Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак влияют курсовые разницы на прибыль от экспорта Как изменятся тарифы на свет и газ с 1 мая и с 1 июня 2024 года Как учитывать экспортные операции Как оформить дефекты основных средств

Давлат молиясини бошқариш оптималлаштирилади

27.08.2020

Читать на русском языке

Вазирлар Маҳкамасининг қарори (24.08.2020 йилдаги 506-сон) билан 2020-2024 йилларда Ўзбекистон Республикаси давлат молиясини бошқариш тизимини такомиллаштириш стратегияси тасдиқланди.

 

Ҳужжат Президентнинг 30.12.2019 йилдаги «2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонуни ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4555-сон қарорига мувофиқ қабул қилинган.

 

Қарор билан тасдиқланган Стратегия давлат молияси соҳасида режалаштириладиган ва ўтказиладиган ислоҳотларнинг аниқ мақсад ва вазифалари, асосий йўналишларини бир ҳужжатга жамлайди. Стратегия 2018 йилда PEFA услубияти бўйича Жаҳон банки томонидан ўтказилган амалдаги бюджет тизими таҳлилига, давлат молиясини бошқариш самарадорлигини баҳолаш натижаларига, шунингдек Халқаро валюта жамғармасининг шаффофлик кодекси доирасида фискал сиёсатнинг шаффофлигини диагностик баҳолаш натижаларига асосан ишлаб чиқилган.

 

Ўзбекистонда давлат молияси тизимини такомиллаштириш бўйича бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилган. Хусусан Давлат бюджети Парламент томонидан тасдиқланган, «Фуқаролар учун бюджет» нашри чоп этилган, мазкур нашр openbudget.uz ахборот порталида жойлаштирилган. Давлат бюджети ижроси тўғрисидаги маълумотлар Халқаро валюта жамғармасининг Давлат молиявий статистикаси (GFS) стандартларига мувофиқ эълон қилинади, маҳаллий бюджетни шаклланлантиришда кенгашлар ва ҳокимликлар роли оширилди.

 

Стратегияда 2020-2024 йилларда давлат молиясини бошқариш тизимини янада такомиллаштиришнинг олтита асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланган:

  • ўрта муддатли бюджет асосларини ишлаб чиқиш ҳамда йиллик бюджетни шакллантиришнинг янги «натижага йўналтирилган бюджет» тизимини жорий этиш;
  • макрофискал прогнозлар ишончлилигини таъминлаш бўйича институционал салоҳиятни ва бюджет жараёни иштирокчиларининг масъулиятини ошириш;
  • бюджет маблағларини тақсимловчилар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг бюджет соҳасидаги ваколатларини ва ҳисобдорлигини ошириш ҳамда уларнинг масъулиятини кучайтириш;
  • фискал таваккалчиликларни баҳолаш, молиявий активлар ва мажбуриятлар ҳисобини юритиш ҳамда уларни самарали бошқариш тизимини жорий этиш;
  • бюджет ҳисоби стандартларни унификация қилиш, ички назорат ва аудит тизимини такомиллаштириш орқали молиявий интизомни мустаҳкамлаш, шунингдек бюджет жараёни устидан парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтириш;
  • бюджет маълумотларининг очиқлиги, тўлиқлиги ва халқаро стандартларга мослигини таъминлаш.

 

Шунингдек қарор билан Стратегияни амалга ошириш бўйича ҳаракатлар режаси тасдиқланган.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 25.08.2020 йилдан кучга кирди.

 

Лола Абдуазимова.