10.07.2025 йилдаги ЎРҚ-1074-сон "Ўзбекистон Республикаси фуқароларини, чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатга олиш тўғрисида"ги Қонун қабул қилинди. Қонун уч ойдан кейин кучга киради.
Амалдаги Қонунга кўра, 12 тоифадаги фуқаролар: уй-жой мулкдорлари, қариндошлар, васийликка олинганлар ва оилага тарбияга олинган болалар, ота-онаси бўлмаган вояга етмаган туғишган ака-укалар ва опа-сингиллар, парламент, президент, Вазирлар Маҳкамаси томонидан ёки президент билан келишилган ҳолда лавозимга сайланган, тайинланган, тасдиқланган фуқаролар, шунингдек уларнинг оила аъзолари ва бошқалар Тошкент шаҳрида доимий рўйхатга олиниши керак.
Янги қонун билан ушбу рўйхат бекор қилинмоқда, энди ҳар қандай фуқаро доимий рўйхатдан ўтиши мумкин.
Фуқароларни турган жойи бўйича рўйхатга олишда хабардор қилиш тартиби жорий этилади. Қонунга кўра, турар жой мулкдори ёки уни тасарруф этиш ҳуқуқига эга бўлган, яшаш учун уй-жой майдони берадиган шахс бу шахсларни ўз вақтида яшаш ёки турган жойи бўйича рўйхатга қўйиши шарт.
Ўзбекистон фуқароларини яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш:
- ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларида;
- давлат хизматлари марказларида;
- Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали.
Яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтишда уй-жой майдонининг ижтимоий нормасига риоя қилиш керак. Рўйхатдан ўтказишни расмийлаштириш учун фуқаро шахсан мурожаат этганда қуйидагиларни тақдим этиши шарт:
- уй-жой мулкдорининг уй-жой майдони бериш тўғрисидаги аризаси (розилиги) ёки, агар мулкдор шахсан ҳозир бўлиши мумкин бўлмаса, нотариал тасдиқланган розилиги;
- мулкдорнинг паспорти ёки ИД-картаси, шунингдек, ўз паспорти ёки ИД-картаси.
Вақтинча келган фуқаролар рўйхатдан ўтишлари мумкин:
- ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларида шахсан мурожаат қилганда;
- ИИБ таянч пунктлари ва маҳалла ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида;
- давлат хизматлари марказларида;
- Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки "E-xabar berish" тизими орқали - хабардор қилиш тартибида;
- "E-Mehmon" тизими орқали - хабардор қилиш тартибида - меҳмонхоналарда яшаганда ёки тиббиёт муассасаларида бўлганда.
Хорижда доимий яшовчи Ўзбекистон фуқаролари мамлакатга кирган кундан бошлаб 10 иш кунидан кечиктирмай Ўзбекистонда яшаш ёки бўлиш жойи бўйича рўйхатдан ўтишлари шарт.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 12.10.2025 йилдан кучга киради.
Лола Абдуазимова.