Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzОтмена льгот по НДС: ответы на 3 часто задаваемых вопроса Как определить доход от реализации в отдельных случаях Как выплачивать материальную помощь Как выплачивать материальную помощь

Юридик хизмат низони судгача ҳал қилиши лозим

10.05.2017

 

Президентнинг 2016 йил 21 октябрдаги ПФ-4850-сон “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мазмунига кўра ва 2017 йил 19 январдаги ПҚ-2773-сон  “Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори билан давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари мазкур органлар ва ташкилотлар иштирокида вужудга келадиган низоларни судгача ҳал этиш юзасидан мажбурий тартибда чораларни кўриши белгиланди. 

 

Низоларни судгача ҳал қилиш тартиби нима?

 

Низоларни судгача ҳал қилиш деганда тарафларнинг юзага келган низолар (келишмовчиликлар)ни суд органларининг аралашувисиз ҳал қилишга қаратилган биргаликдаги ҳаракатлари тушунилади.

 

Низоларни судгача ҳал қилишга қонун чиқарувчи томонидан ҳам фуқаролик, ҳам маъмурий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича йўл қўйилади.

 

 Маъмурий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқувчи низолар, аризачининг хоҳишига кўра судгача ёки суд тартибида ҳам  ҳал қилиниши мумкин.

Масалан, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 271-моддасига мувофиқ  ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) давлат бошқаруви органининг кўрсатмаси устидан бевосита судга ёки бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёхуд мансабдор шахсга шикоят қилишга ҳақли.

Давлат бошқаруви органининг кўрсатмаси устидан бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёхуд мансабдор шахсга шикоят қилиниши судга шикоят қилиш ҳуқуқини истисно этмайди. 

 

Низоларни судгача, яъни суд муҳокамасисиз ҳал қилиш тартибидан ҳар бир тараф манфаатдор.

 

Биринчидан, талабнома юборувчи қисқа муддатда бузилган ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини тиклашга эришади.

 

Иккинчидан, тарафлар даъвони расмийлаштириш ва уни судга тақдим қилиш, даъвони судда кўриш жараёнида иштирок этиш билан боғлиқ вақтлари ва маблағларини тежайдилар.

 

Учинчидан, давлат божини тўлаш ва суд чиқимлари билан боғлиқ харажатлар олди олинади.

 

Тўртинчидан, шартномавий муносабат иштирокчилари ўртасидаги ишонч ва ҳамкорлик мустаҳкамланади ҳамда келажакда  ҳамкорликни янада ривожлантиришга шароит яратилади.

 

Низоларни судгача ҳал қилишнинг турлари

 

Мазкур тамойил фақат даъвони судга топширишгача амалга оширилиши мумкин, аммо кейинчалик суд инстанцияларига мурожаат қилишни истисно қилмайди.

 

Шуни таъкидлаш лозимки, Хўжалик процессуал кодексининг (кейинги ўринларда ХПК деб юритилади) 23-моддасида белгиланишича, иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркор мақомини қонунда белгиланган тарзда олган фуқаролар ўртасидаги иқтисодиёт соҳасида фуқаровий, маъмурий ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар иқтисодий судлов жараёнида низони судгача ҳал қилиш тартибига риоя қилиш ҳақида талаб қўйилмасдан кўриб чиқилади.

 

Низоларни судгача ҳал қилиш қуйидагилар орқали амалга оширилади:

 

а) музокаралар;

 

б) медиация;

 

в) талабнома юбориш.

 

Шартномаларда кўпчилик ҳолатларда низоларни музокаралар йўли билан ҳал қилиш имконияти кўрсатилади, агар келишувга эришилмаса – низолар суд тартибида ҳал қилинади. Амалиётда  судьялар бундай матнни низоларни судгача ҳал қилиш сифатида қараш учун етарли эмас деб ҳисоблайдилар, чунки ХПКнинг 6-моддаси мазмунидан келиб чиқиб, низоларни судгача ҳал қилиш сифатида музокаралар ўтказиш шакли, тартиби ва муддатлари қонунда ёки шартномада аниқ назарда тутилган бўлиши лозим.

 

Медиация – низони холис шахс (медиатор) иштирокида ҳал қилиш усулидир. Ушбу усул ҳақидаНизоларни ҳал қилишнинг янги усуллари: медиация” номли  мақолада батафсил танишиш мумкин.

 

Низоларни судгача ҳал қилишнинг талабнома юбориш тартиби деганда тарафларнинг келишмовчиликни ҳал қилиш бўйича ўз қарашлари ва таклифлари баён қилинган хатлар (талабнома ва талабномага жавоб) алмашиниши тушунилади.

 

Низоларни судгача ҳал этиш чораларини кўришда юридик хизматнинг роли  

 

Низоларни судгача ҳал қилиш (талабнома ишлари) бўйича тўғри ва ўз вақтида ишларни юритиш давлат органлари ва ташкилотлари ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ҳуқуқий ишларнинг асосий босқичларидан бири ҳамда шартнома шартларини бажариш бўйича ҳуқуқий таъминлашнинг самарали воситаси ҳисобланади.

 

Талабнома ишларини юритишни тўғри ташкил қилиш давлат органлари ва ташкилотларининг хўжалик ва молиявий ҳолатини кўтаришда муҳим аҳамиятга эга.  

 

Давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати тўғрисидаги Низомнинг 16-банди 4-кичик бандида (Президентнинг 2017 йил 19 январдаги ПҚ-2733-сон қарорига 1-илова) низоларни судгача ҳал қилиш бўйича ишларда юридик хизмат ходимлари фаолиятининг қуйидаги  3 та шакли назарда тутилган:

 

1) давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек фуқаролар билан низолар вужудга келганда мустақил ёки бошқа таркибий тузилмалар билан биргаликда уларни судгача ҳал этиш чораларини кўради;

 

2) давлат органи ва ташкилотининг манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича талабномалар тайёрлашда ҳамда давлат органи ва ташкилотига нисбатан билдирилган талабномаларни кўриб чиқишда иштирок этади;

 

3) давлат органи ва ташкилотида талабномалар билдириш ва уларни кўриб чиқиш тартибига риоя этилишини назорат қилади.

 

Юридик хизмат ходимларини талабнома ишларини юритишда иштироки жумладан қуйидагиларни ўз ичига олади: 

 

а) талабномани расмийлаштириш учун зарур бўлган ахборот ва ҳужжатларни тўплаш, талабномани ёзиш, расмийлаштириш ва тегишли юридик ёки жисмоний шахсга юбориш;

 

б) давлат органи ва ташкилотига нисбатан билдирилган талабномаларни кўриб чиқиш, талабномага алоқадор бўлган ҳужжатлари ўрганиш, талабномада билдирилган талабларни тўлиқ ёки қисман қаноатлантириш ёхуд уни бажаришни рад қилиш ҳақида жавоб тайёрлаш ва юбориш;

 

в) юборилган ва келиб тушган талабномалар ҳақидаги маълумотларни умумлаштириш, уларни таҳлил қилиш, хўжалик, молия, ҳисоб-китоб, меҳнат интизоми бузилишини олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар кўриш бўйича таклифлар тайёрлаш ва тақдим қилиш.

 

Талабнома бошқа таркибий тузилмалар (ҳисоб-китоб, молия, таъминот ва бошқа бўлимлар) томонидан билдирилаётганда юридик хизмат улар устидан назоратни қўйидагича амалга оширади: 

  • бошқа таркибий тузилмаларнинг масъул ходимларига талабнома билдириш тартибини тушунтиради;
  • амалдаги қонун ҳужжатлари билан уларни таништиради;
  • зарур ҳолларда уларни ҳуқуқий тайёргарликдан ўтказади;
  • вақти-вақти билан уларнинг талабнома ишларини текширади, уларга амалий ёрдам кўрсатади;
  • мураккаб масалалар бўйича талабномаларни тайёрлашга оид маслаҳатлар беради;
  • давлат органи ва ташкилоти раҳбарига бошқа таркибий тузилмалар билан биргаликда талабнома ишларини яхшилаш бўйича таклифлар киритади.

 

Низоларни судгача ҳал қилиш тартиби бўйича амалдаги миллий қонунчиликни такомиллаштиришга оид таклифлар:

 

1. Низоларни судгача ҳал қилиш тартиби сифатида музокаралар ролини қонун даражасида кучайтириш ва унда музокараларни ўтказиш шакли, тартиби ва муддатларини, шунингдек унга риоя қилмаслик оқибатларини белгилаш.

 

2. Халқаро ҳамжамиятда медиация низоларни ҳал қилиш усули сифатида фаол қўлланилмоқда, аммо бизнинг мамлакатимизда уни қўллашнинг ҳуқуқий механизми тўлиқ яратилмаган. Шунинг учун ҳам “Медиация тўғрисида”ги қонунни қабул қилишни тезлатиш зарур деб ҳисоблаймиз.

 

3. Талабнома билдиришнинг мажбурий тартибини (низоларни судгача ҳал қилишнинг бошқа муқобил усуллари билан бир қаторда) судга даъво тақдим қилгунча, нафақат фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар, балки маъмурий, ҳуқуқий ва бошқа муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича ҳам белгилаш лозим.

 

Хулоса қилиб айтганда, ҳозирги даврда низоларни судгача ҳал қилиш давлат органлари ва ташкилотлари учун бузилган ҳуқуқларни ҳимоя қилишнинг афзал шакли бўлиши лозим, чунки у қонунийлик принципига мос келади ва давлатга ҳам, фуқаролар ва юридик шахсларга ҳам тежамлироқ ҳисобланади.

 

                                                           Фозилжон ОТАХОНОВ

  ССП ҳузуридаги  ХТАСнинг  раиси,

 М.В.Ломоносов номидаги МДУнинг

Тошкент шаҳридаги филиали доценти, ю.ф.н.