Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

Юристларни янгичасига ўқитиш керак

10.05.2017

Мактаб, лицей ва коллеж битирувчилари орасида айнан юрист бўлишни орзу қиладиганлар кўпчиликни ташкил қилади. Ҳар йили соҳанинг юзлаб ёш мутахассислари олийгоҳни тугатиб, шарафли касб эгасига айланишмоқда. Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам дарҳол ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлашяпти деб бўлмайди.

 

Малакали, замонавий дунёқараш ҳамда салоҳиятга эга юридик кадрларга бўлган талаб ва эҳтиёж ортиб бораяпти. Тошкент давлат юридик университетида ўтказилган давра суҳбати мазкур соҳанинг талабалари ва профессор-ўқтувчилари дуч келаётган муаммолар, кадрларни тайёрлаш борасида амалга оширилаётган ва режалаштирилган ишлар мавзусига бағишланди.

 

«Юридик кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш – давр талаби» деб номланган тадбирда адлия вазири ўринбосари А.Тошқулов, адлия вазири ўринбосари – ТДЮУ ректори Е.Каньязов ва бошқалар иштирок этишди. Уларнинг сўзларига кўра, бугунги кунда назариянинг амалиёт билан уйғунликда олиб борилиши, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг тажрибали ходимлари талабалар билан мунтазам равишда машғулотлар олиб бориши, талабаларнинг мустақил изланиши учун имкониятлар яратиш сингари чоралар сифатли кадрлар етишмовчилигига барҳам бера олади. Чунки аксарият ҳолларда назарияни ўрганган талабалар олийгоҳни тамомлагач, ишга жойлашиб, амалиёт билан юзма-юз келганида муаммоларга дучор бўлмоқда.

 

Бўлажак юридик кадрлар учун қонунларни пухта билиш билан бирга уларни амалда қўллашни ҳам ўрганиши, процессуал ҳужжатларни ёза олиши, муаммовий-ҳуқуқий масалаларни таҳлил қилиши, суд жараёнида иштирок этиши, ўз фикрини ёзма ва оғзаки равишда баён этиши каби кўникмаларни шакллантириши — бугунги кун талаби.

 

Тадбирда талабаларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, тадбиркорлик субъектлари, молия-банк муассасалари ҳамда бошқа ташкилотларда амалиёт ўташи сифатини ошириш масалалари ҳам ўртага ташланди.

 

Бундан ташқари, иштирокчилар айнан иш берувчилар эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда юристларда таҳлилий фикрлаш ва касбий кўникмаларни ривожлантиришга қаратилган режа, дастур, ўқув-методик материалларни қўллаш ҳам малакали кадрларни етиштиришда яхши самара беришини таъкидлашди.

 

Юридик кадрлар ҳуқуқий маданият юксалишини таъминловчи куч бўлгани учун ҳам уларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашга катта эътибор қаратилади. Хусусан, 2017 йил 28 апрель куни Президентнинг “Тошкент давлат юридик университетида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинган эди. Мазкур ҳужжатда энг аввало юридик кадрлар тайёрлаш тизимини халқаро таълим стандартларига мувофиқлаштириш назарда тутилган.

Бундан аввал — жорий йилнинг 7 февралидаги «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги фармонида ҳам бу борадаги аниқ вазифалар белгилаб берилган эди.

 

Қабул қилинган қарор ва фармонлар асосида эндиликда университет педагогларини қўшимча моддий рағбатлантириш тизими йўлга қўйилди. 100%лик устама ҳақ тўлаш тизими университетнинг нуфузи ва обрўси ошиши, малакали педагоглар билан бойишига туртки беради. Табиийки, таълим бериш сифати ҳам ошади.

 

Шунингдек, университетга жорий йилдан эътиборан мавжуд эҳтиёждан келиб чиқиб, қўшимча контракт квоталари олиш ҳуқуқи ҳам тақдим этилгани айтиб ўтилди.

 

Давра суҳбатида ўқитувчи илм билан шуғулланмаса, у ривожланмаслиги, таълим талаб даражасида бўлиши учун аввало педагогнинг ўзи ўз устида ишлаши шарт экани алоҳида таъкидланди.

 

Фозила Ашурова, мухбиримиз.

 

Курс валют

2017-12-12
  • USD:8093.00 (--3.33) сум
  • EUR:9531.94 (--76.78) сум
  • RUB:136.86 (--0.71) сум