ҚҲТБТ порталида Йўловчилар ва юкларни автомобиль транспортида ташиш билан шуғулланаётган юридик шахсларнинг ходимларига қўйиладиган малака талаблари тўғрисидаги низом лойиҳаси муҳокама қилинмоқда.
Чамаси, бу ҳужжат ҳозир амал қилаётган Низомни (рўйхат рақами 1626, 5.10.2006 й.) алмаштиради.
Ҳужжат лойиҳасининг номи ва матнидан юкларни автомобиль транспортида ташиш билан шуғулланаётган якка тартибдаги тадбиркорлар чиқариб ташланганлиги ўзига эътиборни тортади. Бу малака талабларига мувофиқ келиш юзасидан аттестациядан ўтиш улар учун 2019 йил 1 июлдан бекор қилиниши билан боғлиқ.
Ҳужжатдаги иккинчи ўзгартириш – бу ҳужжатни бошқа ҳужжатларга мувофиқ келтириш – юридик шахс ходимларини аттестациядан ўтказувчи, шунингдек ўзининг малакасини оширувчи шахслардан малака имтиҳонини олувчи Комиссия Транспорт вазирлиги (илгари Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги бўлган) ҳузурида фаолият юритади.
Лойиҳа бошқа ўзгартиришларни ҳам ўз ичига олган, уларнинг айримларига батафсил тўхталиб ўтамиз.
Илгаригидек, қуйидагиларга малака талаблари қўйилади:
- юридик шахс (юридик шахснинг транспорт бўлинмаси (хизмати) раҳбари;
- ташиш жараёнини ташкиллаштиришга жавобгар бўлган раҳбарнинг ўринбосари;
- ташишлар хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича мутахассис.
Бироқ, штатда автотранспорт воситаларидан фойдаланиш ва ташишлар хавфсизлигини таъминлаш учун жавобгар бўлган, аттестациядан ўтган мутахассис мавжуд бўлган тақдирда юридик шахс раҳбарининг аттестациядан ўтиши бўйича талаб чиқариб ташланади.
Ташиш жараёнини ташкиллаштиришга жавобгар бўлган, шунингдек ташишлар хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича мутахассис мавжуд бўлмаган тақдирда лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилади.
Аттестация комиссиясини ташкил этиш, аттестацияни ўтказиш тартиби ва уни ўтказиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхати тубдан ўзгармади. Аммо энди тест ўтказишдаги саволлар сони аниқлаштирилди – 15 та. Қуйидаги миқдорда саволларга жавоб берилган тақдирда:
- 13-15 та саволга – ходим 5 йил муддатга аттестациядан ўтган ҳисобланади;
- 10-12 та саволга – 6 ой муддатга аттестациядан ўтган ҳисобланади;
- 9 та ва ундан кам саволларга – аттестациядан ўтмаган ҳисобланади.
Ҳозир амал қилаётган низомда 6 ой муддатга аттестациядан ўтказиш мавжуд эмас. Тегишинча, Комиссия аттестация натижалари бўйича “Комиссия тавсияларини бажарган тақдирда 6 ойдан кейин такроран аттестациядан ўтказилган ҳолда малака талабларига мувофиқ” формулировкаси билан қарор қабул қилишга ҳақли бўлади.
Ҳужжат яна бир қатор ўзгартиришларни ўз ичига олган.
Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.
Константин Мосин.