҳкамасининг “Экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда давлат божхона хизмати органларига тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида” қарорига (20.07.2015 йилдаги 197-сон) асосан ҳужжатлар тақдим қилинади.

 

Ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатга мувофиқ “Экспорт” божхона режимида олиб чиқиладиган товарларнинг божхона расмийлаштирувида экспортчида қуйидаги ҳужжатлар мавжуд бўлиши зарур:

 

- контракт (шартнома, битим), тегишли ваколатли органларда рўйхатдан ўтказилган биржа контрактлари бундан мустасно;

 

- божхона юк декларацияси, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда йўловчи божхона декларациясини тўлдириш йўли билан товарларни декларациялаш ҳоллари бундан мустасно;

 

- транспорт ҳужжатлари (транспорт турига қараб юкхати) ва товарга илова қилинадиган ҳужжатлар (инвойс).

 

 

Контрактсиз нима ўтказилади?

 

Қонунчиликда барибир олди-сотди ёки айирбошлаш объектлари ҳисобланмайдиган товарларни Ўзбекистон ташқарисига контрактларни тақдим этмасдан ўтказиш ҳолатларига йўл қўйилади. Улар жумласига қуйидагилар киради:

 

- товарларнинг сарфланадиган намуналари;

 

- сарфланадиган товарлар;

 

- реклама материаллари ва эсдалик буюмлари;

 

- вакиллик мақсадлари учун мўлжалланган товарлар.

 

Бундай товарларни олиб ўтиш уларни олиб ўтаётган шахсларнинг ёзма аризасига асосан, улар олиб ўтиладиган фаолият ҳудудидаги Давлат солиқ қўмитаси бошқармаси бошлиғининг қарорига биноан чиқарилади (Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг 2.3.-банди).

 

Ўзбекистон Республикасининг хўжалик юритувчи субъектлари томонидан хорижий мамлакатлардаги  улар  ташкил  этган  савдо  уйлари, ваколатхоналар,    корхоналар    орқали,    шунингдек Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг хорижий мамлакатлардаги савдо-инвестиция уйлари орқали олиб чиқилаётган товарларни божхонада расмийлаштириш тартиби тўғрисида Низомнинг 3-бандини1 ҳам эътиборга олиш лозим. У экспортчилар томонидан товарларни чет элдаги корхоналар номига олиб чиқиш экспортнинг божхона режимида... контрактсиз асосда (товарлар намуналари, чет элдаги корхоналар номига ўз эҳтиёжлари учун етказиб бериладиган мол-мулклар) қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилишини тартибга солади. Эслатиб ўтамиз, бизнинг материалларимиздан бири Ўзбекистон савдо ваколатхоналарининг чет элдаги фаолиятига бағишланган.

 

Ташқи иқтисодий контрактларни миллий қонунчилик ва халқаро меъёрларни ҳисобга олган ҳолда тузиш бўйича батафсил тавсияларни, шунингдек божхона режимлари, божхона расмийлаштируви тартиботлари таърифини, олиб кирилиши ва олиб чиқилиши махсус сертификатлар, лицензиялар, рухсатномалар ва бошқалар мавжуд бўлганда йўл қўйиладиган товарлар тўғрисида ахборотни «Norma» бренди остида чиқариладиган яна бир маҳсулот – «Экспорт-импорт операциялари» ЭМТдан топиш мумкин. Шу ернинг  ўзида божхона тўловлари тўғрисида кенг ахборот (ҳисоб-китоблар намуналари ва бухгалтерия ҳисобида акс эттириш билан); божхона тўловлари бўйича имтиёзлар тўғрисида ахборот; барча тоифадаги солиқ тўловчилар учун экспорт, импорт ва бошқа ташқи иқтисодий операцияларнинг ҳисоби ва солиқ солиш  бўйича тушунтирувлар сақланади. Аниқ мисолларда ҳисоб-китоблар, бухгалтерия ёзувлари ва солиқ оқибатлари кўрсатилган. Мазкур дастурни сотиб олишга қарор қилишдан олдин, демо-версияни юклаб олиб у билан танишиш мумкин.

 


Ўзбекистондан товарларни экспорт қилишда тақиқлар ва чекловлар

 

Экспорт қилиниши тақиқланган ашёлар ва маҳсулотлар рўйхати Президентнинг “Товарлар (ишлар, хизматлар)ни экспорт қилишни рағбатлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” Фармонида (10.10.1997 йилдаги ПФ-1871-сон) сақланади. Ушбу рўйхатни шартли равишда икки гуруҳга бўлиш мумкин:

 

- экспорт қилиниши мутлақо тақиқланган товарлар:

 

 

мол, парранда, жавдар, сули, маккажўхори, гречиха; гўшт ва истеъмолбоп гўштли қўшимча маҳсулотлар; шакар; жиддий бадиий, тарихий, илмий ва бошқа маданий қийматга эга (Маданият ва спорт ишлари вазирлиги хулосасига кўра) қадимий ашёлар (расмлар, ҳайкалтарошлик асарлари ва бошқалар).

 

- Президент ёки Ҳуқумат Қарорларига асосан экспорт қилиниши мумкин бўлган товарлар:

 

нон маҳсулотлари (ундан тайёрланган қандолат маҳсулотлари, пироглар, ўзи ишлаб чиқарган пишириқлардан ташқари); ун, ёрмалар; уй паррандасининг истеъмолбоп маҳсулотлари; ўсимлик ёғлари; тери хом ашёси (ностандарт терилар ҳам), тери-мўйна, шу жумладан, қоракўл териси (ностандарт терилар ҳам) хом ашёси; рангли металл парчалари ва чиқиндилари; чуватиш имкони бўлган пилла, хом ипак (эшилмагани), ипак чиқиндилари (шу жумладан, чуватиш имкони бўлмаган пилла, пилла ипи чиқиндилари ва юмшатилган чиқиндилари); полиэтилентерефталат (ПЭТ) чиқитлари, қийқиндилари ва скрап (қиринди)лари.

 

ССП тушунтиришларида қайд қилинишича, юқорида келтирилган қонунчиликнинг барча қоидалари ва талаблари асосида биргина маънога эга бўлган хулосага келиш мумкин: экспорт операцияларини амалга ошириш учун контракт (шартнома, битим)нинг мавжуд бўлиши зарур. 

 

 

сўров бўйича

мухбиримиз Саида ЖОНИЗОҚОВА ишлади.

 

 

______________

1 Вазирлар Маҳкамасининг 9.08.2005 йилдаги 189-сон қарори билан тасдиқланган.

 

 

Мавзу бўйича материаллар:

 

 

Ташқи савдо шартномаси. Назариядан – амалиётга. 1-қисм

 

Ташқи савдо шартномаси. Назариядан – амалиётга. 2-қисм

 

Божхона божлари ставкаларига тузатиш киритилди

 

Электрон битимларни божхонада ҳисобга қўйиш керак эмас

 

Онлайн-дўконлардан товарлар учун божхона декларацияси