Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

Замонавий кутубхона фойдаланувчиларига АКТ ёрдамида сифатли хизмат кўрсатиш зарур

31.05.2017

2017 йил 26 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитасининг «Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ижроси ҳолатини ўрганиш якунларига бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди.

 

Йиғилишда таълим муассасалари ҳузуридаги Ахборот-кутубхона муассасалари фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқишга, уларнинг ахборот-кутубхона фондини кенгайтириш, марказий ахборот-кутубхона муассасаларининг маълумотлар базасидан кенг фойдаланишни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.

 

Қонуннинг ижро этилиш ҳолати,  муаммолар ва уларнинг ечимига қаратилган таклифлар:

 

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:

 

Республикада бугунги кунда 64 та маҳаллий олий таълим муассасалари мавжуд бўлиб, барчасида ахборот-ресурс марказлари фаолият олиб бормоқда. Вазирлик томонидан 2014-2017 йилларда Олий таълим муассасалари маблағлари ҳисобидан адабиётлар харид қилиш 2,8 баробарга ошган. Вазирликнинг “Ўқув адабиётларини босқичма-босқич электрон шаклга ўтказиш ҳақида”ги 2012 йил 6 августдаги 324-сонли буйруғи қабул қилинган. Ўқув адабиётларини босқичма-босқич электрон шаклга ўтказиш бўйича тасдиқланган режа-жадвалга мувофиқ 2012 йилда 3 009 номдаги , 2013 йилда 9 269 номдаги ва 2014 йилда 9 187 номдаги , жами 21 465 номдаги ўқув адабиётлари электрон шаклга ўтказилган.

 

Муаммо ва таклифлар:

 

1. Ёшларнинг китобга бўлган муносабати ва қизиқишларини ошириш мақсадида “Китоб олами”, “Китобхонлар даври” “Китобхон” каби мавзуларда телевидения, ОАВлари ва ижтимоий тармоқларда ёшларга йўналтирилган давра суҳбатлари, ижодий учрашувлар, беллашув ва кўрик танловларни мунтазам ташкил этиш ҳамда ёритиб бориш мақсадга мувофиқ.

 

2. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси тизими билан олий таълим муассасалари ахборот-кутубхона тизимлари орасидаги ўзаро маълумот алмашиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида замонавий махсус дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш мақсадга мувофиқ.

 

3. Олий таълим муассасалари талабалари учун ҳар йили бадиий, оммабоп адабиётлар сотиб олиш учун республика бюджетидан зарур маблағлар ажратиш мақсадга мувофиқ.

 

Ўрта махсус, касб-хунар таълими маркази

 

2017 йил май ҳолатига Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ахборот-ресурс марказларида умумтаълим фанлари бўйича 7,4 млн нусхада, умумкасбий ва махсус фанлар бўйича 8,1 млн нусхада ўқув адабиётлар нашр этилган . Дарслик ва ўқув қўлланмаларни нашр этиш бўйича 2015 йилда 5,1 млрд. сўм, 2016 йилда 5,5 млрд.сўм ажратилган ва мазкур маблағлар ҳисобига таълим муассасалари эҳтиёжи учун дарслик ва ўқув қўлланмалар нашр қилинган, 2017 йилда эса 5,9 млрд сўм миқдорида маблағ ажратилган. Таълим муассасалари АРМларининг 1156 тасида электрон каталоглар ишлаб турган бўлсада, 399 тасида электрон каталог ўрнатилмаган. Ҳудудий бошқармалар томонидан 370 та таълим муассасасида АРМАТ” дастури ўрнатилмаган.

 

Муаммо ва таклифлар:

 

1. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари “ZiyoNET” таълим ахборот тармоғига тўлиқ уланмаган. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини “ZiyoNET” таълим ахборот тармоғига уланишларини онлайн мониторингини олиб бориш, ахборот тизимини яратиш ва ишга тушириш лозим.

 

2. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизими расмий веб-сайтларини ягона доменда фаолият юритишини таъминлаш лозим.

 

3. Республика бўйича ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимидаги муассасаларда ахборот алмашиш ҳамда тизимда жорий этиладиган “Онлайн” режимда ишловчи ахборот тизимларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш мақсадида “VPN” ҳимояланган ахборотлар узатиш каналини ташкил этиш лозим.

 

Халқ таълими вазирлиги:

 

Бугунги кунда халқ таълими тизимида 10 096 та ахборот-кутубхона муассасалари мавжуд бўлиб, шундан 1338 таси ахборот-ресурс марказлари ва 8760 таси мактаб кутубхоналари ҳисобланади. Халқ таълими тизимидаги ахборот-кутубхона муассасаларининг жами китоб фонди 22 млн. 511 минг 862 донани ташкил этади. Ушбу китоб фондининг 22 млн. 238 минг 975 донасини қоғозли, 272 887 донасини электрон нусхали китоблар ташкил этади. Ахборот-кутубхона муассасалари китоб фондининг 10 630 568 нусхаси  кирилл алифбосида, 6 651 284 нусхаси лотин графикасида, 337 631 нусхаси  қорақалпоқ тилида ва қолган 5 230 010 нусхаси қардош тиллардаги бадиий адабиётлар ҳисобланади.

 

Муаммо ва таклифлар:

 

1. Умумий ўрта таълим муассасаларидаги АРМларнинг 85% интернет тармоғига уланмаган ёхуд турли сабабларга кўра фойдаланиш имконияти чекланган. Бу холат асосан туман мактабларида мавжуд.

Умумий ўрта таълим муассасаларидаги АРМлар учун алоҳида интернет тармоғи ташкил этиш ва абонент тўловлари учун ҳудудий молия органлари томонидан АРМлар учун йиллик молиявий харажатлар сметасига маблағлар ажратиш тартибини жорий қилиш таклиф этилади.

 

2. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан замон қаҳрамонлари ёритилган ёшларбоп бадиий адабиётларнинг яратилишини қўллаб – қувватлаш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш таклиф этилади.

 

3. Бугунги кунда кўзи ожиз болалар учун брайл алифбосидаги бадиий адабиётлар нашр этилмаяпти. Кўзи ожиз болалар учун бадиий адабиётлар чоп этадиган нашриётлар мавдуд эмас. Матбуот ва ахборот агентлиги Кўзи ожизлар жамияти билан ҳамкорликда брайл ёзувидаги болалар адабиётларни нашр этилишини йўлга қўйиш таклиф этилади.


4. Умумий ўрта таълим мактабларида интернет тармоғидан фойдаланиш тезлигининг пастлиги зарурий электрон маълумотларни тўлиқ ва юклаб олишда ноқулайликларга сабаб бўлмоқда.  ZiyoNET га уланиш aDSL технологияси бўйича жорий тарифларини қайта кўриб чиқиш, бунда Tas-IX ҳудудидан фойдаланиш тезлигини камида 2 Мбит/сек. гача ошириш чораларини кўриш таклиф этилади.

 

 

Шуҳрат ШАРАФУТДИНОВ 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси  депутати,

Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси,

ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси. 

 

Курс валют

2017-10-24
  • USD:8069.61 (+10.84) сум
  • EUR:9496.32 (--19.48) сум
  • RUB:140.31 (--0.53) сум