Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Гостиницы и общепит смогут реализовать пиво без сканирования кодов маркировки Как государство поддержит создание интенсивных фруктовых садов по №УП-108 Как рассчитывать НДС налоговому агенту при приобретении товаров (услуг) от иностранных лиц Как рассчитывать НДС налоговому агенту при приобретении товаров (услуг) от иностранных лиц

Мўмин Хуррамович Ашуров оламдан ўтди

10.06.2026

Читать на русском языке

2026 йил 9 июнь куни катта ички маданият, тиниқ ақл ва ноёб инсоний ҳалоллик эгаси бўлган Мўмин Хуррамович Ашуров вафот этди. Олим, тадбиркор, ўқитувчи, меҳрибон эр, ота ва бобо сифатида у кўп меҳнат, масъулият, бунёдкорлик ва сокин, ҳақиқий қадр-қимматга эга бўлган ҳаёт кечирди. У 70 ёшда эди. 

 

 

Мўмин Хуррамович 1956 йил 19 апрелда тарихнинг ўзи инсонни билимга, хотирага ва инсон меҳнатига ҳурмат билан қарашга ўргатадиган Самарқанд шаҳрида туғилган. Бу ибтидо кўп жиҳатдан унинг йўлини белгилаб берди. Мактабдан кейин Москва, мамлакатнинг энг яхши техника олий ўқув юртларидан бири бўлган Москва муҳандислик-физика институтида ўқиш йиллари. 1979 йилда ММФИни муҳандис-физик мутахассислиги бўйича тамомлаган. Кейин СССР Фанлар академиясининг Умумий физика институтида аспирантурада ўқиди ва жиддий илмий иш билан шуғулланди. 1985 йилда унга физика-математика фанлари номзоди илмий даражаси берилди.

 

Фан унинг учун шунчаки касб эмас эди. У олимда фикрнинг аниқлигини, фактларга ҳурматни, хулоса чиқаришга шошилмасликни ва ҳар бир айтилган сўз учун жавоб беришни тарбиялади. Илмий мақолалар эълон қилди, монография ёзди, Самарқанд давлат университети ва педагогика институтида физикадан дарс берди. Ундан таълим олганлар ёки у билан бирга ишлаганлар бу инсоннинг нафақат билимини, балки хотиржам талабчанлигини, мураккаб нарсаларни оддий ва инсоний тарзда тушунтира олиш қобилиятини ҳам эслайдилар.

 

1990 йилларнинг ўрталарида мустақил Ўзбекистон янги иқтисодиётни қураётган бир пайтда Мўмин Хуррамович ўзи учун янги соҳага дадил қадам қўйди. 1997 йилдан бошлаб қарийб ўн беш йил давомида мамлакатнинг етакчи суғурта компанияларидан бири бўлган "Мадад" суғурта агентлигини бошқарган. У бизнесга илмий эътибор ва инсоний ҳалоллик билан кириб келди. Унинг раҳбарлигида агентлик ривожланиб, ўз мавқеини мустаҳкамлади, халқаро ҳамкорлар топди. У бошқалар фақат хавф-хатарни пайқаган жойда истиқболни кўра оларди. Шу билан бирга, ҳеч қачон чегарадан чиқмаган. Ишда ҳам, одамлар билан муносабатда ҳам. Қонунийлик ва ҳалоллик унинг учун ташқи талаб эмас, балки ички ҳаёт қоидаси эди.

 

2012 йилдан кейин унинг куч-ғайратининг катта қисми таълимга бағишланди. У Тошкентдаги "Норма" профессионал ривожланиш марказига раҳбарлик қилди, у ерда минглаб молиячилар, бухгалтерлар ва кадрлар бўйича мутахассислар замонавий иқтисодиётда ишлаш учун зарур бўлган билимларга эга бўлдилар. Кейинчалик ACFP – Ўзбекистон сертификатланган молия мутахассислари ассоциацияси ижрочи директори бўлиб, у мамлакатнинг бутун профессионал муҳити учун муҳим бўлган ишда иштирок этди. Унинг раҳбарлиги остида ACFP Евроосиё маконида биринчи бўлиб имтиҳонларни ўтказишнинг қўшма схемаси доирасида бухгалтерларнинг жаҳоннинг етакчи профессионал ташкилотларидан бири бўлган ACCA билан ҳамкорликни йўлга қўйди.

 

Унинг ўзи бу ишнинг маъносини аниқ таърифлаган: "Бизнинг асосий мақсадимиз – мутахассисларни халқаро стандартларга самарали тайёрлаш учун бутун Ўзбекистон бўйлаб таълим инфратузилмасини яхшилаш ва кенгайтиришдир." Бу навбатчи сўзлар эмасди. Охирги кунларгача у ишлади, ҳамкорлар билан учрашди, форумлар ва давра суҳбатларида қатнашди, интервьюлар берди, режалар тузди. Унда фойдали бўлиши мумкин бўлган иш бор экан, тўхтамасликдек ноёб қобилият бор эди.

 

Мўмин Хуррамович ҳаётида унинг яқин дўсти Илҳом Каримов номи билан аталувчи Тошкент бизнес-клуби – тадбиркорлар, олимлар, маданият арбоблари, журналистлар ва жонли суҳбат, ишонч, соф виждон ва ўзаро ҳурматни қадрлайдиган турли касб эгаларини бирлаштирган ҳамжамият алоҳида ўрин эгаллади. Лавозим ва унвонлар унутилган бу даврада у шунчаки Мўмин эди – ақлли, эътиборли, нозик ҳиссиётли суҳбатдош, кенг дунёқарашга ва яхши ҳазил туйғусига эга сезгир ўртоқ. У ишончли инсон эди. У тинглашни, дўстликни қадрлашни биларди. Атрофидагиларни қўллаб-қувватлай оларди. Баландпарвоз ваъдалар ва ортиқча сўзларсиз ёрдамга келарди.

 

Мўмин Хуррамовични яқиндан билганлар, аввало, унинг камтарлигини эслайдилар. Илм-фан, бизнес ва таълимдаги барча ютуқларига қарамай, унда на хўжакўрсинлик, на манманлик бор эди. У ўзининг аҳамиятли шахслигини таъкидламасди – бу унинг хатти-ҳаракатларида шундоқ ҳам сезилиб турарди. Ҳалоллик ҳақида баландпарвоз нутқлар сўзламасди, у шунчаки ҳалол яшарди. Ўйчан, масъулиятли, м улоҳазали, у бошқа одамнинг қадр-қимматини асрар ва ўзи ҳам қадр-қимматли инсон бўлиб қолаверарди.

 

Унинг касбий биографияси ортида оиласи – ҳаётининг энг азиз ва энг чуқур қисми турарди. Мўмин Хуррамович меҳрибон эр, бир ўғил ва икки қизнинг отаси, бахтли бобо эди. Оилада у ҳаётда қандай бўлса, шундайлигича қолди: талабчан, аммо илиқ; хотиржам, аммо эътиборли; кучли, лекин меҳр кўрсата оладиган. Неваралари унинг алоҳида қувончи эди. Уларда муҳаббат, меҳнат ва умиднинг давомини кўрди.

 

Бир инсонда бир неча тақдирлар бирлашган: физик ва ташкилотчи, тадбиркор ва педагог, раҳбар ва дўст. У рус, ўзбек ва тожик тилларида бемалол сўзлашар, инглиз тилида ўқир, илм-фанни, бозорни ва энг муҳими, одамларни тушунарди. Унинг ўлими оиласи, дўстлари, ҳамкасблари, шогирдлари, уни билган ва унинг инсоний илиқлигини ҳис қилган барча учун оғриқдир.

 

Бундай одамлар дарров кетиб қолмайди. Улар қўллаб-қувватлаган одамларнинг овозида, қуришда ёрдам берган ишларида, йўл очган ўқувчиларида, севги айрилиқдан кучлироқ бўлган оила хотирасида сақланиб қолади. Мўмин Хуррамович Ашуровнинг ёрқин хотираси унинг яқинлари, дўстлари, ҳамкасблари ва у билан бирга бўлиш бахтига муяссар бўлган барча инсонлар қалбида абадий сақланиб қолади.

 

Мўмин Хуррамовичнинг рафиқаси, ўғли, қизлари, набиралари, барча яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз. Дард ва қайғунгизга шерикмиз. Унинг хотираси ёруғ бўлсин, қилган яхшиликлари ҳали узоқ вақт одамларга хизмат қилсин.

 

Норма компанияси жамоаси