ҚҲТБТ порталида муҳокама учун Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида" 2016 йил 28 октябрдаги ПҚ–2646-сон қарорини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” Вазирлар Маҳкамаси қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Ўзгартиришлар тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ҳамда миллий ва хорижий валютада банк ҳисобварақларини очиш тартиб-таомилларига дахл қилади.
Шунингдек, Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни давлат рўйхатидан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказишни рад этиш учун қуйидаги асослар билан тўлдириш таклиф қилинмоқда:
- юридик шахснинг манзилини ўзгартириш билан боғлиқ қайта рўйхатдан ўтказишда юридик шахснинг БҲМнинг 300 бараваридан ортиқ солиқ қарзи мавжудлиги ёки амалга оширилган товар айланма ёхуд товарлар импорти бўйича реализация ҳажмининг солиқ ҳисоботларида тўлиқ акс эттирилмаганлиги, шунингдек, солиқ ҳисоботларини белгиланган муддатларда топширмаганлиги;
- улушнинг (ҳиссанинг) бошқа шахсга ўтиши билан боғлиқ ўзгартириш ва қўшимчаларни қайта рўйхатдан ўтказишда, муассиснинг муассислар рўйхати ўзгаришига розилиги мавжуд эмаслиги.
Шунингдек, Тадбиркорлик субъектлари ягона давлат реестридан маълумотлар берилганлиги учун ундириладиган йиғимлар ставкаларига ўзгартиришлар киритиш режалаштирилмоқда.
Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.
Лола Абдуазимова.