Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz Как срочно нужно реализовать немаркированные прохладительные напитки ЭТТН для авто, приобретенных в лизин Как не-финансисту разобраться в финансах… не учась Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro

СОЛИҚ ДЕКЛАРАЦИЯСИНИ ТЎЛДИРИШ ТАРТИБИ

09.03.2017

.

Декларациялаш жисмоний шахс ўтган йилда олган барча даромадларини (солиқ солинадиган ва солиқ солинмайдиган), шунингдек улардан тўланган солиқларни қайд этишни назарда тутади. Бунда декларант кўрсатган суммалар ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлиши керак.

 

Декларация тасдиқланган шаклда (АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган) тақдим этилади.

 

Декларациянинг 1-варағида солиқ тўловчи ҳақидаги маълумотлар қайд этилади.

 

Уни декларация тақдим этаётган барча солиқ тўловчилар тўлдирадилар.

 

Декларацияни ихтиёрий равишда тақдим этаётган шахслар тегишли катакда «V» белгисини қўядилар.

 

Солиқ тўловчи ҳақидаги маълумотлар унинг барча реквизитларини акс эттириши керак:

 

тўлиқ Ф.И.О., СТИР, ШЖБПҲ, туғилган санаси, жинси;

 

чет эллик жисмоний шахс тегишли катакда «V» белгисини қўяди, фуқароси ҳисобланган мамлакатни ва Ўзбекистон Республикасига келган санасини кўрсатади;

 

паспорт маълумотлари (паспорт серияси ва рақами, ким томонидан ва қачон берилганлиги);

 

паспортда қайд этилганига кўра яшаш манзили (рўйхатдан ўтиш жойи);

 

алоқа боғлаш мақсадида телефон (уй, уяли ёки б.) рақами.

 

Тегишли катакларда декларация ва унга илова қилинган ҳужжатлар варақлари сонини кўрсатиш зарур.

 

Солиқ тўловчи декларацияда қайд этилган маълумотлар ишончлилиги ва тўлиқлигини имзоси билан тасдиқлаши шарт. Электрон декларация электрон рақамли имзо билан тасдиқланади.

 

БИР НЕЧТА МАНБАДАН ОЛИНГАН ДАРОМАДЛАРНИ ДЕКЛАРАЦИЯЛАШ

 

Декларациялаш жисмоний шахс ўтган йилда олган барча даромадларини, шунингдек улардан тўланган солиқларни қайд этишни назарда тутади. Декларациядаги маълумотлар тўлов манбаи бухгалтерияси томонидан берилган ойлар бўйича ҳисобланган даромадлар Расшифровкаси билан бирга Тўланган даромадлар ва ушлаб қолинган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммалари тўғрисидаги маълумотнома асосида акс эттирилади.

 

Асосий ва асосий бўлмаган иш жойидаги даромадлар декларациянинг I бўлими 1 ва 2-бандларида жадвалда қайд этилади.

 

ДЕКЛАРАЦИЯДА МОДДИЙ ЁРДАМНИ АКС ЭТТИРИШ

 

Йил давомида тўланган моддий ёрдам суммаси ходимнинг жами даромади таркибига киритилади ва декларациянинг I бўлимида акс эттирилади:

 

асосий иш жойидан олинганда – 1-банди жадвалида;

 

асосий бўлмаган иш жойидан олинганда – 2-банди жадвалида;

 

умумий суммаси – 10-бандида.

 

Бухгалтерия берган маълумотномада олинган моддий ёрдам суммалари берилиши сабабига қараб 1-бўлим 1-гуруҳининг тегишли устунида акс эттирилади. Бу берилган қуйидаги моддий ёрдам суммаларини солиқ солишдан озод қилиш тарзидаги ЖШДС бўйича имтиёз қўлланиши билан боғлиқ (Солиқ кодексининг 179-моддаси 1-банди):

 

фавқулодда ҳолатлар муносабати билан – тўлалигича;

 

вафот этган ходимнинг оила аъзоларига ёки оила аъзоси вафот этганлиги муносабати билан ходимга – ЭКИҲнинг 12 бараваригача миқдорда (1 562 880 сўм);

 

Солиқ кодексининг 178-моддасида кўрсатилган бошқа ҳолларда – ЭКИҲнинг 12 бараваригача миқдорда (1 562 880 сўм).

 

Бошқа ҳолларга қуйидаги муносабат билан тўланадиган моддий ёрдам киради:

 

ходимга меҳнатда майиб бўлганлик, касб касаллиги ёхуд соғлиққа бошқача шикаст етганлиги билан боғлиқ тўловлар;

 

бола туғилиши, ходим ёки унинг фарзандлари никоҳдан ўтиши муносабати билан бериладиган тўловлар;

 

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бериш ёки уларни сотиб олиш учун маблағлар бериш тарзидаги тўловлар.

 

Шахсий тусдаги бошқа асосларга кўра тўланган моддий ёрдамга ЖШДС бўйича имтиёзлар қўлланмайди.

 

Солиқ ушланмаган моддий ёрдам суммалари маълумотноманинг 1-бўлими 5-гуруҳида кўрсатилган. Ходимга моддий ёрдам кўрсатишга сабаб бўлган воқеалар (ҳолатлар) ваколатли органлар берган тегишли ҳужжатлар, масалан, табиий офат далили тасдиқланган ФВВ маълумотномалари, ўлим тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси ва бошқалар билан тасдиқланиши шарт.

 

ЖШДС солинмайдиган моддий ёрдам суммаси декларациянинг II бўлими 12-банди «б» кичик бандида кўрсатилади.

 

ЭКИҲнинг 4 БАРАВАРИНИ ЧЕГИРИШ ҲУҚУҚИ БИЛАН ДЕКЛАРАЦИЯНИ ТЎЛДИРИШ

 

Солиқ кодексининг 180-моддасида айрим тоифадаги жисмоний шахслар учун ҳар ойда даромад суммасидан ЭКИҲнинг 4 баравари миқдорида чегирма тарзидаги имтиёз назарда тутилган.

 

Чегирмани қўллаш асосий иш (хизмат, ўқиш) жойи бўйича, асосий иш жойи бўлмаган тақдирда – яшаш жойидаги солиқ инспекцияси томонидан жами йиллик даромад тўғрисидаги декларация асосида солиқни ҳисоблаб чиқариш чоғида амалга оширилади.

 

Чегирма суммаси ҳисобот йилида ишланган ойлар сони ва ЭКИҲга боғлиқ. 2016 йил учун солиқни ҳисоблашда солиқ солинмайдиган сумма 130 240 сўм ЭКИҲдан келиб чиқиб аниқланган.

 

ЭКИҲнинг 4 бараварини чегириш тарзидаги имтиёзга эга бўлган декларант декларациянинг II бўлими 12-банди «а» кичик бандида чегирманинг умумий суммасини, шунингдек имтиёзга бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатнинг («Ўзбекистон Каҳрамони», Совет Иттифоқи Қаҳрамони, Меҳнат Қаҳрамони дафтарчалари, орден дафтарчаси, имтиёзларга бўлган ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома, Пенсия жамғармасининг маълумотномаси, имтиёзларга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги ногироннинг гувоҳномаси, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг маълумотномаси ва ҳ.к.) номи, серияси, рақами, берилган санасини кўрсатиши шарт.

 

ДИВИДЕНДЛАР ТАРЗИДАГИ ДАРОМАДЛАРНИ ДЕКЛАРАЦИЯДА АКС ЭТТИРИШ

 

Дивидендлар мулкий даромадга киради ва жисмоний шахснинг жами даромадига киритилади. Дивидендлардан солиқни тўлов манбаи 10%лик ставкада ушлаб қолади.

 

Жисмоний шахсларнинг дивидендлар тарзида олинган ва дивиденд тўлаган юридик шахснинг устав фондига йўналтирилган даромадлари солиқ солишдан озод қилинган (Солиқ кодексининг 179-моддаси ­19-банди). Ушбу имтиёз ўтган йилларнинг тақсимланмаган фойдаси устав фондини (капиталини) кўпайтиришга йўналтирилганда қўшимча акцияларнинг қиймати ёки акцияларнинг номинал қийматини кўпайтириш тариқасида олинган даромадларга ҳам татбиқ этилади. Имтиёз қўлланганда солиқ солинмайдиган даромад суммаси декларациянинг II бўлими 12-банди «д» кичик бандида кўрсатилган бўлиши керак.

 

Декларацияда дивидендлар тарзидаги даромадлар ва улардан ушлаб қолинган солиқлар тўлов манбаидан қатъи назар декларациянинг I бўлими 6-бандида қайд этилган бўлиши лозим. Шунингдек имтиёзлар – солиқ солинадиган даромад бўлмаганда ҳам улар жами даромаднинг умумий суммаси таркибида III бўлимнинг жадвалида кўрсатилади. Дивидендлардан ушлаб қолинган солиқ суммаси ҳисобланган ва тўланган солиқнинг умумий суммасида кўрсатилади. Имтиёз қўлланиши сабабли дивидендлардан солиқ ушланмаган ҳолларда III бўлимнинг жадвалида уларнинг суммаси фақат жами даромад ва ундан чегирмалар таркибида кўрсатилади.

 

МУАЛЛИФЛИК ҲАҚИ СИФАТИДА ОЛИНГАН ДАРОМАД БЎЛГАН ДЕКЛАРАЦИЯНИ ТЎЛДИРИШ

 

Фан, адабиёт ва санъат асарларини яратганлик ҳамда улардан фойдаланганлик учун муаллифлик ҳақи тариқасида даромадлар олган шахслар декларациянинг I бўлими 3-бандидаги жадвални тўлдирадилар.

 

Муаллифлик ҳақи бўйича солиқ солинадиган даромадни аниқлашда ижодий фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ, ҳақиқатда қилинган ва ҳужжатлар билан тасдиқланган харажатлар чегирилиши назарда тутилган, бироқ у олинган даромад суммасининг 30%идан кўп бўлмаслиги керак.

 

Чегириладиган харажатларга қуйидагилар киради:

 

фан, адабиёт ва санъат асарларини яратиш ва улардан фойдаланиш учун зарур материаллар олиш;

 

фақат фан, адабиёт ва санъат асарларини яратиш, нашр қилиш, ижро этиш ёки улардан бошқача тарзда фойдаланиш мақсадида фойдаланиладиган бино ва мол-мулк ижараси.

 

Жисмоний шахс қилинган харажатларни тасдиқлаш учун даромадлар ва харажатлар ҳисобини юритиши ҳамда декларация билан бирга тўлов квитанциялари, НКМ ва тўлов терминаллари чекларини ва ҳ.к. тақдим этиши шарт.

 

ГРАНТ ОЛУВЧИЛАРНИНГ ДАРОМАДЛАРИНИ ДЕКЛАРАЦИЯЛАШ

 

Ҳисобот йилида грантлар олган шахслар декларациянинг I бўлими 4-бандидаги жадвални тўлдирадилар.

 

Халқаро ва чет эл ташкилотлари ва фондларидан, шунингдек илмий-техникавий ҳамкорлик соҳасидаги халқаро битимлар доирасида бевосита жисмоний шахс томонидан грант берувчидан ёки юридик шахс – грант олувчидан олинган грант суммасига ЖШДС солинмайди.

 

Ушбу имтиёзни қўллаш учун грант олувчи Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитасининг олинган пул маблағлари, моддий-техника ресурслари (асбоб-ускуналар, приборлар, материаллар, ахборот ва ташкилий техника тизимлари ва воситалари) ажратилган грантлар мақсад ва вазифаларига мувофиқлиги тўғрисидаги хулосасини тақдим этиши керак (АВ томонидан 18.05.1998 йилда 438-сон билан рўйхатдан ўтказилган Тартиб).

 

Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитасининг хулосаси бўлганда олинган грант суммаси декларацияда:

 

I бўлими 4-бандининг жадвалида;

 

жами даромаддан чегирмалар қилиш ҳуқуқи ҳақида маълум қилинадиган II бўлимининг «п» кичик бандида (кўрсатилган сумма Қўмитанинг хулосасига кўра грант ҳисобланишини изоҳлаш тавсия этилади);

 

III бўлимда жами даромад ва ундан чегирмаларнинг умумий суммаси таркибида кўрсатилади.

 

Декларацияни тақдим этиш пайтида Қўмитанинг хулосаси бўлмаганда декларациянинг III бўлими жадвалидаги олинган грант суммаси белгиланган шкалада ЖШДС ушлаб қолинадиган солиқ солинадиган даромадга киритилади.

 

ИЖАРАДАН ОЛИНГАН ДАРОМАДЛАРНИ ДЕКЛАРАЦИЯЛАШ

 

Мол-мулкни ижарага беришдан даромад олувчи жисмоний шахслар учун ушбу даромадларни декларациялашнинг алоҳида тартиб белгиланган: дастлабки ва якуний декларация бўйича.

 

Ижарадан олинган даромадлардан тўлов манбаида солиқ ушлаб қолинмаган тақдирдагина дастлабки тарздаги декларация тақдим этилади. Бу ҳолда жисмоний шахс мол-мулкни ижарага беришдан даромадлар олган биринчи ойдан кейинги ойнинг 5-санасигача ушбу даромадлар ҳақида дастлабки тарздаги декларацияни тақдим этиши шарт. Бунда ижара тўловининг энг кам ставкалари назарда тутилган мол-мулкни (турар ва нотурар жойлар, автотранспорт) ижарага берувчи жисмоний шахслар дастлабки тарздаги декларация билан бир қаторда унинг тегишли иловаларини тақдим этадилар.

 

Ижара бўйича даромадлар тўғрисидаги якуний декларация 1 апрелдан кечиктирмай тақдим этилади. Якуний декларация билан бир қаторда турар ва нотурар жойни ижарага беришдан олинадиган солиқ солинадиган даромадларнинг ҳисоб-китоби, автотранспортни ижарага берувчилар учун – автомобиль транспортини (енгил автомобиллар, микроавтобуслар, автобуслар ва юк автомобиллари) беришдан олинадиган солиқ солинадиган даромадларнинг ҳисоб-китоби тақдим этилади.

 

Мол-мулкни ижарага беришдан даромадлар декларация I бўлими 5-бандининг жадвалида кўрсатилади. Бунда ижарадан олинган даромадлардан солиқни ҳисоб-китоб қилишда мол-мулкни ижарага бериш билан боғлиқ харажатлар (коммунал тўловлар, мол-мулк солиғи ва ҳ.к.) чегирилиши назарда тутилмаганлигини инобатга олиш лозим.

 

Мол-мулкни ижарага беришдан даромадлар олиш тугаган тақдирда жисмоний шахс доимий яшаш жойидаги солиқ органини бу ҳақда ёзма шаклда хабардор этиши шарт.

 

Фуқаролар ўртасида тузилган автотранспорт, бино ёки иншоотни ёхуд унинг бир қисмини ижарага бериш шартномаси нотариал тасдиқланган бўлиши керак (ФКнинг 574, 603-моддалари). Фуқаролар ўртасида ижарага бериш шартномасининг мавжуд эмаслиги ёхуд уларнинг мажбурий нотариал тасдиқланишига риоя этмаслик ЭКИҲнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (МЖТКнинг 159-1-моддаси).

 

ТАЪЛИМ ҲАҚИНИ ТЎЛАШДА СОЛИҚ ЧЕГИРМАСИНИ ҚЎЛЛОВЧИ ШАХСЛАРНИНГ ДЕКЛАРАЦИЯ ТЎЛДИРИШИ

 

Фуқароларнинг солиқ солинадиган иш ҳақи ва бошқа даромадларининг Ўзбекистон олий ўқув юртларида таълим олиш учун (ўзининг ўқиши ёки 26 ёшга тўлмаган фарзандларининг ўқиши учун) йўналтириладиган суммаларига ЖШДС солинмайди (Солиқ кодексининг 179-моддаси 31-банди).

 

Ушбу имтиёзни қўллаш тартиби Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртларида таълим олиш учун йўналтириладиган маблағларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёзни қўллаш тартиби тўғрисидаги низом (АВ томонидан 27.05.2010 йилда 2107-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан белгиланади.

 

26 ёшгача бўлган ўз фарзандларининг ўқиши, шунингдек ёши чекланмаган ҳолда ўзининг ўқиши учун тўлов тўлайдиган ота-оналар солиқ чегирмаси олишга ҳақлилар.

 

Таълим учун тўлов усулига боғлиқ ҳолда солиқ чегирмаси даромадлар олиш жойида – тўлов манбаида ҳам, жами йиллик даромадни декларациялаш чоғида ҳам қўлланиши мумкин.

 

Солиқ чегирмасини олиш учун декларация билан бир вақтда ДСИга қуйидагилар тақдим этилади:

 

талаба билан Ўзбекистон олий ўқув юрти ўртасида тўлов-контракт асосида ўқитиш тўғрисида тузилган шартнома нусхаси;

 

тижорат банки билан таълим кредитини олиш учун тузилган шартнома нусхаси;

 

олий ўқув юрти ҳисобрақамига (таълим кредитини қоплаганда тижорат банки ҳисобрақамига) пул маблағларини мустақил тўлаганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаси;

 

паспорт нусхаси (солиқ имтиёзи таълим олувчининг ўзи томонидан қўлланилганда);

 

паспорт нусхаси (солиқ имтиёзи ота-она томонидан қўлланилганда) ва таълим олувчининг (таълим олувчиларнинг) туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси нусхаси;

 

солиқ чегирмасини олиш ҳуқуқига эга бўлган бошқа жисмоний шахсларнинг паспорт ва СТИР нусхалари – имтиёз олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар битта солиқ инспекциясида ҳисобда турган бўлсалар;

 

солиқ чегирмасини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган бошқа жисмоний шахслар томонидан имтиёз қўлланилган ёки қўлланилмаганлиги тўғрисидаги маълумотнома (маълумотномалар) – имтиёз олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар турли солиқ инспекцияларида ҳисобда турган бўлсалар.

 

Солиқ чегирмаси жисмоний шахс маълум қилган жами йиллик даромади доирасида олий ўқув юртида таълим олиш ҳақини тўлаш харажатлари суммасига берилади.

 

Олий ўқув юртида таълим олишга йўналтирилган маблағлар суммасига солиқ чегирмаси декларациянинг II бўлими 12-банди «л» кичик бандида кўрсатилади.

 

Декларациянинг III бўлими «Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммаси ҳисоб-китоби» жадвалининг ўнг қисмини солиқ органи ходими декларацияда акс эттирилган маълумотлар, шунингдек ваколатли органлар ва ташкилотлардан белгиланган тартибда олинган солиқ органида мавжуд маълумотлар асосида тўлдиради.

 

ДСИ ходими жисмоний шахснинг жами йиллик даромадидан бюджетга тўланиши лозим бўлган ЖШДС суммасини мустақил равишда ҳисоблаб чиқаради ва жадвалнинг 6-устунида қўшимча тўланадиган ёки бюджетдан қайтариладиган солиқ суммасини кўрсатади.

 

Декларациянинг 7-варағи йиртиладиган ҳисобланади.

 

Уни ДСИ ходими тўлдиради, солиқ органининг муҳри билан тасдиқлайди ва солиқ декларациясини тақдим этган шахсга у тақдим этилганлиги тасдиғи сифатида топширади.

 

ДЕКЛАРАЦИЯНИ ТАҚДИМ ЭТИШ ТАРТИБИНИ БУЗГАНЛИК УЧУН САНКЦИЯЛАР

 

Даромадлар тўғрисида декларация тақдим этишдан бўйин товлаганлик, декларацияни ўз вақтида тақдим этмаганлик ёки унда атайин нотўғри маълумотларни тақдим этганлик учун жисмоний шахсларга нисбатан ЭКИҲнинг 1 бараваридан 3 бараваригача миқдорда маъмурий жарима қўлланади (МЖТКнинг 174-моддаси 3-қисми).

 

Декларация узрли сабабга кўра (хизмат сафарига бориш, касаллик ва б.) вақтида топширилмаган бўлса, декларация билан бир вақтда тушунтириш хати ва тасдиқловчи ҳужжатлар қўшимча равишда солиқ инспекциясига тақдим этилади.

 

Агар декларация тақдим этиш тартибига риоя этмаганлиги учун солиқ тўловчига жарима хавф солаётган ёки ЖШДС бўйича тўлов тўлиқ эмаслиги маълум бўлса, солиқ инспекцияси унга жаримани (боқимонда, пеня) ихтиёрий равишда тўлаш ҳақида билдиришнома жўнатади.

 

Тақдим этилган декларацияда тўланиши лозим бўлган солиқ суммасининг камайишига олиб келувчи хатолар аниқланган тақдирда жисмоний шахс унга зарур ўзгаришлар киритиши шарт.

 

Декларацияни ўзгартириш ҳақидаги ариза солиқ тўлаш муддати ўтгунига қадар берилса, солиқ тўловчи жавобгарликдан озод қилинади.

 

Агар декларацияни ўзгартириш ҳақидаги ариза солиқни тўлаш муддати тугаганидан кейин, бироқ хатолар солиқ органи томонидан аниқлангунига қадар берилса, солиқ тўловчи солиқнинг етишмаётган суммасини ҳамда унга тегишли пеняни тўлаган тақдирда, жавобгарликдан озод этилади.

 

Жисмоний шахс солиқ органининг тақдим этилган декларацияда аниқланган хатолик тўғрисидаги билдиришномасини олган кун солиқ органи томонидан хатолик аниқланган кун деб ҳисобланади (Солиқ кодексининг 191-моддаси).

 

Агар жисмоний шахс солиқ декларациясини тақдим этган, бироқ унда нотўғри маълумотларни акс эттирган бўлса (барча даромадларни кўрсатмаса ёки унинг суммасини пасайтириб кўрсатса), солиқ органлари солиқ суммасини ўзидаги мавжуд ахборот асосида ЖШДСнинг энг юқори ставкаси бўйича ҳисоблашга ва бу тўғрисида солиқ тўловчига ёзма хабарномани топширишга ҳақли.

 

Солиқ тўловчи томонидан тўғриланган декларация тақдим этилган тақдирдагина бюджетга тўланиши лозим бўлган солиқ суммаси қайта кўриб чиқилиши мумкин (Солиқ кодексининг 192-моддаси).