Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак влияют курсовые разницы на прибыль от экспорта Как изменятся тарифы на свет и газ с 1 мая и с 1 июня 2024 года Как учитывать экспортные операции Как оформить дефекты основных средств

«Янги даврда эски усулларга ўрин йўқ!»

22.05.2018

Читать на русском языке

 

«Ташқи реклама соҳасидаги фаолиятни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор лойиҳаси турли сайтларда қизғин муҳокама қилинмоқда. Бу ҳужжатда камчилик ва хатоларга йўл қўймаслик имконини беради. Чорак асрдан буён ушбу соҳада ишлаб келаётган Шуҳрат Йўлдошев ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

 

Шуҳрат Йўлдошев – рақамлар ва фактлар:

  • 25 йилдан буён ташқи реклама бозорида;
  • Ўзбекистонда евростандартдаги реклама конструкцияларини ўрнатган биринчи тадбиркор;
  • «Олтин олма» реклама фестивали Биринчи мукофоти соҳиби;
  • «Канн шерлари» Канн реклама фестивали иштирокчиси;
  • МДҲ мамлакатлари Реклама бўйича мувофиқлаштирувчи кенгашининг маркетинг коммуникациялари соҳасидаги «Фойдалилиги учун» медали билан тақдирланган;
  • Ўзбекистондаги илк ижтимоий лойиҳалар муаллифи.

 

– Шуҳрат Юсупович, ҳозир Президентнинг «Ташқи реклама соҳасидаги фаолиятни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси муҳокама қилинмоқда. У ҳақиқатан ҳам кенг миқёсда муҳокама қилиниши учун профессионал реклама сирларидан йироқ, аммо истиқомат қилаётган шаҳрининг ташқи кўринишига бефарқ бўлмаган биз каби одамларга Сизнинг ёрдамингиз керак. Биринчи саволим шу билан боғлиқ: мазкур қарор қабул қилинишини нималар тақозо этди? 

 

 Гап шундаки, бугунги кунда ноқонуний ўрнатилган, жойлаштирилиши Низомга ва қонунчиликда белгиланган тартибга зид келадиган реклама жуда кўп. Мисол келтираман: ҳеч қандай қонуний асоссиз дўконлар пештахталари, бекатлар, бинолар фасадлари, бозорлар, сотиш жойларида реклама жойлаштирадилар. Бемаъни ҳолатларга ҳам гувоҳ бўламиз – электр узатиш линиялари тиргакларида ўрнатилган рекламани ўз кўзим билан кўрганман.     

 

– Яъни қарор иккита асосий вазифани ҳал этиши керак: мавжуд рекламани тартибга солиши ва келгусида реклама ташувчилари ўрнатилишига асос бўладиган мезонларни белгилаши.

 

 

– Келинг, тартиби билан кўриб чиқамиз. Боридан бошлаймиз. Янги қарор лойиҳасига кўра жойлаштириш учун қонуний асосга эга бўлган барча реклама конструкциялари ўз жойида қолиши керак.

 

Бироқ... Ташқи реклама жуда кўпайиб кетган жойлар бор, баъзи чорраҳаларда 8–10 тагача конструкция жойлаштирилган. Биринчидан, улар қалашиб кетгандек туюлади, иккинчидан, истеъмолчи шунча миқдордаги ахборотни қабул қила, англай олмайди.

 

– Бошқача айтганда, Сиз шаҳарнинг айрим жойларидаги реклама ташувчилари сонини камайтиришни таклиф этяпсиз. У ҳолда шундай савол юзага келади – барча конструкциялар қонуний равишда тенг ҳуқуқларда ўрнатилган бўлса, қайси бири қолиб, қай бири кетишини ким ҳал қилади?

 

 Бунда оддий тартибда устуворлик берилади. Аввало хронология бўйича биринчи бўлиб ўрнатилган конструкциялар афзалликка эга бўлади. Сўнгра энг технологик саналган ва шаҳар интерьерига жуда мос келадиган конструкцияларни танлаш зарур.  

 

Ушбу банд қўшимча ишлов берилган қарор лойиҳасидан ўрин олган, бироқ умуман айтадиган бўлсак – мавжуд объектларни мониторинг қилиш назарда тутилмоқда, аммо бу билан айнан қайси орган шуғулланиши ҳақида ҳеч нима дейилмаган.

 

Фикримча, ушбу масалани шаҳар ҳокимлиги, Монополияга қарши қўмита, Тошкент реклама ассоциацияси вакиллари ҳамда бевосита низоли реклама конструкциялари эгаларидан иборат махсус ташкил этилган комиссия ҳал қилиши керак.

 

– Борини кўриб чиқдик. Энди келажакка келсак. Лойиҳада янги реклама конструкциялари жойлаштиришни қандай назорат қилиш назарда тутилмоқда?

 

– Лойиҳада назарда тутилишича – цитата келтираман – «келгусида ташқи реклама объектларини жойлаштиришга доир ҳуқуқлар Ягона электрон савдо майдончасида кимошди савдолари орқали амалга оширилади». Яъни катта маблағга эга бўлган компаниялар муайян вақт ўтгач ташқи реклама бозорида монопол ўрин эгаллайди, кичик ва ўрта бизнес эса вақт ўтиб йўқ бўлади. Мамлакатимиз раҳбариятининг кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришга йўналтирилган умумий стратегиясига яққол зиддият кўзга ташланмоқда.

 

Бугунданоқ «Beeline», «UMS», «GoldenHouse», «RealHouse» сингари йирик бюджетли компаниялар реклама жойлаштириш учун кичик ва ўрта бизнесга пул тўлашни хоҳламаяптилар. Улар ўз конструкцияларини ишлаб чиқариб, бутун мамлакат бўйлаб жойлаштирмоқдалар, бунда айримлари 200 тадан 300 тагача бирликка эга. Биз, рекламачилар уй қуриш ва уяли алоқа хизматларини кўрсатишга, яъни уларнинг асосий фаолият соҳасига аралашишга уринмаяпмиз. Эҳтимол, ташқи реклама соҳаси асосий фаолият тури ҳисобланмаган компанияларнинг ундаги фаолиятини қонун билан чеклаб қўйган маъқулдир. 

 

 Яна бир муҳим жиҳат – мамлакатимизда ташқи реклама жойлаштириш нархи МДҲдаги энг паст нарх бўлиб, квадрат метр учун эквивалентда 5 доллардан 8 долларгача. Шу тариқа, ўрнатиладиган конструкциялар ўрта ҳисобда 9–10 йилда ўзини оқлайди. Кимошди савдосида сотиб олишим мумкин бўлган ҳуқуқнинг амал қилиш муддати ҳам 10 йилни ташкил этади. Яъни бу пайтда сарфлаган маблағимни қайтариб олишга муваффақ бўламан, холос. Ташқи реклама жойлаштириш тартибига доир ҳар қандай ҳужжатни ишлаб чиқишда ушбу ҳисоб-китобларни ҳам инобатга олишларини истардим.    

 

Реклама конструкцияларининг мазмунига доир савол бермоқчиман. Масалан, билбордларда нималарни жойлаштириш мумкин, нималарни эса – мумкин эмаслигига доир масалалар қай тарзда ҳал этилади?

 

– Қарор лойиҳасида Ташқи реклама масалалари бўйича жамоатчилик кенгашлари ташкил этилиши назарда тутилган. Улар реклама мазмунига доир талабларга риоя этилиши устидан назорат қиладилар.

 

Бу нимани англатади? Эскизларни ахлоқ ва маънавият нормаларига мувофиқлиги, шунингдек қонун ҳужжатларига зидлиги ёки ўсиб келаётган авлод тарбиясига салбий таъсири юзасидан профессионаллар эмас, қайсидир ижтимоий фаол арбоблар тасдиқлайдилар. Уларнинг ҳар бири ахлоқ, маънавият борасида шахсий, ҳатто бир-бириникига зид келувчи тасаввурга эга бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Амалиётда бу ҳар бир эскиз узоқ вақт кўриб чиқилиши ва келишилишига олиб келиши мумкин.     

 

Ишни мураккаблаштиришдан нима наф, деган савол юзага келади. Айни пайтда Эскизлар бўйича комиссия муваффақиятли фаолият юритиб келмоқда, у ерда профессионаллар: шаҳар ҳокимлиги, «Маънавият ва маърифат» шаҳар бўлинмаси, Давлат рақобат қўмитаси, Тошкент реклама ассоциацияси вакиллари қарор қабул қиладилар. Ҳаммаси «бир дарча» орқали ҳал этилади.

 

– Шуҳрат Юсупович, соҳа билан таниш бўлмаган кишиларнинг ҳам назаридан четда қолмайдиган масалаларни муҳокама қилдик. Бироқ, профессионал сифатида Сиз биладиган жиҳатлар ҳам қолгандир?

 

 Қарор лойиҳаси муаллифлари ижтимоий ва тижорат рекламаси ўртасидаги фарқни аниқ англашларини истардим. Ҳа, ижтимоий рекламанинг вазифаси – маънавиятимиз, меҳр-оқибатимиз, масъулиятимизни янада ошириш, биздаги энг яхши сифатларни уйғотиб, маданий ва миллий анъаналаримиз руҳида тарбиялаш. Бу фикрга ҳеч ким қарши чиқмайди. Бироқ тижорат рекламасининг вазифаси – у ёки бу товар ёхуд хизматнинг афзалликларини истеъмолчи эътиборига етказиш. Ундан юксак маънавиятни талаб қилиш – совуткич ёки кир ювиш машинасини тарбиялашга уринишдек гап.    

 

Шу сабабли тижорат рекламаси зиммасига маънавий қадриятлар бўйича комиссияларнинг турфа хил назорати юкини ортмаслик керак деб ўйлайман.

 

Яна бир жиҳат. Мен реклама ноқонуний ўрнатилишига буткул қаршиман. Рекламани нолегал жойлаштирганлик учун қонун ҳужжатларида катта жарималар белгиланишини таклиф этаман. Эҳтимол, қатъий оҳангда гапираётгандирман, лекин бу масала мени доим қийнаб келади, ташқи реклама соҳасидаги шунча йиллик иш тажрибамда Монополияга қарши қўмита кимгадир жарима солганини билмайман. Бу ҳолат ўзбилармончиликка йўл очади.  

 

Бундан ташқари, реклама бизнеси ўз хусусиятларига эга. Ҳар бир йирик реклама берувчи бир йил аввал бюджетни шакллантириши ва шартномалар тузишини назарда тутаяпман. Тегишинча, бугун биз муҳокама қилаётган қонунчиликдаги барча ўзгартиришлар янги календарь йилидан жорий этилишини истардим. Бу жорий йил бўйича қабул қилинган мажбуриятларни бажариш ва бир вақтнинг ўзида янги иш тартибига тайёрланиш имконини берган бўларди.  

 

Умуман олганда, мана шуларни айтмоқчи эдим.

 

– Барча долзарб масалаларни батафсил муҳокама қилиб бўлдик деган фикрга келган бўлсангиз, қарор лойиҳасига киритиладиган қўшимчалар бўйича аниқ таклифларингизни билдирсангиз, мақсадга мувофиқ бўлар эди.  

 

– Хуллас, менинг нуқтаи назаримга кўра қуйидагиларни амалга ошириш зарур:

  • ноқонуний ўрнатилган рекламани бекор қилиш;
  • ноқонуний жойлаштирилган реклама ташувчилари учун жарималар белгилаш; 
  • эскизларни тасдиқлаш вазифасини Жамоатчилик кенгашларига эмас, балки профессионал комиссияларга топшириш;
  • кимошди савдолари тўғрисидаги низомни ишлаб чиқиш чоғида кичик ва ўрта бизнес манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда йирик компаниялар бозорда монопол ўрин эгаллашига йўл қўймаслик;
  • реклама фаолияти асосий фаолият ҳисобланган компанияларнигина кимошди савдоларида иштирок этишга қўйиш; 
  • реклама жойларини бериш муддатлари билан ўз-ўзини қоплаш муддатларини мувофиқлаштириш;
  • ижтимоий ва тижорат рекламаси мазмунига доир талаблар ўртасида аниқ чеклов белгилаш;
  • янги қонун ҳужжатлари ва қарорларнинг 2019 йил 1 январдан амалга киритилиши.

 

Мазкур қарор лойиҳаси муҳокамасида иштирок этаётган барчага миннатдорчилигимни изҳор этиб қоламан.

 

 

 

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_