Президент томонидан 28.04.2025 йилдаги «Янги Ўзбекистон» университети фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-151-сон Қарор имзоланди.
«Янги Ўзбекистон» университетига қуйидаги ҳуқуқлар берилмоқда:
- илмий унвонлар ва илмий даражалар берувчи илмий кенгашлар тузиш ва уларнинг таркибини тасдиқлаш;
- тегишли мутахассисликлар бўйича илмий унвонлар ва илмий даражалар бериш, шунингдек, докторантлар ва мустақил изланувчиларга илмий раҳбарлик қилиш тартибини тасдиқлаш;
Шунингдек, Университетда техника ва тиббиёт соҳасидаги илмий-тадқиқот лойиҳаларини грант асосида молиялаштиришнинг янги механизми жорий этилмоқда. Бунда:
- агар илмий-тадқиқот лойиҳасини молиялаштиришнинг йиллик суммаси БҲМнинг 2,5 минг баробаридан ошса, бундай лойиҳани молиялаштириш халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтингининг юқори 30 талигига кирувчи олий таълим ташкилоти томонидан берилган хулоса асосида амалга оширилади;
- лойиҳаларга ажратилган маблағларнинг камида 60 фоизи ушбу лойиҳа доирасида фойдаланиш учун тегишли асбоб-ускуна харид қилишга йўналтирилади, бундан бир йиллик молиялаштириш қиймати БҲМнинг 1040 баробаригача бўлган лойиҳалар мустасно;
- лойиҳанинг бир йиллик молиялаштириш қиймати БҲМнинг 5 минг баробаридан юқори бўлган ҳолларда ушбу лойиҳа раҳбарига қуйидаги мажбуриятлар юкланади:
- илмий-тадқиқот лойиҳаси умумий қийматининг камида 20 фоизини ҳамкорликда молиялаштириш мақсадида хорижий грантларни жалб қилиш;
- илмий-тадқиқот лойиҳасини 3 нафар докторант ва 10 нафар магистрантни жалб қилган ҳолда амалга ошириш;
- илмий-тадқиқот лойиҳасини амалга оширишда камида 10 нафардан иборат тадқиқотчилар гуруҳини тузиш ҳамда камида Хирш индекси 20 дан юқори бўлган 1 нафар чет эллик олимни жалб қилиш;
- лойиҳалар қўшма молиялаштириш механизми орқали амалга оширилади. Бунда лойиҳа умумий қийматининг 60 фоизи Давлат бюджети, қолган қисми эса бошқа манбалар ҳисобидан ажратилади.
Бундан ташқари, университетда Германия олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда Тиббиёт факультети ташкил этилмоқда.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 29.04.2025 йилдан кучга кирди.
Собир Нурбердиев