Вазирлар Маҳкамасининг 28.04.2025 йилдаги «Умумий ўрта таълим соҳаси ходимлари ўртасида "Йил ўқитувчиси" ҳамда "Касбий маҳорат етакчиси" танловларини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 264-сон қарори қабул қилинди.
«Йил ўқитувчиси» ва «Касбий маҳорат етакчиси» танловлари 2026 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта ўтказилади.
«Йил ўқитувчиси» танловини ўтказишдан мақсад – ёшларни баркамол шахс этиб тарбиялашга муносиб ҳисса қўшаётган, ўқув-тарбия жараёнида самарали натижаларга эришаётган ўқитувчиларни аниқлаш ҳамда уларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш ҳисобланади.
Танлов уч босқичда ўтказилади: биринчи босқичда – танловнинг саралаш босқичи бошланадиган йилнинг октябрь-декабрь ойларида Ташкилий қўмита томонидан номзодларнинг мутахассислик фани, педагогик маҳорати ва касб стандарти бўйича назарий билимлари баҳоланади; иккинчи босқичда – танлов ғолиблари тақдирланадиган йилнинг январь-февраль ойларида номзодларнинг педагогик маҳорати баҳолаш мезонлари асосида ҳакамлар ҳайъати ҳамда педагоглар томонидан баҳоланади.
Бунда номзод ўтган дарснинг видеоёзуви баҳолаш учун махсус платформага жойлаштирилади; учинчи босқичда – танлов ғолиблари тақдирланадиган йилнинг апрель-май ойларида номзодларнинг маънавий-маърифий фаолияти ҳамда китобхонлиги тақдимот асосида баҳоланади.
Танлов якунларига кўра ғолиб деб топилган номзодга QR-кодли сертификат ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазири жамғармасига қўшимча ажратилган маблағларни қайта тақсимлаш ҳисобидан БҲМнинг 1400 бараварига тенг пул мукофоти берилади.
«Касбий маҳорат етакчиси» танлови Педагогик маҳорат марказлари директорлари ўртасида уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, илғор тажрибани оммалаштириш ҳамда янги таълим технологияларини аниқлаш мақсадида ўтказилади.
Танловда камида икки йил директор лавозимида ишлаган раҳбарлар иштирок этиши мумкин.
Ишчи гуруҳ томонидан фаолият натижалари 4 йўналиш бўйича ўрганилади:
- минтақада таълим сифатини ошириш;
- Марказнинг молиявий барқарорлиги;
- таълим жараёнини замонавий услубда ташкил этиш;
- Марказни тажрибали кадрлар билан таъминлаш ва бошқарувнинг замонавий усулларини жорий этиш.
«Касбий маҳорат етакчиси» танлови ғолиби ҳам сертификат асосида БҲМнинг 1400 бараварига тенг пул мукофоти билан тақдирланади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 29.04.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова