Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак влияют курсовые разницы на прибыль от экспорта Как изменятся тарифы на свет и газ с 1 мая и с 1 июня 2024 года Как учитывать экспортные операции Как оформить дефекты основных средств

Конституцияга суд тизимини такомиллаштиришга доир ўзгартиришлар киритилади

22.03.2017

«Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун лойиҳасига доир тушунтиришлар.

Президентнинг 2017 йил 21 февралдаги 4966-сон Фармони 4, 6 ва 8-бандлари ҳамда 2016 йил 21 октябрдаги 4580-сон Фармонининг ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан бошқа масъул вазирлик ва ташкилотлар билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

 

Конституциянинг 80-моддасига асосан, Олий Мажлис Сенати ваколатига давлат раҳбарининг тақдимига биноан Конституциявий судни, Олий судни, Олий хўжалик судини сайлаш киради.

 

Мамлакатимиз Асосий Қонунининг 93-моддасига мувофиқ, Президент парламент юқори палатасига Конституциявий суд раиси ва судьялари, Олий суд раиси ва судьялари, Олий хўжалик суди раиси ва судьялари лавозимларига номзодларни тақдим этади ҳамда вилоят, туманлараро, туман, шаҳар, ҳарбий ва хўжалик судларининг судьяларини тайинлайди ва лавозимларидан озод этади. Шу билан бирга, суд тизимини амал қилиши бўйича тўпланган тажрибанинг ўрганилиши суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш зарурияти мавжудлиги ҳақида хулосага олиб келади. Жумладан, Президент ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси конституциявий давлат органлари тизимида аниқ ҳуқуқий мақомга эга эмас, ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади ва чекланган ваколатларга эга.

 

Бундан ташқари, суд ҳокимиятининг икки олий органи  Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик судининг мавжудлиги суд тизимини бошқариш вазифаларининг такрорланишига, ягона суд амалиёти таъминланмаслигига олиб келмоқда. Судлар тизимининг амалдаги тузилмаси ва штат бирлиги хизмат вазифаларини оқилона тақсимлаш имконини бермаяпти, бу эса уларни замон талабларини инобатга олган ҳолда такомиллаштириш ва мақбуллаштиришни талаб этади.

 

Маъмурий суд иш юритувини амалга ошириш бўйича конституциявий норма, шунингдек давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) ва қарорларидан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатларининг ишончли суд ҳимоясини таъминловчи ягона суд мавжуд эмас.

 

Юқорида қайд этилган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида:

 

  • Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашадиган Судьялар олий кенгашини ташкил этиш таклиф этилмоқда. Бунда, Кенгашнинг фаолияти алоҳида қонун билан тартибга солиниши ҳақидаги нормани киритиш таклиф қилинаётир («Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни). Шу муносабат билан, Конституциянинг 81, 111-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда;
  • Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари раислари ва раис ўринбосарлари Кенгашнинг тақдимномасига биноан Президент томонидан, ҳарбий судлар, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, туман (шаҳар), туманлараро судлари судьялари эса Президент билан келишилган ҳолда Кенгаш томонидан лавозимга тайинланиши ва лавозимдан озод этилиши тартиби таклиф этилмоқда. Шунингдек, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий низоларни, шунингдек маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ваколатли бўлган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судларини, туман (шаҳар) маъмурий судлари билан суд тизимини кенгайтириш таклиф этилмоқда. Шу муносабат билан, Асосий Конуннинг 80, 93, 107 ва 110-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда;
  • Олий суд ва Олий хўжалик судини ягона Ўзбекистон Республикаси Олий судига бирлаштириш ва бу билан фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасидаги суд ҳокимиятининг ягона олий органини ташкил этиш таклиф этилмоқда. Шу муносабат билан, мамлакат Конституциясининг 83, 93, 107 ва 111-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда;
  • Президентнинг 2016 йил 21 октябрдаги 4580-сон Фармонида судья лавозимида бўлишнинг биринчи маротаба беш йиллик, кейин ўн йиллик муддатини ва шундан сўнг муддатсиз даврини белгилаш кўзда тутилган. Шу муносабат билан, Конституциянинг 112-моддаси судьялик ваколатлари бўйича аниқ муддатлар ўрнатилишига оид ҳавола қилувчи норма билан тўлдирилмоқда (Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги Қонуни).

 

Ўйлаймизки, ушбу Қонуннинг қабул қилиниши:

 

  • суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш;
  • судлар фаолияти самарадорлиги ва нуфузини ошириш;
  • судлар тузилмасини ҳамда судьялик лавозимларига номзодларни танлаш ва тайинлаш тизимини янада такомиллаштириш;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлашга хизмат қилади.

 

Олий Мажлис  Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси

Алия ЮНУСОВА