Вазирлар Маҳкамасининг 30.06.2025 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Давлат театрлари ва театр-студиялари фаолияти бўйича ихтисослашган бадиий-эксперт гуруҳлари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 399-сон қарори қабул қилинди.
Эксперт гуруҳлари – саҳна асарларининг бадиий савияси, саҳнавий талқини юзасидан таклиф, тавсиялар ва хулосалар бериш, шунингдек спектаклларда порнографик, таниқ, зўравонлик ёки шафқатсизликни ҳамда жинс бўйича камситишни тарғиб қилувчи саҳна кўринишларини намойиш этиш ва уларни реклама қилишнинг олдини олиш, саҳналаштирилаётган асарларни муҳокама қилиш, театр-томоша тадбирларини ўтказишга кўмаклашиш учун давлат театрлари ва театр-студияларида тузиладиган маслаҳат органи ҳисобланади.
Эксперт гуруҳлари, қоида тариқасида, раис, унинг ўринбосари, котиб ва 9 нафаргача аъзо таркибида шакллантирилади.
Эксперт гуруҳлари таркиби ихтисослашувига кўра, қоида тариқасида, таниқли ижодкорлар, маданият ходимлари, олимлар ва театр соҳаси мутахассислари (театршунослар, санъатшунослар, бастакорлар, дирижёрлар, режиссёрлар, рассомлар, дизайнерлар, вокал артистлари, опера ижрочилари ва бошқалар) орасидан шакллантирилади ва маданият вазирининг буйруғи билан тасдиқланади.
Тарихий асарларни саҳналаштиришда тегишли эксперт гуруҳлари таркибига саҳна асарининг мавзуси ва йўналишидан келиб чиқиб, ушбу соҳа бўйича малакали мутахассислар қўшимча жалб этилиши мумкин.
Ҳар чорак якунлари бўйича бажарилган ишлар натижадорлигига қараб эксперт гуруҳлари аъзолари МҲТЭКМнинг 5 бараваригача миқдорда рағбатлантирилади. Бунда республика ижро этувчи ҳокимият органлари ходимлари эксперт гуруҳлари аъзолигига қабул қилинганда, уларга рағбатлантириш тўловлари амалга оширилмайди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 01.07.2025 йилдан кучга кирди.
Собир Нурбердиев