Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz Как срочно нужно реализовать немаркированные прохладительные напитки ЭТТН для авто, приобретенных в лизин Как не-финансисту разобраться в финансах… не учась Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro

«Бухоро-Агро» ЭИЗда иссиқхона хўжаликлари ташкил этганларга имтиёзлар берилади

12.07.2018

Читать на русском языке

Бухоро вилоятида замонавий иссиқхона хўжаликлари қурилиб, уларда ташқи бозорларда талаб катта бўлган, юқори қўшилган қийматли рақобатбардош маҳсулотлар етиштирилади. 



Бу ҳақда Президентнинг «Бухоро-Агро» эркин иқтисодий зонасини (бундан кейин – «Бухоро-Агро» ЭИЗ) ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори имзоланди. Ҳужжат матни ЎзАда эълон қилинди.

 

«Бухоро-Агро» ЭИЗ ташкил этилмоқда



Қуйидагилар «Бухоро-Агро» эркин иқтисодий зонасининг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгиланди: 

  • замонавий иссиқхона хўжаликларини, жумладан, гидропоника технологияларини қўллаган ҳолда, кластер усули асосида ташкил этиш учун тўғридан-тўғри хорижий ва маҳаллий инвестициялар жалб этиш, шунингдек, замонавий энергия тежовчи иссиқхоналар қуриш учун конструкциялар, жиҳозлар ва бошқа бутловчи буюмлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш;
  • ҳудуднинг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан самарали фойдаланиш асосида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш, қайта ишлашни чуқурлаштириш ва уларнинг экспорт ҳажмини ошириш;
  • қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг уруғдан то маҳсулотни бозорга етказиб беришгача бўлган тўлиқ жараёнини ташкил этишни рағбатлантириш;
  • кўчатзорлар, шунингдек, бирламчи уруғчиликни ташкил этиш учун шароитлар яратиш орқали иссиқхона хўжаликларини талаби катта, юқори ҳосилдорликка эга бўлган қишлоқ хўжалиги экинлари уруғ ва кўчатлари билан таъминлашнинг самарали механизмларини жорий этиш;
  • логистика хизматлари кўрсатишнинг замонавий инфратузилмасини шакллантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш субъектларига улар томонидан етиштирилган маҳсулотлар экспортини ташкил этишда кўмаклашиш;
  • иссиқхона хўжаликларини ташкил этишда замонавий ресурс тежовчи технологияларни, муқобил иссиқлик энергиялардан фойдаланишни кенг жорий этиш;
  • ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва маркировка қилиш бўйича халқаро стандартларга мувофиқ илмий-ишлаб чиқариш марказлари ташкил этиш ва уларнинг хулосалари халқаро даражада эътироф этилишини таъминлаш чора-тадбирларини кўриш;
  • иссиқхона хўжаликлари соҳасида юқори малакали мутахассислар тайёрлашда, жумладан, улар томонидан «Бухоро-агро» ЭИЗ ҳудудида фаолият юритаётган корхоналарда ишлаб чиқариш амалиётини ўташда иштирок этиш.

 

«Бухоро-агро» ЭИЗнинг фаолият кўрсатиш муддати у ташкил этилган кундан бошлаб, мазкур муддатни кейинчалик узайтириш имконияти билан 30 йилни ташкил қилади. «Бухоро-агро» ЭИЗ иштирокчиси мақоми Бухоро вилояти Эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгашининг қарори билан берилади.



«Бухоро-агро» ЭИЗ ҳудудида амалга ошириладиган лойиҳаларни молиялаштириш халқаро молия институтлари, лойиҳа ташаббускорлари маблағлари, жумладан, тўғридан-тўғри инвестициялар, шунингдек, тижорат банклари кредитлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилиши белгиланди. Бунда лойиҳа ташаббускорининг лойиҳани амалга ошириш учун жалб этилаётган ўз маблағлари миқдори тегишли лойиҳа умумий қийматининг 25%идан кам бўлиши мумкин эмас.

 

Солиқ ва божхона имтиёзлари


«Бухоро-агро» ЭИЗ қатнашчиларига Президентнинг 26.10.2016 йилдаги «Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини фаоллаштириш ва кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ–4853-сон Фармонида назарда тутилган солиқ ва божхона имтиёзлари татбиқ этилади. Улар ҳақида батафсил – жадвалда:

 

Имтиёз

Амал қилиш муддати

Қуйидагилардан озод этиш:

  • ер солиғи, даромад солиғи, юридик шахслар мулк солиғи, микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови (ЯСТ), шунингдек, Республика йўл жамғармаси ва Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармасига мажбурий ажратмалардан;
  • ўзининг ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун четдан келтириладиган асбоб-ускуналар, хом ашё, материаллар ва бутловчи буюмларни божхона тўловларидан (божхонада расмийлаштириш йиғимлари бундан мустасно);
  • мамлакатимизда ишлаб чиқарилмайдиган ва лойиҳаларни амалга ошириш доирасида Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича четдан келтириладиган қурилиш материалларини божхона тўловларидан (божхонада расмийлаштириш йиғимлари бундан мустасно).

Шуни ҳисобга олиш лозимки, мазкур божхона имтиёзлари қўлланган ҳолда олиб келинган ускуналар, хом ашё, материал ва бутловчи буюмлар сотилган ёки беғараз берилган ҳолларда, улар олиб келинган пайтдан бошлаб 3 йил давомида божхона тўловлари қонунчиликда белгиланган тартибда тўлиқ ҳажмда ундирилади

Солиқлар ва тўловларни тўлашдан озод этиш киритилган инвестициялар ҳажмига қараб белгиланадиган муддатга тақдим этилади

Инвестициялар ҳажми

Озод этиш муддати

300 минг АҚШ долларидан 3 млн АҚШ долларигача

3 йил муддатга

3 млн АҚШ долларидан 5 млн АҚШ долларигача

5 йил муддатга

5 млн АҚШ долларидан 10 млн АҚШ долларигача

7 йил муддатга

10 млн ва ундан кўп АҚШ доллари

10 йил муддатга, сўнгги 5 йилда амалдаги ставкалардан 50% кам ҳажмдаги даромад солиғи ва ЯСТ ставкалари қўлланган ҳолда 

  • экспортга йўналтириладиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун олиб келинадиган хом ашё, материал ва бутловчи буюмлар учун божхона тўловлари тўлашдан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари);
  •  экспорт ва импорт қилинадиган товарлар учун ҳақ тўлаш ва ҳисоб-китобларнинг улар учун қулай шарт ва шаклларидан фойдаланиш ҳуқуқи

ЭИЗ фаолияти давомида

 

 

Алоҳида шартлардаги кредитлар

 

«Бухоро-агро» ЭИЗ ҳудудида ташкил этилган корхоналарга Президентнинг 6.01.2017 йилдаги «Озиқ-овқат, чарм-пойабзал ва фармацевтика саноатида инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш манбаларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–2718-сон қарорида белгиланган кредитлар тақдим этиш тартиби ва шартлари татбиқ этилади.

 

Мазкур қарор доирасида Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ ва «Асака» АТБ томонидан инвестиция лойиҳаларини биргаликда молиялаштириш учун 300 млрд сўмдан бўлган миқдордаги кредит линиялари очилди.

 

Ушбу кредит линиялари доирасида хорижий валютадаги кредитлар қуйидаги шартларда тақдим этилади:

  • кредит озиқ-овқат, чарм-пойабзал ва фармацевтика саноатидаги инвестиция лойиҳалари доирасида фақат замонавий импорт асбоб-ускуналар, технологиялар ва материалларни харид қилиш учун тақдим этилади;
  • кредит 2 йиллик имтиёзли давр, 6 ойлик ЛИБОР ставкаси ва йиллик 1,0% ҳамда қайта молиялаштирувчи банкнинг йиллик 1,0% миқдоридаги маржасига тенг бўлган фоиз ставкаси билан 7 йилгача муддатга тақдим этилади;
  • кредит линиялари доирасида молиялаштирилиши назарда тутилаётган озиқ-овқат, чарм-пойабзал ва фармацевтика саноатидаги инвестиция лойиҳалари тармоқ Илмий-техника кенгашида мажбурий экспертизадан ўтказилади.

 

Бошқа кўмак

 

«Бухоро-агро» ЭИЗ ҳудудида яратиладиган замонавий иссиқхона хўжаликларини ташкил этиш бўйича ишга жалб қилинадиган хорижий мутахассислар учун кириш визаларини консуллик ҳамда бошқа йиғимларни ундирмасдан расмийлаштиришда, шунингдек Ўзбекистон ҳудудида меҳнат фаолияти ҳуқуқига тасдиқномалар беришда (муддатини узайтиришда)  кўмак берилади. Маҳаллий тадбиркорларга ишлаш мақсадида республикага хорижий мутахассисларни жалб этиш учун рухсатнома олишда ёрдам берилади.

 

Икки ой муддатда замонавий энергия тежовчи иссиқхона комплексларини (иссиқхоналарни) улар жойлашган ҳудуднинг (жойнинг) ўзига хос хусусиятларидан, иссиқхонанинг ихтисослашувидан ҳамда иссиқхона хўжалиги самарадорлигига таъсир этувчи бошқа омиллардан келиб чиққан ҳолда мақбул шароитларда ташкил этиш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилади.

 

Иссиқхона хўжаликлари раҳбарлари ва мутахассислари учун иссиқхона хўжаликларини бошқариш, ш.ж. қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ҳамда экспорт қилиш масалалари юзасидан туркум ўқув семинарлари ташкил этилади.

 

Замонавий иссиқхона хўжаликларини ташкил этиш ва ривожлантириш соҳасидаги илмий-тадқиқот ишларини ҳамда инновацион ишланмаларни рағбатлантириш, шунингдек, хорижий мамлакатларнинг мазкур йўналишдаги илғор тажрибаси асосида мутахассисларнинг малакасини оширишни ташкил этиш чоралари кўрилади.



Олег Гаевой.

 



 

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_