Президент 24.03.2025 йилдаги "Чиқиндиларни қайта ишлаш соҳасини янада такомиллаштириш ҳамда комплекс тизимлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-56-сон Фармонни имзолади.
Ҳужжат билан чиқиндиларни қайта ишлаш соҳасидаги асосий йўналишлар белгиланди:
- амалдаги қаттиқ коммунал чиқиндилар полигонлари билан боғлиқ вазиятни тубдан яхшилаш, 2030 йилгача уларни 50 фоизга қисқартириш;
- янги ҳосил бўладиган чиқиндиларни полигонларга юбормасдан максимал даражада қайта ишлаш ёки ёқиш, соҳага циркуляр иқтисодиётни жорий этиш;
- шаҳарлардан маиший чиқиндиларни олиб чиқиш ва "ноль чиқинди" тамойили бўйича қайта ишлаш, шунингдек улардан экологик тоза энергия ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган зоналар яратиш.
Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги тизимида чиқиндиларни утилизация қилиш ва қайта ишлашга ихтисослашган саноат зоналари ташкил этилади.
Чиқиндилар полигонлари ҳудудларида 30 йилга экосаноат зоналари яратилади. Бу зоналар учун Агентликка топширилган ер участкалари электрон онлайн-аукцион орқали ижарага берилади.
Чиқиндиларни тўлиқ саралаш ва қайта ишлашга қаратилган, шу жумладан экосаноат зоналари ҳудудида чиқиндилардан иккиламчи ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш технологияларини жорий этиш, "ноль чиқинди" тамойили асосида чиқиндиларни термик қайта ишлаш ҳисобига муқобил энергия олишга йўналтирилган камида 3 млн АҚШ доллари қийматидаги лойиҳалар Мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан тўғридан-тўғри музокаралар натижалари бўйича энг яхши таклифларни танлаш йўли билан аниқланади.
Ҳужжат билан шунингдек қуйидагилар тасдиқланган:
- 2025-2027 йилларда чиқиндиларни тўплаш, саралаш, зарарсизлантириш, қайта ишлаш, ёқиш, утилизация қилиш ва уларни йўқ қилиш бўйича экосаноат зоналарини ташкил этишнинг манзилли рўйхати;
- экосаноат зоналарига имтиёзлар ва преференциялар тақдим этишни кўзда тутувчи "Чиқиндини қайта ишлаш бўйича инвестори" пакети.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 26.03.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова