Марказий банк Бошқарувининг қарори билан (07.07.2025 й. АВ рўйхат рақами 3646-сон) Кредит ахбороти алмашинуви тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Ҳужжат "Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида"ги ва "Кредит ахбороти алмашинуви тартиби тўғрисида"ги (янги таҳрири) қонунларга мувофиқ ишлаб чиқилган.
Низом қуйидаги тартибларни белгилайди:
- кредит тарихи бюролари, кредит ахборотини етказиб берувчилар, кредит ахборотини тақдим этувчи органлар ва ташкилотлар ҳамда кредит ахборотидан фойдаланувчилар ўртасида кредит ахборотини алмашиш;
- микромолиялаштириш фаолиятини амалга оширувчи банклар, нобанк кредит ташкилотлари ва тўлов ташкилотлари томонидан Кредит ахборотининг давлат реестрига кредит ахборотини тақдим этиш.
04.03.2025 йилдаги ЎРҚ-1043-сон қонунга мувофиқ "Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида"ги Қонунга жисмоний шахсларнинг улар билан кредит битимлари тузишга доир тақиқни белгилаш ва бекор қилиш ҳуқуқларини, уларни Кредит битимини тузиши тақиқланган шахслар реестрига киритиш тартиби ва шартларини, шунингдек белгиланган тақиқни бузган ҳолда кредит битимини тузганлик учун кредит ахборотидан фойдаланувчиларнинг жавобгарлигини белгилашни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Кредит тарихи қуйидаги маълумотларни ўз ичига олади:
- кредит ахбороти субъектини идентификациялаш учун зарур бўлган;
- кредит ахбороти субъектининг кредит битимлари, шунингдек уларнинг ижро этилиши ҳолати тўғрисида;
- кредит ахбороти субъектининг фуқаролик-ҳуқуқий шартнома бўйича пул суммасини тўлаш мажбуриятлари тўғрисида;
- жисмоний шахс билан кредит битимини тузишни тақиқлаш ёки бундай тақиқни бекор қилиш тўғрисида ариза берилган сана ва вақт, тақиқ ўрнатилган ёки бекор қилинган сана ва тақиқ шартлари тўғрисида;
- кредит тарихи шакллантирилган сана, шунингдек кредит тарихини шакллантирган кредит бюроси тўғрисида.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 08.07.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова