Вазирлар Маҳкамасининг 22.07.2025 йилдаги 457-сон қарори билан Ер қаъридан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган жисмоний шахсларни пул мукофоти билан рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Ҳужжат Президентнинг 24.05.2024 йилдаги "Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги Тоғ-кон саноати ва геология соҳасида назорат қилиш инспекцияси фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-187-сон қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган.
2025 йил 1 августдан бошлаб "Геомониторинг" ахборот тизими орқали ер қаъридан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳолатлари қайд этилган фото ва видео материаллар кўриб чиқилади ҳамда уларни тақдим этган шахсларга пул мукофоти тўланади.
Бунда видеотехника воситаларидан фойдаланган ҳолда қайд этилган жиноят ҳақидаги фото ва видео материалларда қуйидагилар аниқ акс эттирилиши лозим:
- содир этилган ҳуқуқбузарлик;
- ҳуқуқбузарлик содир этган шахс тўғрисидаги маълумотлар (мавжуд бўлганда);
- манзили, санаси ва вақти.
15 иш куни ичида материаллар масъул инспектор томонидан кўриб чиқилиши, қоидабузарлик ҳолатлари бўйича ўрганишлар ўтказилиши, фото ва видеоматериаллар қоидабузарнинг шахсини аниқлаш учун ИИВга юборилиши лозим.
Ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги фото ва видео материалларни юборган шахсларга қуйидагилар тўланади:
- кенг очиқ майдонда фойдали қазилмаларни ноқонуний қазиб олганлик ёки ташиганлик учун - ҳуқуқбузардан ундирилган маблағлардан БҲМнинг 1 баравари миқдорида;
- Фойдали қазилмаларни (шу жумладан чучук, минерал, термал ва саноат ер ости сувларини) қазиб олиш, минерал хомашёни қайта ишлаш соҳасидаги бошқа ҳуқуқбузарликлар учун –ҳуқуқбузардан ундирилган жарима суммасининг 5 фоизи.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 23.07.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова