Президентнинг 10.07.2025 йилдаги "Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида"ги ПҚ-222-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан:
- Маданият вазирлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ёзувчилар уюшмаси, Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ишлаб чиқилган "Ватан учун, миллат учун, халқ учун!" деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган байрам тадбирларининг ғоявий-бадиий концепцияси маъқулланди.
- Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 34 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича Республика комиссиясининг таркиби тасдиқланди.
Байрам тадбирларини амалга оширишда қуйидаги устувор йўналишларга алоҳида эътибор қаратилади:
- саккиз йил олдин бошланган Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар туфайли жамиятимизнинг ижтимоий-сиёсий манзараси тубдан ўзгарди;
- мамлакат иқтисодиётининг жадал ўсиши натижасида тарихда биринчи марта қисқа муддатда ялпи ички маҳсулот ҳажмининг 110 миллиард доллардан ошишига эришиш, "яшил" ва инновацион иқтисодиётга ўтиш бўйича улкан дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш, муқобил энергия манбаларини яратиш;
- Ўзбекистоннинг янгиланган Конституцияга мувофиқ инсон шаъни, қадр-қиммати, ҳуқуқ ва манфаатлари ҳамма нарсадан устун бўлган ижтимоий давлат сифатида қарор топиши, аҳоли бандлигини таъминлашда салмоқли ижобий натижаларга эришиши;
- шаҳар ва қишлоқларни жадал суръатлар билан ободонлаштириш;
- тинчлик, ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини таъминлаш;
- "Армия ва халқ - бир тану бир жондир!" тамойили асосида Қуролли Кучларнинг жанговар салоҳиятини ошириш ишларини амалга ошириш ва бошқалар.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 11.07.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова