Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Для чего создается Экспертный совет по налоговым спорам Кто и для чего сможет арендовать объекты культурного наследия Что меняется в практике признания должника неплатежеспособным в Узбекистане

Янги нодавлат олий таълим муассасалари учун қўшимча талаблар белгиланди

07.07.2025

Читать на русском языке

Вазирлар Маҳкамасининг 30.06.2025 йилдаги 403-сон қарори билан республикада нодавлат таълим хизматлари сифатини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари белгиланди. Ҳужжат уч ойдан сўнг кучга киради.

 

Нодавлат олий таълим муассасалари фаолиятини лицензиялашнинг қўшимча шартлари сифатида қуйидагилар белгиланди:

  • талабгор томонидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига ташкил этилаётган олий таълим муассасасининг концепциясини тақдим этиш. Концепцияда бошқарув тизими ва шахсий таркиб, таълим ва илмий фаолиятнинг асосий турлари, қабул параметрлари, таълим сифатини таъминлаш тизими ва воситалари, меҳнат ҳақи миқдори ва уни ҳисоблаш тартиби, таълим муассасасини ривожлантиришнинг беш йиллик стратегик режаси ва бошқалар кўрсатилади;
  • дастлабки устав капитали моддий-техника базаси ва дастурий таъминотни ўз ичига олган ҳолда камида 2 млн АҚШ доллари эквивалентида шакллантирилиши ва кейинчалик бу устав капиталини талабалар сонининг ўсишига мутаносиб равишда кўпайтириб бориш керак;
  • 350 минг АҚШ доллари эквивалентидаги пул маблағларини тижорат банкларининг захираларига жойлаштириш ва уларнинг миқдорини доимий равишда таъминлаш;
  • таълим жараёнини таъминлаш учун мўлжалланган бино ва иншоотларнинг майдони камида 5 000 кв.м бўлиши керак;
  • олий таълим муассасаси ташкил этилган кундан бошлаб дастлабки 5 йил давомида йиллик соф фойданинг камида 80 фоизини ва кейинги йилларда камида 50 фоизини ўқув юртининг асосий фаолият турларини ривожлантиришга йўналтириш.

 

2025 йил 1 августдан бошлаб нодавлат олий таълим муассасалари шахсларни ўқишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқни Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг Таълимни бошқаришнинг ягона ахборот тизими (НEMIS)да янги ўқув йилининг 1 октябридан кечиктирмаган ҳолда рўйхатдан ўтказади.

 

Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 2025 йил 5 майдаги «Таълим сифатини таъминлаш ва таълим хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-76-сон Фармонига мувофиқ 2025 йил 1 июлдан бошлаб янги ташкил этилаётган таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш икки босқичда амалга оширилади:

  • биринчи босқичда ўрта махсус, касбий, олий ва олий таълимдан кейинги таълим муассасалари ўз фаолиятини бошлаш учун лицензияланади;
  • иккинчи босқичда таълим дастурларининг махсус давлат аккредитацияси ўтказилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 04.10.2025 йилдан кучга киради.

 

Лола Абдуазимова